Касалхоналар тўла, дори эса йўқ - Қозоғистон ва коронавирус Qozog'iston koronavirus

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Абдужалил Абдурасулов
    • Role, Би-би-си

38 яшар Нурсултон яшовчиси Аида Жексен ўлим ҳақидаги фикрларини қувишга уриниб, касалхонанинг қабулхона бўлимида ўтирар эди. Унда коронавируснинг типик аломатлари бор эди - нафас қисилиши, ҳолсизлик ва юқори иситма. Беш соатдирки унинг олдига ҳеч ким келмади. Бу унинг касалхонага ётишга бўлган иккинчи уриниши эди. Бир кун олдин, тез ёрдамга қилган бир неча қўнғироғидан сўнг, фелдшер уни касалхонага олиб борди, лекин у ерда уни қабул қилишдан бош тортишди. Жой йўқ.

"Қандайдир йўл билан мени палатага жойлаштиришди. Дастлаб улар мени коридорга ётқизишмоқчи эди, чунки касалхона тўлиб-тошган эди. Одамлар коридорларда ётишганди. Ҳатто каравотларда ҳам эмас, кушеткаларда", - эслайди Жексен.

Қозоғистонда Ковид-19 касаллиги кескин кўпайган. "Биз ҳозир уруш ҳолатидамиз", деди Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жума куни ўтган ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида.

Вазият ёмонлашгани сабабли, июл ойи бошида Қозоғистонда яна карантин жорий этилди. Душанба коронавирусдан ўлганларни хотирлаш учун мотам куни деб эълон қилинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда 60 мингга яқин киши коронавирусни юқтирган ва 375 киши коронавирусдан вафот этгани қайд этилган, уларнинг 111 нафари сўнгги беш кун ичида.

Аммо кўпларнинг фикрига кўра, ҳақиқий кўрсаткичлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.

Масалан, Коронавирусга анализдан салбий натижа олинганда, пневмония ҳолларини коронавирусдан алоҳида ҳисобга олиш амалиёти мутахассисларда савол туғдираяпти.

Расмийларнинг таъкидлашича, биринчи олти ойда пневмония билан касалланиш ҳолатлари 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 55 фоизга ўсди ва деярли 100 мингни ташкил этди.

Расмийларнинг баёнотлари натижасида, Хитойнинг Қозоғистондаги элчихонаси ўз фуқароларига "коронавирусдан кўра кўпроқ ҳалокатли" бўлган "тушунарсиз" пневмония вируси ҳақида огоҳлантирувчи баёнот тарқатди.

Аммо, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу пневмония ҳолатлари "нотўғри ташхисланган коронавирус" ҳолатлари бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Аида Жексеннинг коронавирус учун биринчи синови ижобий натижа берди, аммо бир ҳафта ўтгач - салбий.

"Мен шифокорлардан нима учун шундай, деб сўрадим, уларнинг айтишича, биринчи кунларда улар бурун ва томоқдан суртма олишади ва вирус ҳали ҳам ўша жойда бўлади. Инфекция ўпкага тушганда эса, коронавирусни аниқлаш учун балғам олиш керак. Лекин иккинчи сафар ҳам улар барибир улар бурун ва томоқдан олишди, у ерда эса ҳеч нима қолмаган. Шунинг учун пневмонияга чалинганларда коронавирус йўқ деган натижа чиқяпти, чунки тиббиёт ходимлари балғам билан шуғулланишни хоҳламайдилар ", дейди бемор.

Ковид-19 учун салбий тестдан сўнг пневмония ташхиси қўйилган тиббиёт ходими Гуля (исми илтимосига кўра ўзгартирилган) фикрида, ҳукумат коронавирусли беморларнинг умумий сонини камайтириш учун статистикани атайлаб турли тоифаларга ажратмоқда.

"Улар биз юқумли касалликлар бўйича биринчи ўринда бўлишимизни хоҳламайдилар, тамом вассалом. Уларга фарқи йўқ… Коронавирус билан курашишдан кўра статистикани ўзгартириш осонроқ", дейди у.

Аммо, статистика билан ўйнаш туфайли одамлар азоб чекмоқда, дея қайғуради Гуля. Унинг компютер томографияси ковид белгиларини кўрсатганига қарамай, унга касалхонага ётишга ҳожат йўқлигини айтишган.

Натижада, беморлар зарур ёрдамни ола олмайдилар.

Агар бир неча ой олдин мамлакат аҳолиси пандемияга ишонмаган бўлса, бугунги кунда вазият тубдан ўзгарди. Чатлар ва ижтимоий тармоқлар дори сотиб олиш ёки компютер томографиясини қаердан олиш кераклиги ҳақида мунозараларга тўла. Кимдир томизгични қўйишни таклиф қилади, бошқалари термометр қидирмоқдалар. Дексаметазон, сатурация ёки ПЦР - полимераза занжири реакцияси каби дорилар ва тиббий атамалар кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланди.

Оддий дорилар, масалан, парацетамол, бутун Қозоғистонда етишмаяпти. Кўнгиллилар томонидан олиб борилган мониторинг шуни кўрсатадики, Олма-Ота вилоятидаги кўплаб дорихоналар коронавирусни даволаш учун ишлатиладиган бир қатор дорилар омборларда сақлаётган бўлса-да, бир ойдан кўпроқ вақт давомида уларни олишмаган.

Президент Қосим-Жомарт Тўқаев барча айбдорларни тергов қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш, ҳамда давлат тиббиёт муассасаларига дори-дармон ва жиҳозлар етказиб берадиган "Фармация" компанияси раҳбариятини ишдан бўшатишга чақирди.

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

Оғир беморларнинг кўпайиши туфайли кўплаб касалхоналар тўлиб тошган. Икки кунлик муолажадан сўнг, Аида Жексенни коронавирусни юқтирганлар билан алоқа қилган одамларга ихтисослашган вақтинча касалхонага ўтказишди.

Нурсултондаги беш юлдузли Рамада Плаза меҳмонхонаси - карантин пайтида вақтинчалик шифохонага айлантирилган шундай жойлардан бири.

"Ҳар бир хонада тўрт-бешта темир каравот бор. Биринчи кун улар мени даволамадилар, чунки уларга касаллик тарихим юборилмаган эди. Дори-дармон беришмади - кетма-кет 10 соат қусдим. Шунақа кучли заифлик, шунақа қаттиқ нафас қисилиши бор эди менда. Мен аниқ ўламан деб ўйладим», - деб эслайди Жексен.

"У ерда одамлар туни билан қичқиришади, нафас ололмай қолади, йўталади", деб давом этади у. "Бир ҳафта ўтгач, мени чиқаришди ва яна бир ҳафта антибиотиклар ичишни айтишди. Сиз берасизми, десам, йўқ дейди. Мен уларни қаердан топаман, десам, бу бизнинг муаммоимиз эмас, дейишди.»

Касалхоналардаги шифокорлар ҳам жуда оғир шароитларда мисли кўрилмаган босимга дуч келишди. Шахсий ҳимоя воситалари йўқлиги сабабли Қустанай шаҳар шифохонасининг учта шифокори сменага чиқишдан бош тортди.

Шифокорлардан бири Роман Лавриненко ижтимоий тармоққа видео юклаб, касалхонада уларга қандай устбошлар берилганини кўрсатди.

"Бизда стерил костюмлар йўқ. Мана ювилган бир марта ишлатиладиган устбошлар, ҳатто мана бунисига «санитарка» деб ҳам ёзилган", дейди у ўз видеосида.

Видеонинг нашр этилишидан кўп ўтмай, шифокорлар ишдан четлатилди ва касалхонанинг бош шифокори уларни ўз вазифаларини рухсатсиз тарк этганликда айблади.

Reuters

Сурат манбаси, Reuters

"Биз рухсатсиз кетмадик, ишлашдан бош тортдик, чунки бу жуда-жуда хавфли", - дея изоҳлайди Роман Лавриненко. "Мен ҳам аввалига бу коронавирусга шубҳа билан қараган эдим. Аммо буларнинг ҳаммасини ўз кўзларим билан кўрдим, беморларнинг расмлари, компютер томографияси ва скрининг текширулари, касаллик тарихларини кўрганимдан кейин бу нарса қанчалик хавфли эканлиги аён бўлди. Зарур шароитлар йўқ. Хавфли шароитларда ишлаш эса жуда қўрқинчли."

"Бизга жуда катта босим бўлди", - дея давом этади у. "Бутун касалхонада иккита врач ишлайди, у тўла. Бу 250 кишига мўлжалланган касалхона. Дорилар етишмайди, ҳамширалар етишмайди, уларга ҳам жуда оғир."

Қозоғистонлик фаоллар ўртасида шифохоналар ва шифокорларга шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олиш ва дори-дармонлар учун хайрия пулини тўплаш ташаббуслари илгари сурилди.

Тадбиркор Ерлан Нурпеисов Олмаотада ўртача оғирликдаги коронавирусли беморлар учун кундузги касалхона ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

"Касалхоналар оғир беморларга тўлиб кетганлиги сабабли бу беморлар ҳозир касалхоналарга қабул қилинмаяпти", - дея тушунтиради Нурпеисов.

Унинг сўзларига кўра, бундай беморлар олдига поликлиникалардан ходимлар камдан-кам ҳолларда келишади. Улар асосан уйда ўз кучи билан даволанишади, лекин аксариятида аҳвол ёмонлашади ва ҳатто реанимацияга ётқизиш зарур бўлиб қолади.

Эндиликда тиббиёт ходимлари сафини кенгайтириш учун кўнгиллиларни ёллаш ва вақтинчалик касалхоналар учун жой қидириш ишлари бошлаб юборилган.

"Агар биз шундай касалхоналарни оча олсак, одамларнинг оғирлашиб қолишини бартараф этамиз ва шунда реанимацияларга ётқизиш керак бўлмай қолади," дейди Нурпеисов. "Шу йўл билан биз давлат сектори устидаги босимни ва коронавирусдан ўлиш ҳолларини камайтирамиз."

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek