Россия Трампнинг Гренландияни эгаллаш даъволарига жавоб берди

самолёт

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

Ўқилиш вақти: 5 дақ

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Гренландияни Даниядан тортиб олиш учун ҳарбий ҳаракатларни ҳам соқит қилмаслигини айтганидан сўнг Россия вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. Бу ҳақда Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков билдирди.

Песков Арктика Россиянинг "миллий ва стратегик манфаатлари доирасида эканлигини ва у ерда тинчлик ва барқарорликдан манфаатдорлигини" айтди.

Трампнинг Дания автоном ҳудуди бўлмиш Гренландия ҳақида айтганлари Европа етакчиларининг огоҳлантиришига сабаб бўлди.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар раҳбари Кая Каллас "Биз Гренландиянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилишимиз керак", деб таъкидлади ва Германия канцлери Олаф Шолц "чегаралар куч билан ўзгартирилмаслиги керак"лигини қатъий айтди.

Трамп шу ҳафта бошида АҚШга Гренландия ҳам, Панама канали ҳам "иқтисодий хавфсизлик учун" кераклигини айтди ва уларни эгаллашда иқтисодий ёки ҳарбий куч ишлатишни соқит қилмади.

У, шунингдек, Канада билан чегарани "сунъий чизилган чизиқ" деб атаган. Дания ва Канада АҚШнинг НАТО бўйича яқин иттифоқчиларидир.

Дмитрий Песковнинг айтишича, Трампнинг даъволари АҚШ, Дания ва бошқа давлатларнинг иши, бироқ Россия унинг сўзлари атрофидаги "драматик" вазиятни кузатмоқда. "Биз Арктика ҳудудида жойлашганмиз ва шу ерда қолишда давом этамиз", - деди у.

Лавозимидан кетаётган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Парижга ташрифи чоғида сайланган президент сўзларидан сўнг пайдо бўлган хавотирларни аритишга ҳаракат қилди: "Бу ғоя... шубҳасиз, яхши эмас, лекин энг муҳими, у амалга ошмаслиги аниқ. "

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Девид Лемми ҳам Трамп гапларини жиддий олмади. Бироқ у "унинг риторикаси шиддатлилиги ва баъзан айтганларини олдиндан башорат қилиб бўлмаслик, беқарорлик келтириб чиқариши мумкинлигини" тан олди.

Гренландияда 56 000 га яқин аҳоли истиқомат қилади ва бу ерда АҚШ ва Дания ҳарбий базалари жойлашган. Шунингдек, ҳали фойдаланилмаган минерал ва нефт бойликлари ҳам бор.

9 январ: Трамп Канада, Панама ва Гренландияга таҳдид қилмоқда – уни жиддий қабул қилиш керакми?

АҚШнинг сайланган президенти Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Панама канали ва Даниянинг автономияси Гренландия устидан назоратни қўлга киритиш учун ҳарбий ҳаракатларни ҳам соқит қилмайман, дейиши кўпчиликни хавотирга солди.

Трамп иккаласини ҳам Американинг иқтисодий хавфсизлиги учун стратегик жиҳатдан муҳим деб таърифлади.

Бу гаплар Трампнинг АҚШ армиясидан шу тарзда фойдаланишни илк марта очиқчасига айтиши эди. У, шунингдек, Канадани АҚШ таркибига киритиш учун иқтисодий босимдан фойдаланишини айтди.

Панама, Гренландия, Дания ва Канада бу сўзларни ғазаб билан қарши олди.

Панама канали

панама

20 аср бошларида канал қурилиши масъулиятини ўз зиммасига олиб, ўн йиллик музокаралардан сўнг АҚШ 1999 йилда канал устидан тўлиқ назоратни Панамага топширганди.

Энди Трамп миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан канални қайтариб олишни истамоқда.

"Панама канали мамлакатимиз учун ҳаётий аҳамиятга эга. У Хитой томонидан бошқарилади ва биз Панама каналини Панамага топшириб қўйдик; биз уни Хитойга бермагандик ва улар буни суиистеъмол қилишди. Улар бу совғани суиистеъмол қилишди", - деди Трамп.

Алоқадор мавзулар:

Расмий статистика бу фикрни рад этади. АҚШ юклари умумий канал транспортининг асосий қисми - 72 фоизни ташкил этади. Панама канали маъмурияти маълумотларига кўра, Хитой юклари 22 фоизга яқин ва иккинчи ўринда туради. Хитой Панамада ҳам йирик иқтисодий сармояларга эга.

Таҳлилчиларнинг айтишича, Панама канали нафақат АҚШнинг Тинч океанидаги савдоси учун, балки келажакда Хитой билан ҳар қандай ҳарбий можаро юзага келган тақдирда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

АҚШ юклари Панамадан ўтаётган юкларнинг 72 фоизини ташкил қилади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ юклари Панамадан ўтаётган юкларнинг 72 фоизини ташкил қилади

Трамп аввалроқ Панамани АҚШ юк кемаларидан каналдан фойдаланганликлари учун ортиқча ҳақ сўрашда айблаган эди.

Truth ижтимоий тармоғидаги Трампнинг аккаунтида Панама канали ўртасида АҚШ байроғи ўрнатилгани тасвири пайдо бўлди.

Панама шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзлаган Панама ташқи ишлар вазири Хавер Мартинез-Ача бунга жавобан Панама каналининг суверенитети борасида музокаралар олиб борилмаслигини айтди:

"Канални бошқарадиган ягона қўллар панамаликлардир ва бу шундай бўлиб қолади", деди Мартинез-Ача.

Гренландия

Гренландия

Гренландия Данияга қарашли автоном ҳудуд бўлиб, дунёдаги аҳоли энг кам яшайдиган жойлардан бири.

Трамп Гренландияни сотиб олиш ғоясини 2019-йилда, президентлик фаолиятининг биринчи давридаёқ илгари сурган эди.

Дания бош вазири Метте Фредериксен Трамп маъмурияти билан ишлашга тайёрлигини билдирди, бироқ Гренландия ўз халқига тегишли эканлигини таъкидлади.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

"Гренландия бу Гренландия халқи учун. Бу ўзига хос тил ва маданиятга эга ғурурли халқ. Аввал айтганимиздек, Гренландия сотилмайди", - деди Фредериксен.

Трампнинг қизиқиши ажабланарли бўлмаслиги мумкин. Ҳудуд табиий ресурсларга бой. Дания геологик хизмати ва Гренландия веб-сайтида сайёрадаги энг катта орол таклиф этаётган қимматбаҳо минераллар ва энергия ресурсларининг узун рўйхати мавжуд. Улар орасида олтин ва платина каби қимматбаҳо металлар, саккизта ноёб металлар, жумладан литий, титан ва нодир ер элементлари, кўмир ва уран каби энергия товарлари, олмос ва ёқут каби қимматбаҳо тошлар мавжуд.

Гренландия ажойиб манзаралардан ташқари, қимматбаҳо минералларга ҳам бой

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Гренландия ажойиб манзаралардан ташқари, қимматбаҳо минералларга ҳам бой

Катта нефт ва газ захиралари борлиги ҳам тахмин қилинади, улар ҳали ўрганилмаган ва қазиб олинмайди. Аммо иқлим ўзгариши туфайли музликларнинг эриши уларни юзага чиқариши мумкин.

Аммо у ерда асосан аккумулятор ишлаб чиқаришда ишлатиладиган нодир металларнинг мавжудлиги Гренландияни янада қийматли қилади. Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб глобал талабни қондириш учун ушбу фойдали қазилмаларни қазиб олиш 5 баравар кўпайиши керак. Унга талаб нафақат АҚШ, балки Хитой томонидан ҳам катта бўлади.

