Уч карра талоқ: Ҳиндистон аёлларининг кураши

Сурат манбаси, AFP
Ҳиндистонда мусулмон эркак ўз хотини билан ажрашмоқчи бўлса, уч марта ва кетма-кет “талоқ” сўзини айтиши кифоя экан.
(Билиб-билмай талоқ қўйиш Марказий Осиё давлатларидаги мусулмонлар орасида ҳам тарқалгани маълум).
Аммо Ҳиндистонда Олий Маҳкама мусулмонлар орасида бирданига уч карра талоқ билан оилаларнинг барбод бўлаётганига қарши жиддий чора кўришга бел боғлаган.
Буни ҳатто конституцияга хилоф амал деб эълон қилишмоқчи экан.
Би-би-сининг Деҳлидаги мухбири Гита Пандей ҳикоя қилади:
Октябрда Шаяра Бано (Шоира Бону) нинг дунёси остин-устун бўлди.
35 ёшдаги икки фарзанднинг волидаси ўз ота-онасининг уйига Уттарахандга меҳмон бўлиб келган эди.
Шарая бу ерга даволаниш учун келганди.
Ўша куни у бир хат олди.
Эри унга талоқнома жўнатибди, ажрашаётганини айтибди.
Аллоҳобод шаҳрида яшайдиган 15 йиллик жуфти ҳалоли билан гаплашишга қилган барча ҳаракатлари зое кетди.
"У телефонини ўчириб қўйди, эрим билан боғланишнинг ҳеч бир иложи қолмади”, дейди Шоира Би-би-си билан телефон суҳбатида.
"Болаларимдан хавотирдаман, уларнинг ҳаёти барбод бўлмоқда...”

Феврал ойида Шоира Бону Олий Маҳкамага уч талоқни тақиқлаш учун петиция топширди.
Унинг айтишича, бу мусулмон эркакларни ўз хотинларига буюмга бўлгандай муносабат қилишига изн беради.
Ҳиндистонда мусулмонлар энг йирик озчиликдир.
Уларнинг сони 155 миллион атрофида бўлиб, никоҳ ва ажралишлар Ислом қонунларига монанд амалга оширилади.
Бирданига уч карра талоқ қилиш эса шариатда ҳам, Қуръонда ҳам кўрсатилмаган.
Диний уламоларга кўра, Қуръонда ажралиш бўйича аниқ айтилган.
Жараённинг ўзи уч ойга чўзилиши кўрсатилган.
Бу орада эр-хотин муросага келиб қолиши ҳам кўзда тутилади.
Фаолларга кўра, бирданига уч талоқ айтишни аксарият исломий давлатлар тақиқлаб қўйган, улар орасида Покистон ва Бангладеш ҳам бор.
Ҳиндистондаги мусулмон аёллар талоқни бу қадар осон йўлда берилишига қарши йилларки курашиб келишади.
Аммо вазият борган сари ёмонлашмоқда.
Замонавий технологиялар масъулиятсиз эркаклар учун ўз хотинларини қувиб солишни яна ҳам қулай қилиб қўйди.
Кимдир SMS йўллайди, кимдир телефон ва кимдир мактуб билан бирйўла уч талоқ беради.
Айрим эрлар ўз хотинларидан ажралиш учун Skype, WhatsApp ва ё Facebookдан фойдаланишгани маълум.
Ноябр ойида Мумбайда жойлашган Ҳиндистон Мусулмон Аёллари ҳаракати уч талоқ бирданига берилган 100 та ҳолат борасида ҳисобот чиқарди.

Сурат манбаси, Getty
"2007 йилдан бери биз уч талоқ оғзаки ва бирданига берилган минглаб ҳолатларни кўрдик. Бечора аёллар қаерга боришларини билмай қолишган”, дейди профессор Закия Соман.
Ҳиндистон мусулмон аёллар ҳаракати ҳужжатлаштирган бу каби ҳолатларнинг аксариятида аёллар камбағал оилалардан бўлишган.
Эрлар эса уч талоқ қилган хотинларига тегишли маҳр беришмаган.
Уйдан қувилган аёлларнинг аксарияти ўз ота-оналарининг уйларига қайтишган ва ёки кўчада қолишган.
Ҳиндистон мусулмонлари шунингдек Ҳалала деб аталмиш анъанага риоя қилишади.
Бунга биноан, эри талоқ қўйган аёл яна қайтиши учун бошқа бир эркак билан никоҳланиши керак.
"Ҳиндистон эҳтимолки, бу Қуръонга ёт бўлган амаллар ҳаётда қўлланиладиган ягона давлатдир. Булар ваҳшиёна ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатлар...Ҳиндистонда Исломий деб аталадиган бу қонунлар қайта кўриб чиқилиши керак”, дейди профессор Соман.
Октябр ойида Ҳиндистон мусулмон аёллар ҳаракати Бош вазир Нарендра Модига мактуб йўллаб, “ажралиш ва кўп хотинлиликка доир мусулмон қонунлари ислоҳ қилинсин” деб талаб қўйди.
Профессор Соманга кўра, “ бу ноисломий уч талоқ аксарият ҳолатларда муллалар, қозилар томонидан тасдиқланиши” вазиятни яна ҳам чигаллаштирмоқда.
Эҳтимол, айнан шунинг учун Шоира Бонунинг Олий Маҳкамага топширган петицияси йирик мусулмон гуруҳлар, жумладан Бутун Ҳиндистон Мусулмонларининг Шахсий Қонунчилиги ташкилоти томонидан қаршиликка учраётгандир.
Ташкилот қўмитасининг аъзоси Асма Заҳро ҳам бирйўла уч талоқ берилишини қоралайди, “ҳарам” деб атайди, аммо Ҳиндистон мусулмонлари орасида ажралиш даражаси жуда паст эканини урғулайди.
Унинг назарида, айни масала Исломга ёвқарашда бўлган гуруҳлар томонидан атайдан бўрттирилмоқда.
"Нима учун ҳамма бизга, динимизга ёпишиб олган?”
Заҳро хонимга кўра, мусулмонлар шундоқ ҳам ҳозирги ҳукумат остида яшаш учун курашишмоқда.
Ҳиндистон ҳукуматини Модининг ҳинд миллатчилари партияси бошқаради.
Заҳро хонимнинг ишонишича, улар уч талоқ масаласини кўтариб, “динимизга аралашишни мақсад қилишган”.
Унинг айтишича, бир йўла уч талоқ берилиши Қуръонда келмаган бўлса ҳам, Бутун Ҳиндистон Мусулмонларининг Шахсий Қонунчилиги ташкилоти айни бидъатни бекор қилолмайди.
“Биз фақат одамларга бу борада маърифат улашишимиз мумкин”, дейди Заҳро хоним.
Заҳро хоним мусулмонлар ташкилоти маърифат тарқатиш йўлида анча иш қилганларини айтади.
Аммо фаолларга кўра, бу амаллар етарли эмас.
"Бу иллатни фақат қоралаш билан иш битмайди. Уни ноқонуний деб эълон қилиш керак”, дейди профессор Соман.
"Мусулмон оиласига доир қонунлар мукаммал равишда талқин қилиниши керак. Қуръон бизга ҳуқуқларимизни берди, аммо эркаклар устивор бўлган турфа кучлар бу ҳақларимизни олиб қўйишди”.
Шоира Бону эса Уттараханддаги қишлоғида умид билан яшайди.
Умиди Олий Маҳкамадан...
"Мен эримнинг олдига қайтиб боришни истайман. Маҳкама адолат билан ҳукм чиқаришидан умидворман”, дейди Шоира Бону.
- Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02.
- TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBCUZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring












