Ҳиндистонлик мусулмон: "Бангладешга мажбуран чиқариб юборишди"

Сурат манбаси, Pritam Roy/BBC
- Author, Арунодай Мукаржи
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Ҳиндистоннинг Ассам штатидаги Барпета туманида яшовчи 58 ёшли Шона Бану айтишича, 25 май куни уни маҳаллий полицияга чақиришган. Кейин уни қўшни Бангладеш чегарасигача олиб боришган. У ерда, тахминан 13 нафар бошқа одам билан бирга, мажбуран Бангладешга ўтказиб юборишган.
Нега бундай бўлганини унга ҳеч ким тушунтирмаган. Ана шу унинг энг катта қўрқуви эди – Бану хоним бутун умри Ассамда ўтганини айтади, аммо сўнгги йилларда у ўзини Ҳиндистон фуқароси эканини исботлаш учун роса овора бўлган – уни "ноқонуний бангладешлик муҳожир" деб гумон қилишаётганди.
"Улар менга қурол билан таҳдид қилишди. Икки кун овқатсиз, сувсиз, тиззагача сувда, чивин ва зулуклар орасида қолдим," дейди Бану хоним кўз ёшларини артиб.
Унинг айтишича, икки кун "ҳеч кимники бўлмаган ер"да – Ҳиндистон ва Бангладеш орасидаги нейтрал ҳудудда қолганидан кейин, уни Бангладеш томонда жойлашган эски қамоқхонага ўхшаш жойга олиб кетишган.
У ерда ҳам икки кун қолганидан сўнг, Бангладеш расмийси уни ва яна бир неча кишини Ҳиндистон чегарасига қайтариб олиб борган. У ерда ҳинд расмийси кутиб олиб, уларни уйига жўнатган.
Бану нега чиқариб юборилиб, кейин яна қайтарилганини ўзи ҳам тушунмайди. Аммо у билан бирга яна бир неча одамга шундай муомала қилинган. Сўнгги пайтларда Ассамда илгари чет эллик деб топилган одамларга қарши қаттиқ назорат бошланган – уларни "ноқонуний бангладешлик" деб, чегарага олиб бориб, шунчаки ўтказиб юборишмоқда.
Би-би-си камида олти оиланинг яқинлари шундай ҳолатда олиб кетилганини аниқлади – уларнинг барчаси мусулмонлар. Баъзилари ҳали ҳам Бангладешда қолаётган бўлиши мумкин.

Сурат манбаси, Alahi Shahriar Nazim/BBC
Ҳиндистон расмийлари бу борада ҳеч қандай изоҳ бермади.
Ҳиндистон ва Бангладеш ўртасида 4,000 км дан ортиқ чегара бор, ва у жойларда назорат кучли бўлса-да, айрим қисмлари орқали ўтиш нисбатан осон. Шунинг учун бу йўналишда ноқонуний ўтишлар бўлиб туради. Лекин ҳеч қандай суд ёки расмий жараёнсиз одамларни уйидан олиб чиқиб, бошқа давлатга мажбуран чиқариб юбориш жуда кам учрайдиган ҳолат.
Расмийлар бу сафар нечта одам чиқарилганини айтмаган. Лекин Бангладешдаги манбаларга кўра, май ойининг ўзида 1,200 дан ортиқ одам Ҳиндистон томонидан ноқонуний равишда ўтказилган. Уларнинг 100 нафари аслида Ҳиндистон фуқароси экан, шунинг учун Бангладеш уларни қайтариб юборган.
Бангладеш эса бу ҳолатлар олдини олиш учун чегарадаги назоратни кучайтирганини билдирган. Ҳиндистон эса бу ҳақда ҳануз сукут сақламоқда.
Сўнгги рейдларда фақат Ассамдагилар эмас, балки бошқа штатларда яшаётган роҳинжа мусулмонлари ҳам нишонга олинган. Аммо энг кескин ҳолатлар айнан Ассамда бўлмоқда. Бу ерда фуқаролик ва миллийлик масалалари доим сиёсат марказида бўлган.
Ular menga qurol bilan tahdid qilishdi. Ikki kun ovqatsiz, suvsiz, tizzagacha suvda, chivin va zuluklar orasida qoldim.
Ассамнинг Бангладешдан келган муҳожирлар билан тарихи узун. Кимдир урушдан, кимдир иш қидириб келган. Аммо бу миграция жараёнлари маҳаллий аҳолида хавотир уйғотган – аҳоли сони ортиб, иш ўринлари камайиб кетади деган қўрқув бор.
Ҳозир ҳокимиятда бўлган Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) эса бу масалани бутунлай ҳал қилишни ваъда қилиб келади. Шунинг учун улар Миллий Фуқаролар Рўйхатини (NRC) асосий сиёсий устуворликка айлантиришган.
Ушбу рўйхатга 1971 йил 24 мартгача – Бангладеш ўзини Ҳиндистондан мустақил деб эълон қилгунга қадар Ассамга келганини исботлай олганлар киритилади. 2019 йилда рўйхатнинг якуний шакли эълон қилинди ва деярли 2 миллион одам ундан тушиб қолган. Уларнинг баъзилари қамоқ лагерларига тушди, бошқалари судларга мурожаат қилишди.

Сурат манбаси, Alahi Shahriar Nazim/BBC
Бану хоним ҳам шундайлар сафида. Унинг айтишича, иши ҳали Олий судда кўриб чиқилмоқда, лекин шунга қарамай, уни чиқиб кетишга мажбур қилишган.
Би-би-сига шунга ўхшаган яна камида олти кишининг ҳикоясини айтиб беришди – барчаси мусулмон, барчасининг оилалари Ҳиндистонда авлодлар давомида яшаб келган, керакли ҳужжатлари бўлган. Аммо барибир улар ҳам олиб кетилган. Улардан тўрттаси ҳозир уйига қайтган, аммо нима учун бундай бўлгани ҳали ҳануз тушунарсиз.
32 миллионлик Ассам аҳолисининг учдан бир қисмини мусулмонлар ташкил қилади. Уларнинг кўпчилиги эса Британия мустамлакаси даврида бу ерларга кўчиб келганларнинг авлодларидир.
67 ёшли аёл Малика Хотун Ассамнинг Барпета туманидан бўлган, ҳозир Бангладешда, маҳаллий бир оила вақтинчалик бошпана берибди.
"Бу ерда мен ёлғизман," дейди у кўзлари ёшга тўлиб. Оиласи у билан алоқа ўрнатган, лекин уни қачон ва қандай қилиб уйга қайтариш мумкинлигини ҳали билишмайди. У хорижлик деб топилганлар судида (Foreigners Tribunal) ва штатнинг олий судида ютқазган, Ҳиндистон Олий судига эса шикоят қилмаган.
Бу воқеалар бошлангандан бир неча кун ўтиб, Ассам бош вазири Ҳиманта Бисва Шарма февраль ойида Олий суд чиқарган қарорни тилга олди – унда ҳукумат хорижлик деб топилган, қамоқда сақланаётган одамларга нисбатан депортацияни бошлаши кераклиги айтилган эди.
"Судга мурожаат қилмаган, лекин хорижлик деб топилганларни биз чиқариб юборяпмиз," деди Шарма. У, шунингдек, суди ҳали давом этаётганларга тегилмаётганини ҳам иддао қилди.
Аммо кўплаб фуқаролик ишлари бўйича ишлаётган адвокат Абдур Раззоқ Бҳуиян фикрича, сўнгги ҳолатларда суднинг белгиланган тартиб-қоидалари, айниқса, Ҳиндистон ва Бангладеш ўртасида мувофиқлаштирилиши кераклиги умуман инобатга олинмаган.
"Бу бўлаётган нарса – атай суд қарорини нотўғри талқин қилиш," дейди у.
Бҳуиян яқинда бир талабалар ташкилоти номидан Олий судга ариза топширди. Улар бу ҳолатни "одамларни зўравонлик билан, ноқонуний чиқариб юбориш сиёсати" деб аташди. Аммо суд аризани аввал Ассам олий судида кўриб чиқишни буюрди.

Сурат манбаси, Aamir Peerzada/BBC
Моригаон туманида, Барпетадан 167 км узоқликда, Рита Хонум стол ёнида ўтирибди. Стол устида ҳужжатлар ётибди.
Унинг эри, 51 ёшли мактаб ўқитувчиси Хайрул Ислом, айнан Шона Бану билан бирга олиб кетилган гуруҳда бўлган. 2016 йилда трибунал уни хорижлик деб топган ва у икки йилгача қамоқ марказида сақланган. Кейинроқ қўйиб юборилган. Унинг иши ҳам ҳозирда Олий судда кўриб чиқилмоқда.
"Мана ҳар бир ҳужжат – эрим ҳинд фуқароси экани исботи," дейди Рита Хонум, эрининг мактаб битирув гувоҳномаси ва ер ҳужжатларини кўрсатиб. "Лекин бу ҳам ҳукуматга етарли бўлмади."
Унинг айтишича, эрининг отаси ҳам, бобоси ҳам Ҳиндистонда туғилган.
Лекин 23 май куни полиция уларнинг уйига келиб, ҳеч қандай тушунтиришсиз Хайрул Исломни олиб кетган. Фақат бир неча кундан сўнг, бир бангладешлик журналист уни "ҳеч кимники бўлмаган ҳудуд"да интервью қилган видео интернетда тарқагач, оила уни қаерда эканини билган.
Худди Шона Бану сингари, Хайрул Ислом ҳам Ҳиндистонга қайтарилган.
Оиласи унинг қайтганини тасдиқлади, лекин полиция эса Би-би-сига "унинг келгани ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ" деди.
Санжима Бегум ишонч билан айтишича, отаси Абдул Латиф хорижлик деб бошқа одам билан адаштириб чиқарилган – у ҳам айнан ўша куни, Хайрул Ислом билан бирга олиб кетилган.
"Менинг отамнинг исми Абдул Латиф, бобомнинг исми эса Абдул Субҳон. Лекин трибуналдан чиққан билдиришномада «Абдул Латиф Шукур Али ўғли» деб ёзилган. Бу бизнинг бобомиз эмас, мен бу одамни умуман танимайман," дейди Санжима Бегум. У отасининг фуқаролигини исботловчи барча керакли ҳужжатлари борлигини айтади.
Уларнинг айтишича, Абдул Латиф ҳозирда Ассамга қайтган, лекин ҳали уйга етиб келмаган.
Баъзилари уйига қайтган бўлса-да, яна исталган вақтда олиб кетилишидан қўрқишяпти.
"Биз ўйинчоқ эмасмиз, – дейди Санжима Бегум. – Бу одамлар тирик жонлар – уларни хоҳлаганингдай улоқтириб бўлмайди."