Россия ҳам ўзи ва АҚШ ўртасида жойлашганлиги сабабли минтақани стратегик аҳамиятли деб билади. Вашингтоннинг оролда аллақачон баллистик ракеталардан огоҳлантирувчи тизимга эга ҳарбий базаси бор.

Гренландияни айни дамда мустақил бўлишга мойил бош вазир Муте Боуруп Эгеде бошқаради. У орол сотилмаслигини таъкидлади ва мустақиллик референдуми апрел ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловларига тўғри келиши мумкинлигини айтди.

Канада

Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

Трамп сўнгги ҳафталарда Американинг энг катта қўшниси Канада АҚШнинг 51-штатига айлангани ҳақида қайта-қайта ҳазил қилди. Уларнинг чегарасини "сунъий" деди.

АҚШнинг сайланган президенти Канадани ҳимоя қилиш учун миллиардлаб доллар сарфланганини танқид қилди ва Канада автомобиллари, ёғоч ва сут маҳсулотлари импорти борасида норозилик билдирди. Трамп даврида Канада ҳам Мексика сингари АҚШга импорт қилинадиган товарларига 25% лик тариф таҳдидига дуч келмоқда.

Мар-а-Лагодаги узоқ давом этган матбуот анжуманида Трамп, шунингдек, Мексика ва Канада чегараларидан АҚШга ўтаётган "наркотик"лар ҳақидаги хавотирларини яна такрорлади.

Бироқ, АҚШ маълумотларига кўра, АҚШ-Канада чегарасида қўлга олинган фентанил (оғриқни қолдиришда ишлатилувчи опиум аралашган дори) миқдори жанубий чегарадагига қараганда анча паст.

Канада чегара бўйлаб кенг қамровли янги хавфсизлик чоралари жумладан, кузатувни кучайтириш ва трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши қўшма кучлар тузишга ваъда берди.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо Трампнинг Канадани АҚШга қўшиш учун "иқтисодий куч" ишлатиш ҳақидаги сўнгги таҳдидига жавоб қайтарди ва икки мамлакатнинг қўшилиши учун зиғирчаям имконият йўқлигини таъкидлади.

Риториками ёки ҳақиқат?

Getty Images
Bu o‘ziga xos imperialistik Tramp. U tom ma’noda Amerikaning dunyoda ta’sirini orttirmoqchi. Bular jiddiy tahdidlar.
Devid Meddoks
The Independent siyosiy muharriri (Batafsil: bbc.com/uzbek)

АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчининг собиқ ўринбосари Жеймс Жеффрининг BBCга айтишича, Трамп халқаро иттифоқчилар ҳамда ички тарафдорларига сигнал юбормоқда. Унинг айтишича, АҚШда Европадаги бой иттифоқчилар халқаро хавфсизликни ҳимоя қилиш учун етарлича ҳаракат қилмаётганидан норозилик бор.

Жеффри ҳарбий аралашувлар эҳтимоли камлигини айтади.

"Биз Гренландияга, Канадага юриш қилмоқчи эмасмиз. Панама каналини эгаллаб олмоқчи эмасмиз. Аммо бу қанчалик шов-шув келтириб чиқаради, бу бошқа савол", - дея қўшимча қилди у.

"Халқаро тартиб учун таҳдид Доналд Трамп эмас, халқаро тартиб учун таҳдид Россия ва Хитойда", - дейди Жеффри.

Лондондаги Independent газетасининг сиёсий муҳаррири Дэвид Мэддокс Трампни жиддий қабул қилиш керак, деб ҳисоблайди.

"Бу ўзига хос империалистик Трамп. У том маънода Американинг дунёда таъсирини орттирмоқчи. Булар жиддий таҳдидлар", - дейди Мэддокс BBCга.

"Дунёнинг қолган қисми учун ўта беқарорлаштирувчи бўладиган Трампнинг биринчи маъмуриятидан буткул бошқача ёндашувни кўрамиз", деди Маддокс.