Қозоғистон Украинани огоҳлантирди, акс ҳолда нима бўлишини айтди, Россия ҳозирча жим...

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Украина ҳам жим турмади, ўзининг жавобини айтди. Қозоғистон Украина билан урушаётган Россияга чегарадош ягона Марказий Осиё давлатидир. Икковлон ўртасидаги қуруқлик оша чегара дунёдаги энг узуни бўлади.
Нима гап?
Ushbu voqea xalqaro huquq bilan himoyalangan fuqarolik obyektiga nisbatan uchinchi tajovuzkor harakat bo‘ldi.
Қозоғистон Новороссийск яқинидаги Каспий қувурлари консорциуми терминалига қилинган ҳужум юзасидан Украинага расман ва ошкора ўзининг норозилигини билдирди.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда баёнот билан чиқди.
Вазирлик ўзининг баёнотида бунга ўхшаш ҳодисалар Қозоғистон ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларга путур етказишини ҳам таъкидлаган.
Қозоғистон томонига кўра, "ушбу воқеа халқаро ҳуқуқ билан ҳимояланган фуқаролик объектига нисбатан учинчи тажовузкор ҳаракат бўлган".
Расмий Остона, "Украина тарафи бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун аниқ чоралар кўриши"га умид ҳам билдирган.
Маълум бўлишича, воқеа шу йилнинг 29 ноябр куни юз берган.
Украина томони Қозоғистоннинг норозилик баёнотини бежавоб қолдирмаган, аммо уни рад этган.
Расмий Киев, "Украина Қозоғистонга қарши ҳеч қандай душманона ҳаракатлар қилмаяпти", - дея баёнот берган.
"Украина томонининг ҳеч қандай ҳаракати Қозоғистон ёки бошқа учинчи бир томонларга қаратилган эмаслиги"ни таъкидлаган.
"Украина Россия ҳужумларига жавобан зарба бериши, ўзларининг барча саъй-ҳаракатлари БМТ Низомининг 51-моддасида кафолатланган ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқининг бир қисми сифатида Россиянинг кенг кўламли тажовузкорлигини қайтаришга қаратилган"лигини баён қилган.
Барча томонларни Россияни "ўз давлатлари ва халқларига қарши жиноий урушини имкон қадар тезроқ тугатишга ундаш" учун ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга ҳам чақирган.
Расмий Киевнинг бу жавобига ҳозирча расмий Остонанинг муносабати маълум эмас.
Қозоғистон ва Украина

Сурат манбаси, EPA
Марказий Осиё давлатларининг ҳеч бири шу пайтгача Россия Украинага очган урушни на-да ошкора қўллаган ва на-да қоралаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинага оид халқаро резолюцияларида ҳам бетарафликларича қолишаётир.
Қозоғистон ўзининг Украина уруши борасидаги илк расмий баёнотини 2022 йилнинг мартида, Россия ўзининг "махсус ҳарбий амалиёти"ни бошлашидан ой ўтиб берган.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўшанда Россия ва Украинани "музокаралар орқали тил топишиш"га чақирган, "ёмон тинчлик яхши жанжалдан афзал" эканини айтган.
Расмий Остона орада Украина масаласида Қозоғистоннинг позицияси "аниқ" экани, бу "БМТ Низоми асосида барча давлатлар, шу жумладан, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш заруратидан иборат" эканини айтган.
Қозоғистон Украина можаросининг тез орада тугатилишидан чин дилдан манфаатдор экани ва зарур бўлса, бунда ўз ролини ўйнашга ҳам тайёр эканлигини таъкидлаган.
Расмий Остона, "зиддиятларни ҳарбий йўл билан ҳал қилиш қатъий ечим эмаслигини айтишдан ҳам тортинмаслиги"ни расман ва ошкора баён қилган.
Қозоғистон "кўпқутбли ташқи сиёсати туфайли дунёнинг ҳеч бир давлати билан ёмон муносабатларга эга бўлмаган тинчликсевар давлат" эканини айтади.
Орада Ғарбнинг Украина уруши боис Россияга қўллаб келаётган халқаро санкциялари талабларини бажаришга ҳам ваъда берган.
Расман тақиқланган 2023 йилга қадар қозоғистонликлар Россиянинг Украинадаги урушига вақти-вақти билан ўз норозиликларини билдириб келишган.
Урушга қарши намойишларга чиқишган, фаоллар эса, Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида бир неча бор тинч митинглар ҳам уюштиришган.
Бу каби ҳолат Украина уруши манзарасида қолган аксарият минтақа давлатларида кузатилмагани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.
Қозоғистон уруш ичидаги Украинага инсонпарварлик ёрдами ҳам юбориб келади.
Ҳужум оқибати

Сурат манбаси, Reuters
Расмий Остона ўзининг баёнотида, "Қозоғистон барқарор ва узлуксиз энергия таъминотини таъминлашга алоҳида аҳамият бериши"ни таъкидлаган.
"Каспий қувурлари консорциуми глобал энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутиши"ни ҳам қўшимча қилган.
Қозоғистон Энергетики вазирлигининг расман билдиришича, ҳужум натижасида Каспий Қувурлари консорциуми причалларидан бирига жиддий зиён етган.
Вазирликка кўра, қурилма тўлиқ таъмирлаш ва тиклаш ишлари тугагунга қадар тўлиқ ишдан чиққан.
Маълум қилинишича, "салбий оқибатларни минималлаштириш ва йирик конларда ишлаб чиқариш суръатларини сақлаб қолиш учун вазирлик зудлик билан нефт экспорти ҳажмини муқобил йўналишларга йўналтириш режасини фаоллаштирган".
Вазият Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг алоҳида назорати остида.
Reutersнинг ёзишича, Қозоғистон нефт хом ашёси экспортининг 80 фоизи худди шу консорциум ҳисобига тўғри келади.
Қозоғистондан ташқари, Россия ва АҚШ ҳам унинг ҳиссадорлари саналишади, дейди агентлик.
Reutersнинг кеча, 30 ноябр кунги хабарига таянилса, жаҳон нефтининг 1 фоизини ташувчи консорциум экспортни тўхтатади.
Янгилик Россия нашрларида ҳам кенг ва узлуксиз ёритилган.
"Коммерсант" нашри ёзишича, ҳужум натижасида ҳеч кимга зиён етмаган, Қора денгизга нефт тушмаган.
Украина Қора денгизда ҳам Россиянинг "соя флоти"га тегишли иккита танкерига зарба берган, бунга Туркия ўзининг норозилигини билдирганди.
Киев, Европа, Америка, энди эса Москва... - АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина урушига чек қўйишга қаратилган "тинчлик режаси" муҳокамаси эса ҳануз давом этмоқда.
Кремлнинг маълум қилишича, эртага, сешанба куни АҚШ Президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Путин билан учрашади.
Новороссийск яқинидаги Каспий қувурлари консорциуми терминалига қилинган ҳужум, бунга Қозоғистоннинг норозилиги, расмий Киевнинг рад қилувчи жавоби билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожига Москва ва Вашингтоннинг муносабати мақола ёзилган ва чоп қилинган соатларда имконсиз эди.












