Янги ҳалокат ёки экологик тоза технология асли афсонами?

- Author, Ионе Уеллс
- Role, Ташқи мухбир, Чили
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Ракел Селина Родригес Чилининг Атакама туз текисликларида жойлашган Вега-де-Тилопосо ҳудудидан юриб ўтади.
Бу ҳудуд илгари ер ости булоқлари билан тўйинган ботқоқ ерлар эди. Аммо ҳозир у қуриб, қатқалоқ бўлиб кетган.
Родригес кўрсатаётган чуқурлар эса бир пайтлар мавжуд бўлган сув ҳавзаларининг ўрни.
"Илгари, Вега ям-яшил эди, – дейди у. – Ўтлар қалинлигидан ҳайвонларни кўрмас эдик. Ҳозир ҳаммаси қуриб битди, – деб яқинида ўтлаб юрган ламаларга ишора қилади.
Унинг оиласи бу ҳудудда неча авлоддан бери қўй боқиб келади.
Аммо иқлим ўзгариши ва ёмғир камайиши сабабли ўт ўсиши тобора қийинлашган.
Бундан ташқари, Родригес таъкидлашича, литий компаниялари сувни олиб кета бошлаганларидан бери вазият янада баттарлашган.
Атакама чўлидаги шўр ерлар остида дунёдаги энг йирик литий захиралари жойлашган.
Бу юмшоқ, кумушсимон металл – электромобиллар, ноутбуклар ва қуёш энергиясини сақловчи аккумуляторлар учун муҳим хомашё ҳисобланади.

Сурат манбаси, Ben Derico/BBC
Дунё барқарор энергия манбаларига ўтиш жараёнида экан, литийга бўлган талаб кескин ошиб бораяпти.
Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, 2021 йилда жаҳонда 95 000 тонна литий ишлатилган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 205 000 тоннага етган.
2040 йилда эса талаб 900 000 тоннагача ортиши кутилмоқда.
Бу ўсиш, асосан, электр транспорт воситалари учун аккумуляторлар ишлаб чиқаришга бўлган талаб билан боғлиқ.
Бироқ маҳаллий аҳоли айтишича, бу ривожланиш улар учун экологик тўловлар билан келмоқда.
Шу боис, савол туғилади: дунё углерод чиқиндиларини камайтиришга уринаётган бир пайтда, янги экологик муаммоларга йўл очмаяпмизми?
Қуриб бораётган табиат: ўсимликлар, фламинголар ва лагуналар
Чили – дунёдаги иккинчи йирик литий ишлаб чиқарувчи мамлакат (Австралиядан кейин).
2023 йилда ҳукумат "Миллий литий стратегияси"ни эълон қилди.
Унга кўра, саноат қисман давлат тасарруфига ўтказилиб, хусусий инвестициялар жалб этилаяпти.
Молия вазири маълум қилишича, ишлаб чиқариш 2030 йилгача 70% гача оширилиши мумкин.
Жорий йилда эса бу йўналишда муҳим қадам қўйилди: SQM ва давлат компанияси Codelco ҳамкорлигидаги қўшма лойиҳа камида йилига 2,5 миллион тонна литий металл эквиваленти олиш учун рухсатнома олди.
Унда ишлаб чиқаришни 2060 йилгача давом эттириш кўзланган.
Ҳукумат бу режаларни иқлим ўзгаришига қарши кураш ва давлат бюджети учун даромад манбаи сифатида кўрсатмоқда.

Сурат манбаси, Ben Derico/BBC
Бироқ мутахассислар айтишича, литий ишлаб чиқариш жараёни катта миқдорда сув талаб қилади – айниқса қурғоқчиликка мойил Атакама минтақасида.
Бу ерда компаниялар шўр ерлар остидаги минерал тузларни ер юзига чиқариб, қуёшда буғлатиб литий оладилар.

Сурат манбаси, Ben Derico/BBC
Фавиола Гонсалес – туб жой аҳоли вакили, биолог.
У Атакама чўли марказидаги Лос-Фламенкос миллий қўриқхонасида ишлайди.
Бу ҳудудда кенг шўрхок ерлар, ботқоқлар ва кўллар бор, 185 турдаги қушларга ватан.
У муҳитдаги ўзгаришларни кузатиб боради.
"Бу ердаги кўллар ҳозир кичрайган, – дейди у. – Фламинголарнинг кўпайиш кўрсаткичи пасайган».
Унинг айтишича, литий кончилиги бу сувларда яшовчи микроорганизмларга таъсир кўрсатмоқда, бутун озуқа занжирини зарарламоқда.
У 14 йил деганда илк бор фламинго жўжалари очиб чиққан нуқтани кўрсатади.
Буни у 2021 йилда сув олиш даражаси бироз камайгани билан боғлайди, аммо «бу фақат кичик бир ютуқ», дейди.
«Илгари жуда кўп эди. Ҳозир жуда кам».

Сурат манбаси, Lucas Aguayo Araos/Anadolu Agency via Getty Images
Анд тоғларидан келаётган минералга бой ер ости сувлари «жуда қадимий» ва ўрни жуда секин тўлади.
«Агар биз жуда кўп сувни олаётган бўлсак ва сув кам келаётган бўлса, демак, Салар де Атакамани тиклаш имкони камаймоқда», деб тушунтиради у.
Айрим ҳудудларда ўсимликларга зарар етгани ҳам қайд этилган. АҚШда жойлашган Табиий ресурсларни ҳимоя қилиш кенгаши (NRDC) 2022 йилда эълон қилган ҳисоботга кўра, Чилининг SQM компанияси фаолият олиб борадиган шўрхок ҳудудда маҳаллий "алгарробо" (ёки кароб) дарахтларининг қарийб учдан бир қисми 2013 йилга келиб кончилик таъсирида қурий бошлаган.
Аммо бундай ҳолатлар фақат Чилида эмас. 2022 йилда NRDC учун тайёрлаган ҳисоботида Калифорния штат политехника университети доценти Жеймс Ж. А. Блэр литий қазиб олиш «экологик чарчоқ» ҳолатларига сабаб бўлаётганини ва бу «ўсимликлар, ҳайвонлар ва инсонлар учун тоза ичимлик суви имкониятларини камайтириши мумкин»лигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, у бу каби таъсирларни тасдиқлайдиган аниқ далилларни топиш осон эмаслигини ҳам тан олган.
Зарарни камайтириш
Албатта, кончиликнинг атроф-муҳитга таъсири муқаррар. Германияда фаолият юритувчи сиёсатшунос профессор Карен Смит Штеген шундай дейди: «Салбий таъсирсиз кончиликни тасаввур этиб бўлмайди».
Муаммо кончилар бу зарарни камайтирадими ёки йўқ, ана шунда.
«Кон компаниялари аввалдан маҳаллий жамоаларни жараёнга жалб этиши керак эди», дейди у.
Масалан, литий қазиб олишдан аввал, ижтимоий таъсир таҳлиллари ўтказилиши лозим эди – бу текширувларда сув, табиат ва маҳаллий аҳолига бўладиган таъсир баҳоланади.

Сурат манбаси, Getty Images
Компаниялар бугун «жамоаларни эшитиш»ини айтмоқда. Чилида SQM етакчи компаниялардан бири саналади.
Антофагастадаги заводда SQMнинг Литий бўлими барқарор ривожланиш бўйича раҳбар ўринбосари Валентин Баррера компания жамоалар билан ҳамкорликда ишлаётгани, уларнинг хавотирларини тинглаётгани ва экологик таҳлиллар ўтказилаётганини айтди.
Унинг таъкидлашича, Чили ва дунё миқёсида «энергетик ўзгаришлар» учун янада кўпроқ литий керак.
Компания бугун янги технологияларни синаб кўрмоқда – бу усуллар шўр сувни парлатиш ҳавзаларисиз қайта ишлаш ва буғланган сувни қайтариб ерга сингдиришдан иборат.
«Мақсад ишлаб чиқаришни ошириш билан бирга шўр сув сарфини камида 50%га камайтириш», дейди Баррера. Унинг таъкидлашича, фақат Антофагастада «1 миллион куб метрдан ортиқ сув қайта тикланган». Бу технология 2031 йилдан кенг жорий этилиши режалаштирилган.

Сурат манбаси, Ben Derico/BBC
Бироқ маҳаллий аҳоли ишонмайди. «Атакама ҳавзаси тажриба майдонига айлантирилмоқда», дейди Фавиола.
Унинг фикрича, янги технологиялар шўр ерларга қандай таъсир қилиши номаълум. «Биз шунчаки лаборатория бўлиб қолаяпмиз», дея қўшимча қилади у.
Ракел билан бир жамоада яшовчи, чорвадор Сара Плаза эса анча ташвишда. У сув сатҳининг 2005 йиллардан пасайишини эслайди. «Лекин компаниялар сув олишни ҳеч тўхтатмади», дейди у.

Сурат манбаси, Ben Derico/BBC
Сара кўзида ёш билан гапиради:
"Бир кун келиб литий тугайди. Конлар ёпилади. Лекин сувсиз, деҳқончиликсиз одамлар қандай яшайди?
Мен кўрмасман, лекин болаларимиз, набираларимиз кўради.
Компаниялар бизга оз пул беради, лекин мен пулдан кўра табиат бағрида сув билан яшашни афзал биламан".
Сув танқислиги оқибати
«Сув етишмовчилиги туфайли ичимлик суви, электр таъминоти ва тозалаш тизимларимизни тубдан ўзгартиришга мажбур бўлдик», дейди Сара ва Ракел яшаётган Пейне жамоаси етакчиси Серхио Кубилос.
Унинг айтишича, 1980-йиллардан бери компаниялар ҳар сонияда юзлаб литр сув ва шўр сувни сўриб олмоқда.
"Барча қарорлар Сантягода, жуда узоқда қабул қилинади", дейди у.
Агар президент иқлим ўзгаришига қарши курашмоқчи бўлса, у ҳолда «минг йиллардан бери бу заминда яшаб келаётган маҳаллий аҳолини эшитиши» керак.
Серхио литий янгича энергия учун муҳимлигини тан олади.
Бироқ унинг жамоаси зарарига эмас.

Сурат манбаси, Lucas Aguayo Araos/Anadolu via Getty Images
У технологияларни қўллаб-қувватлайди, аммо:
«Бу Сантягода эмас, айнан бу ерда – жойида амалга оширилиши керак», дейди.
Чили ҳукумати эса маҳаллий жамоалар билан мулоқот «давом этиб келаётганини» ва Codelco-SQM шартномаларида сув, технология ва жамоа манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилганини билдирган.

Сурат манбаси, Ben Derico/BBC
Улар литийнинг энергетикадаги роли туфайли иқтисодий имкониятлар очилишини айтишган.
Бироқ Серхио бу ҳудудлар «тажриба майдони» бўлаётганини таъкидлашдан тўхтамайди.
Агар янги технологиялар салбий таъсир кўрсатса, «Пейне унутилиб кетмаслиги учун, биз бор кучимизни бу ишларни тўхтатишга сафарбар қиламиз», дейди у.
Глобал дилемманинг бир қисми

Сурат манбаси, .
Атакама шўрҳок дашти – бутун инсоният юзма-юз келаётган глобал муаммонинг ёрқин намунаси. Иқлим ўзгариши қурғоқчилик ва об-ҳаво шароитлари бузилишига сабаб бўлмоқда. Аммо бу муаммони ҳал қилиш учун қўлланаётган ечимлардан бири – маҳаллий аҳоли фикрига кўра – айнан шу муаммони янада авж олдирмоқда.
Литий қазиб олишни қўллаб-қувватловчилар кўп ҳолларда бир хил даъвони илгари суради: табиатга зарар етказса ҳам, у иш ўринлари яратади ва иқтисодий даромад орқали катта фойда келтиради.

Сурат манбаси, Lucas Aguayo Araos/Anadolu Agency via Getty Images
Сантягодаги iLiMarkets литий консалтинг компаниясидан Даниэл Хименес бу фикрни янада кучлироқ ифодалайди.
Унинг даъвосича, маҳаллий жамоалар муаммони бўрттирмоқда ва шу орқали тўлов талаб қилишмоқчи.
«Барчаси пул масаласи, – дея таъкидлайди у. – Компаниялар йўллар, мактаблар қурилиши ва таъмири учун катта маблағ сарфлаган, аммо жамоаларнинг шикоятлари таги пулга бориб тақалади».

Сурат манбаси, Ben Derico/BBC
Бироқ профессор Штеген бу фикрни ишончли деб ҳисобламайди. «Кон компаниялари доимо: "Кўпроқ иш ўринлари бўлади, кўпроқ даромад оласизлар", деб ваъда беради», дейди у.
«Аммо бу кўплаб маҳаллий халқлар учун асосий масала эмас. Аксинча, бу каби ўзгаришлар уларнинг анъанавий иқтисодий турмуш тарзини бузиши, уй-жой нархларини ошириши ва ижтимоий мувозанатни издан чиқариши мумкин. Иш ўринлари – улар учун ҳамма нарса эмас».
Чилида мен суҳбатлашган маҳаллий одамлар кўпроқ пул талаб қилишларини айтмади. Улар иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўрилишига қарши эмас. Улар фақат бир саволни ўртага ташламоқда: нега бунинг баҳосини айнан биз тўлашимиз керак?
«Менимча, шаҳарлар учун литий манфаатли бўлиши мумкин, – дейди Ракел. – Лекин у бизга ҳам зарар келтирмоқда. Биз бу ерда аввалги ҳаёт тарзимизни йўқотдик».
Фавиола эса шунчаки электрлаштиришни иқлим муаммосининг ягона ечими деб ҳисобламайди.
«Эмиссияни камайтиришимиз керак, – дейди у. – Қўшма Штатлар ва Европада одамлар биз – Жанубий Америкадаги маҳаллий халқлар билан солиштирганда анча кўп энергия сарфлайди».
«Электромобиллар ким учун? Европаликлар ва америкаликлар учун. Биз учун эмас. Бизнинг углерод эмиссиямиз анча кичик».
«Лекин сувимиз олиб қўйилмоқда. Муқаддас деб билган қушларимиз йўқолиб бормоқда».
Мақоладаги дастлабки сурат муаллифлик ҳуқуқи Getty Images га тегишли. Мақолани тайёрлашда Жорж Врайт кўмаклашган













