НАТО саммити олдидан Россия Украинага табиий гази нархини оширди

Сурат манбаси, AFP

1 апрел куни НАТОга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Украина инқирозини муҳокама қилишга бағишланган икки кунлик саммитга йиғилган, Россия Украина учун имтиёзли газ нархи бекор қилинганини эълон этган.

Россиянинг давлат назоратидаги "Газпром" ширкати Киев учун имтиёзли газ таъминоти тўхтатилишини хабар қилган.

Бу қадам шундоқ ҳам мушкул вазиятда қолган Украина иқтисодиёти учун кучли зарбадир.

Шу пайтгача Украина Россиядан оладиган табиий газининг ҳар 1000 кубометри учун 268,5 АҚШ доллари тўлаб келган.

"Газпром" маълум қилишича, Украина учун газ нархи энди 385,5 доллар қилиб белгиланган.

Имтиёзли газ нархига 2013 йил декабрида Виктор Янукович билан Президент Путин ўртасида кечган музокараларда келишилган, бу Россиянинг Украинага молиявий ёрдами бир қисми бўлган.

Айни пайтда Украина расмийлари ўзларининг сарҳадларида жамланган Россия қўшинларининг айрим қисмлари чегарадан олиб кетилгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Олмония ҳукумати тарқатган хабарга кўра, Россия қўшинларини Украина чегарасидан чиқариш ҳақида Президент Путин буйруқ берган, бу ҳақда жаноб Путин Олмония канцлери Ангела Меркел билан мулоқоти пайти маълум қилган.

Сурат манбаси, Reuters

Брюсселда эса НАТОга аъзо 28 мамлакат ташқи ишлар вазирлари Украинага ёрдам масаласини муҳокама этиш учун тўпланганлар.

НАТО Бош котиби Андерс Фоғ Расмуссен сўзларига кўра, "гап шерикликни кенгайтириш, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш, шу жумладан мамлакат қуролли кучларини ислоҳ қилиш ҳақида боради".

НАТО Россия билан ҳамкорликни расман тўхтатиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқчи.

Брюсселда вазирлар Украинанинг Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Андрий Дешица билан Украина қуролли кучларини дастаклаш ҳақида гаплашишлари хабар қилинган.

Россиянинг Украинага нисбатан амаллари Эстония, Латвия ва Литва хавотирига ҳам сабаб бўлган, шунинг учун НАТО саммити кун тартибига Болтиқ мамлакатларида доимий ҳарбий базаларни жойлаштириш масаласи ҳам киритилган.

Шу йил Латвия, Эстония ва Литва қуролли кучлари иштирокида ҳарбий ўқув машқларини ўтказиш режаланган.

Ҳозирги пайтда Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво сарҳадларида НАТО қирувчи учоқлари патрули йўлга қўйилган, бир неча НАТО давлатлари минтақага янада кўпроқ ҳарбий учоқ юбориш таклифи билан чиққанлар.