Ер сайёраси ёнидан улкан астероид учиб ўтади

Астероиднинг Ер яқинидан ўтиши уни янада чуқурроқ ўрганиш имкониятини яратади.

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Астероиднинг Ер яқинидан ўтиши уни янада чуқурроқ ўрганиш имкониятини яратади.

8 ноябрдан 9 ноябрга ўтар кечаси Ер сайёраси ёнидан улкан астероид учиб ўтади.

Астероиднинг диаметри 400 метрни ташкил этади.

У Гринвич вақти билан соат 23.28 да сайёрамизга энг яқин масофада бўлади.

Мутахассисларга кўра, ўшанда Ер сайёраси билан астероид ўртасидаги масофа 325 минг километрни ташкил этади.

Бу эса Ойдан ҳам яқин деганидир.

Астрономлар улкан тезликда Ер томонга яқинлашиб келган осмон жисмига 2005 YU 55 деб ном берганлар.

2005 YU 55 Ер сайёрасига охирги 200 йилда энг яқин масофада учиб ўтган астероид ҳисобланади.

Шунингдек, у 1976 йилдан буён Ерга яқинлашган энг йирик тош объект бўлади.

Бундан кейинги ана шундай йирик астероиднинг 2028 йилда Ер планетасига яқинлашиши кутилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишларича, ушбу астероиднинг Ерга яқин масофадан учиб ўтиши сайёра учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди.

"2005 YU 55 астероиди Ерга урилмайди. Биз компютер ёрдамида унинг йўналишини кузатиб келаётган даврдаги ҳаракатланишига қараб, шундай хулосага келишимиз мумкин. Бу оралиқ эса бир неча юз йилни ташкил этади", деб айтган НАСАнинг Реактив ҳаракат лабораторияси ходими Ланс Беннер.

Астероиднинг учиб ўтишини астрономлар Ернинг шимолий ярим шарида телескоп орқали кузатишлари мумкин.

Мутахассисларга кўра, астероиднинг ташқи кўриниши кўмирдек қора, шунинг учун тунда уни оддий кўз билан кўриш имконсиздир.

Астрономлар 2005 YU 55 астероиди углерод ва кремнийдан таркиб топган, деб ҳисоблайдилар.

Астероиднинг Ер яқинидан ўтиши уни янада чуқурроқ ўрганиш имкониятини яратади.

Калифорниядаги Голдстоун ва Пуэрто-Рикодаги Аресибо обсерваторияларида радиотелескоплар астероиддан келаётган радиосигналларни ўрганишади.

Натижада 2005 YU 55 астероидининг шакли ҳақида ҳам тўлиқ тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Астероид ҳаракатини яқиндан ўрганиш унинг келажакдаги йўналишини ҳам башорат қилишни осонлаштиради.