Ўзбекистон: Қишда ҳам кўчада ишлайдиган инсонлар - уларнинг ҳаёти қандай ўтяпти?

Аравакаш отахон.
Сурат тагсўзи, Ёз иссиғида ҳам, қиш совуғида ҳам бозорларда аравакашлик қилиб пул топадиган кексалар оз эмас.
    • Author, Асадбек Комилов
    • Role, Журналист, Тошкент
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Шаҳар кўчаларида ҳар куни ёнимиздан ўтиб кетадиган, аммо тўхтаб бир зум кузатишга улгурмайдиган одамлар бор. Қишда ҳам, ёзнинг жазирамасида ҳам кўчада ризқини тераётганлар талайгина. Кимдир кунора ишга чиқса, бошқа биров бу ҳунари билан йиллар давомида шуғулланиб келяпти.

Бу фотомақола кўча меҳнаткашларининг кундалик ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Суратлар орқали уларнинг одатий кўринган, аммо катта меҳнат ва сабр талаб қиладиган ишига назар ташлаймиз.

Кийим сотаётган онахон.
Сурат тагсўзи, Қатор қариялар кўчада бирон нарса сотиб, пенсиясига қўшимча даромад топишга интилишади.

Акром ота

Аравакаш отахон.
Сурат тагсўзи, 76 ёшли Акром ота шу ёшга кириб ҳам меҳнат қилишдан чарчамаслигини айтар экан, аравакашлик ортидан икки марта Умра зиёратига борганидан мамнун.
Хоним сотаётган аёл.
Сурат тагсўзи, Мамлакат бўйлаб минглаб одамлар бозорларда турли нарсалар сотиб, оила тебратишади.

Чорсуда 24 йилдан бери арава тортиб, тирикчилик қилаётган 76 ёшли Акром ота мен суҳбатга тортган ана шундай кишилардан бири. Шу ёшга кириб ҳам меҳнат қилишдан чарчамаслигини айтар экан, у аравакашлик ортидан икки марта Умра зиёратига борганидан мамнун.

"Тоза, ҳалол ишлашни маъқул кўраман, топаётган пулимга нон, ширинликлар олиб, фарзандларимдан етим қолган 5 нафар невараларимга олиб бораман. Кунига эллик минг, гоҳида етмиш минг сўм топаман. Уйда ўтиролмайман, бекорчилик ёқмайди, ишлагим келаверади", дейди қаварган қўллари билан аравасини ушлаб.

Aravakash Akrom ota.
BBC
Toza, halol ishlashni ma’qul ko‘raman, topayotgan pulimga non, shirinliklar olib, farzandlarimdan yetim qolgan 5 nafar nevaralarimga olib boraman...
76 yoshli Akrom ota
Aravakash, Toshkent (batafsil: bbc.com/uzbek da).

У бозор раҳбариятига арава учун кунлик тўлов қилиб, шундан ортганига уйига озиқ-овқат олади, арава тортишга ҳар куни эрталаб автобусда йўл босиб келади. Ёғингарчилик бўлса, ишга чиқмаслигини, сабаби қор ёки ёмғир ёғган пайти оёғи оғриши ёки ер музласа, йиқилиб тушишидан қўрқишини айтади у.

"Ҳамиша соғ бўлай дейман. Сабаби оиламни ўзим боқаман. Пенсиям 660 минг сўм, аравадан тушган пуллар билан бир амаллайманда болам!" дейди у.

Арава тортаётганлар кўп. Аммо харидорлар унчалик кўп бўлмагани боис, юкини аравага ортадиганлар анча кам. Тошкентга Қорақалпоғистондан келиб, ёлғиз ўзи ижарада туриб, арава тортаётган навбатдаги суҳбатдошимиз 66 ёшли Жумабой ота эса кунига зўрға етмиш минг сўм топишини, аммо унинг ярмини арава ижарасига беришини айтади.

Қизларини турмушга бергач, ўғил фарзанди йўқлиги боис, коммунал тўловларга ёрдам бўлиши учун икки йилдан буён арава тортаётганини айтади у. Йиллар давомида меҳнат билан чиниққани туфайли, бундай ишлар унга қийинчилик туғдирмаслигини таъкидлайди.

"Кунлик топган пулимнинг ярмини аравадан фойдаланганим учун тўлайман", дейди аравасига ўтирганча.

Китоб сотувчи Гулнора опа

Китоб сотувчи онахон.
Сурат тагсўзи, Чорсудаги бозорда эски китоблар сотадиган 75 ёшли онахоннинг айтишича, китоб савдосидан умуман фойда қолмайди, аммо фақат яхшилик қолади.

Чорсудаги бозорда эски китоблар сотадиган 75 ёшли онахоннинг иши ҳам кун давомида ташқарида ўтади. Эрталаб келади ва кун ботгунча шу ерда ўтириб китоб ўқийди.

Сотувга қўйилган китоблар орасида энг машҳур асарлар ҳам ўрин олган. Оддий, атрофлари китоб билан ўралган ёйма кутубхонадан Тоҳир Маликнинг "Шайтанат" қиссаси, Одил Ёқубовнинг "Диёнат" романидан тортиб, рус адабиёти вакиллари Пушкин, Иван Тургеневнинг асарларини ҳам топа оласиз. Ҳаттоки, чоп этилганига ўттиз йилдан ошган асарлар ҳам бор. Шунингдек, у ерда ҳар хил соҳа ва фанларга оид китобларни ҳам учратиш мумкин.

У китобларга қиммат нарх қўймаган бўлса ҳам, бозори чаққон эмас. Энг нодир асар ҳам ўн минг сўм. Кунига топгани эллик мингдан сўмдан ошмас экан. Келганлар ҳам китобларни ўқиб, уларни яна қайтариб бериб кетади. Гарчи шундай экан, у бундан мамнун.

"Одамлар китоб ўқиса, шуни ўзи фойда", дейди у.

Kitob sotuvchi ayol
BBC
Farzandlarim yo‘q. Moddiy sharoitim issiq va shinam joyni ijaraga olishga yetmaydi...
75 yoshli onaxon
Kitob sotuvchi, Toshkent (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Ундан бу ёшда ҳам совуқда ўтириб китоб сотиш қийинмасми, дея сўралганда, оёғига зах ўтмаслиги учун қўйган тахтани кўрсатиб, бирор бинони ижарага олишга қурби етмаслиги, ижара нархлари қиммат эканини айтди. Бунинг устига бозорда ўтирган жойи учун ҳам ижара тўлайди.

"Фарзандларим йўқ. Моддий шароитим иссиқ ва шинам жойни ижарага олишга етмайди", дейди сотувчи.

Унинг айтишича, китоб савдосидан умуман фойда қолмайди, аммо фақат яхшилик қолади.

Китоблар расталарнинг чеккасида жойлашган. Ёғингарчилик бўлганда, ёмғир ёки қор уларни ивитиб юбориши мумкин.

Ободонлаштириш ходимлари.
Сурат тагсўзи, Ободонлаштириш ходимлари шароит қандай бўлмасин, деярли ҳар куни кўчага ишга чиқишлари керак.
Ободонлаштириш ходимлари.
Сурат тагсўзи, Кўчаларни тоза тутиш учун иссиқ-совуқда ҳам тинмай меҳнат қиладиган ободонлаштириш ишчилари маошлари анча кам.

Анвар новвой

Анвар новвой.
Сурат тагсўзи, "Ҳозир ёшмиз, унчалик билинмайди, агар вақт ўтиб оғриб қолмасам, ҳаммаси яхши. Лекин онда-сонда буйрагим безовта қилади", дейди новвой Анвар.

Кўпчилик иссиққина жойида ухлаб ётган пайтда, ярим тунда иш бошлайдиганлардан бири бу новвойлардир. Нон олиш учун борганимда Анвар исмли новвойнинг тандирга ўт ёқаётганини кўрдим.

"Тунги соат иккиларда уйғониб, шеригим билан ишни бошлаймиз. Хамир қорамиз, сўнг тандирни ёқиб, уни етарли даражада қиздирамиз. Ҳароратни яхши ушлаш керак. Бўлмаса нонимиз куйиб кетиши мумкин, ёки етарлича қизимаса яхши пишмай қолади", дейди Анвар ака.

У тандирнинг "тили"ни топиш жуда муҳимлигини айтади.

Новвойхона ҳарорати ниҳоятда иссиқ эди. Қишнинг совуғида бундай иссиқлик билинмаслиги мумкин. Аммо кун давомида тандирнинг ҳовурида ишлаш одам соғлиғига ёмон таъсир қилиши ҳам мумкин.

"Ҳозир ёшмиз, унчалик билинмайди, агар вақт ўтиб оғриб қолмасам, ҳаммаси яхши. Лекин онда-сонда буйрагим безовта қилади", дейди у.

Кунига салкам минг донага яқин нон ёпаркан. Донасини 3500 сўмдан пуллашаркан. Бир кунда уч қоп ун кетади, дейди у.

Ўзим ҳам ҳар куни шу жойдан нон харид қиламан.

Иссиқ ичимлик сотувчи Худойберди

Сув сотаётган йигит.
Сурат тагсўзи, Тошкент кўчаларидан бирида чой, кофе ва жўхори сотаётган Худойбердининг айтишича, йилнинг айнан қиш ойларида иши нисбатан юришади.

Совуқ кунлар бошланиши билан шаҳарнинг айрим кўчаларида иссиқ чой, қаҳва ва қайнатилган жўхори сотувчиларини кўриш мумкин. Совуқ ҳавода ташқарида юрган одамлар учун бундай ичимлик ва егуликларга талаб ошади. Тошкент кўчаларидан бирида чой, кофе ва жўхори сотаётган Худойбердининг айтишича, йилнинг айнан қиш ойларида иши нисбатан юришади.

"Қишда иссиқ чой ёки кофе ичиш учун тўхтаб ўтадиганлар кўп бўлади. Иссиқ кунлар келиши билан ишимиз тугайди", дейди у.

Турган жойига ижара пулини тўлаш ва фойда қолиши учун ҳар куни эрталабдан ярим кечгача кўчада ишларкан. Асосан ишга шошилаётганлар, жамоат транспортини кутаётганлар ёки кечки пайт уйига қайтаётганлар унинг доимий мижозлари ҳисобланади.

"Қалин кийиниб олмасак, кун бўйи совуқда туриб бетоб бўлиб қолишимиз мумкин. Касаллансам, бир-икки кунлик ишим чиппакка чиқади" дейди мижозларга лимонли чой тайёрларётиб.

Темирйўлчиларнинг иши қандай?

Темирйўлчилар.
Сурат тагсўзи, Темирйўлчи муҳандис ва усталар ҳам поездлар хавфсизлиги ҳамда мунтазам қатновларни таъминлаш учун йил бўйи ташқарида ишлашади.

Темирйўл устига қурилган кўприкдан ўтар эканман, узоқдан темирйўл релсини таъмирлаётганларга кўзим тушди. Релслар оралаб юриб, улар ёнига бордим.

Темирйўлчилар Илҳом ва Яшнар аканинг айтишича, қишда ҳаво ҳарорати паст бўлишига қарамай, техник хизмат тўхтамайди. Релслар, стрелкалар ва механизмлар доимий назоратда бўлиши шарт. Акс ҳолда, майда носозлик ҳам катта хавфга айланиши мумкин.

Совуқда бир неча соатлик ишдан кейин қўллар увишиб, бармоқларни букиш қийинлашиши ҳеч гап эмас.

"Энг қийини – совуқда темир билан ишлаш. Рўзғор тебратиш осон эмас. Бола-чақам деб юрибмиз", дейди темирйўлчилардан бири.

Уларнинг айтишича, металл совуқда янада "қаттиқ" бўлади: асбоблар билан ишлаш оғирлашади, эҳтиёт чораларига икки баравар эътибор керак.

Шунга қарамай, иш режа асосида бажарилиши шарт. Қор ёғса ҳам, муз тушса ҳам, релслар очиқ ва соз ҳолатда туриши керак.

Улар учун энг муҳим нарса – масъулият.

Чунки уларнинг қилган иши юзлаб, минглаб одамларнинг хавфсизлигига бевосита таъсир қилади.

Биргина бўшашган мурват ёки вақтида тозаланмаган стрелка жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Косиб Мирзаакбар

Косиб йигит иш устида.
Сурат тагсўзи, Касби ўзига ёқишини айтаркан, ҳаракатда барака кўп эканини урғулайди, Мирзаакбар.

Одамлар гавжум бўладиган Чилонзор метро бекати атрофида ака-ука косиблар аҳоли хизматида. Этикдўз Мирзаакбар ака йигирма йилдан ортиқ шу иш билан шуғулланади. Қўшимча даромад бўлсин деб калит ҳам ясайди.

Ёғингарчилик мавсумида сув ўтмаслиги ва совуқ урмаслиги учун целлофан билан қўлбола усулда ўраб олинган устахона жуда кичкина, бу ерда пойабзаллар тикилади ва таъмирланади.

Елимдан кўп фойдаланилгани учун иш бошланганидан бир неча соат ўтиб устахонани елим ҳиди тутиб кетади. Шу боис косиб жойидан ташқарига тоза ҳаво учун чиқади.

Унинг айтишича, косибларнинг ҳам иши асосан қишда, совуқ кунларда, ёғингарчилик бошланганда қизийди.

Унинг устахонасидан сал нарироқда акаси ҳам ишлайди. У ҳам ота касбни танлаган.

Овқат етказиш хизматида

Курер Жўшқин иш устида, телефонига келган буюртмани текшираётган пайт.
Сурат тагсўзи, "Чарчоқ бўлади, лекин ўқишни ташлаб қўймаслик учун ҳаракат қиляпман", дейди телефонига келиб тушган навбатдаги буюртмани қабул қилиб Жўшқин.

Охирги пайтларда курерлик қилаётганларга кўп кўзимиз тушади. Улардан аксари талаба ёшлар. BBC билан суҳбатда бўлган Жўшқин исмли йигит ҳам ана шундай талабалардан бири.

"1-босқичда контрактда ўқийман. Ота-онамдан ортиқча пул сўрашни хоҳламайман", дейди у.

У ижарада яшайди. Кунига 150 минг сўмгача ишлаб топади.

Talaba Jo'shqin
BBC
1-bosqichda kontraktda o‘qiyman. Ota-onamdan ortiqcha pul so‘rashni xohlamayman...
Jo‘shqin
Kurerlik qilayotgan talaba yigit, Toshkent (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Топган пулини асосан озиқ-овқат, кундалик харажатлар ва кийим-кечак учун сарфлайди.

Айтишича, баъзан ишнинг қийинчилиги сезилади, бироқ бошқа танлов йўқ.

У дарс ва ишни бирга олиб боришга ҳаракат қилади.

"Чарчоқ бўлади, лекин ўқишни ташлаб қўймаслик учун ҳаракат қиляпман", дейди телефонига келиб тушган навбатдаги буюртмани қабул қилиб Жўшқин.