Ливанда пейжерлар портлаши: Оммавий портлашлар қандай юз берди ва нега Ҳизбуллоҳ ҳалигача эски технологиядан фойдаланади? Видео

Сурат манбаси, Telegram
Ливанда пейжерларнинг оммавий портлаб кетиши қандай содир бўлди ва воқеа ортида ким турибди?
Сешанба куни Ливан бўйлаб ақл бовар қилмас воқеа юз берди - Ҳизбуллоҳ гуруҳи аъзолари ишлатадиган пейжерлар кутилмаганда деярли бир вақтнинг ўзида портлаб кетди, уч мингга яқин инсон жароҳат олди.
Камида тўққиз нафар инсон ҳалок бўлгани хабар қилинди.
Пейжерлар портлашининг аниқ сабаблари ҳали номаълум, аммо Ҳизбуллоҳ бунда Исроилни айблаб чиққан.
Исроил эса ҳозирча айбловларга изоҳ бермаган.
Қуйида Би-би-си шу вақтга қадар тўплашга муваффақ бўлган маълумотларни ўқишингиз мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Воқеа қачон юз берди?
Оммавий портлашлар Ливан пойтахти Бейрут ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида 17 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15:45 да юз бера бошлаган.
Кузатув камераларидан олинган тасвирларда инсонларнинг чўнтагида портлашлар бўлгани кўринади.
Reuters агентлигининг хабар қилишича, портлашлар бир соатга яқин вақт давом этган.
Орадан кўп ўтмай, яраланганларга тўлиб тошган касалхоналарда олинган тасвирлар тарқала бошлаган.
Портлашлар қандай содир бўлди?

Сурат манбаси, Social media
Бу саволга ҳозирда аниқ жавоб йўқ.
Аммо кўплаб таҳлилчилар юз берган ҳолатдан ҳайратга тушганини яширмаган.
Айримлар хакерлик йўли билан пейжерлар батареясининг қизиб кетишига муваффақ бўлинган бўлиши эҳтимолини илгари сурган.
Бироқ тасвирларни диққат билан ўрганганини айтган экспертларнинг аксарияти бу фаразга қарши чиққан.
Улар пейжерлар ички қисмлари ишлаб чиқариш жараёни ёки етказиб бериш вақтида ўзгартирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган.
Wall Street Journal газетаси ўз манбасига таяниб, портлаб кетган пейжерлар Ҳизбуллоҳ ўтган яқин кунларда қабул қилиб олган янги партиядан бўлганини ёзган.
Reutersʼнинг Ливан хавфсизлик хизматларидаги юқори рутбали манбаси эса Исроилнинг Моссад разведка хизмати охирги бир неча ойда Ливанга импорт қилинган 5 мингта пейжер ичига портловчи модда жойлаганини иддао қилган.
Агентликнинг бошқа бир манбаси пейжерлар Тайвандаги Gold Apallo компанияси томонидан ишлаб чиқарилганини тилга олган, лекин компания ўз баёнотида бу маълумотни рад этган.
Wall Street Journal билан гаплашган Ҳизбуллоҳ аъзоси айрим қурбонлар портлаш олдидан пейжерлар ноодатий ҳолда қизиб кетганини сезганини айтган.
Би-би-сига исмини очиқламаслик шарти билан гапирган британиялик собиқ ҳарбий 10 граммдан 20 граммгача ўта портловчи модда фейк электрон компонент кўринишида яширинча пейжерлар ичига жойлаштирилган бўлиши мумкин.
Собиқ ҳарбий шундан сўнг ҳужумчилар пейжерларга махсус ҳарф-рақамли хабар йўллаш ёрдамида портлашларни амалга оширган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилади.
Нишонга олинганлар кимлар?

Сурат манбаси, Reuters
Ҳизбуллоҳ ўзининг баёнотида пейжерлар гуруҳнинг "турли бўлинмалари ходимлари"га тегишли бўлганини билдирган.
Би-би-си экспертининг баҳосига коʼра, портлаб кетган пейжерларнинг атиги 1 фоизга яқини ҳалокатли оқибатларга сабаб бўлган.
Шунга қарамай, 2,800 нафарга яқин инсон тан жароҳати олган, камида тўққиз ўлим ҳолати қайд этилган.
Ҳизбуллоҳнинг уч нафар аъзоси фарзандлари ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Яраланганлар орасида эса Эроннинг Ливандаги элчиси ҳам бўлган - унинг жароҳати у қадар жиддий эмаслиги айтилмоқда.
Ливаннинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги жароҳатланганларнинг аксариятининг юзи ва қўллари зарарлангани, айримларнинг бармоқларини ампутация қилишга тўғри келганини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, жароҳат олганларнинг катта қисми фуқаро кийимида бўлганидан уларнинг Ҳизбуллоҳга қанчалик алоқаси борлигини аниқлаш ҳозирча мушкул.
Сурияда ҳам 14 инсон ўхшаш портлаш оқибатида жароҳатлангани хабари олинган.
Пейжерларни ким портлатди?
Бу саволга ҳам ҳали аниқ жавоб мавжуд эмас.
Ҳозиргача ҳеч ким ҳужум бўйича масъулиятни бўйнига олмаган, аммо Ливан Бош вазири Нажиб Микати ва Ҳизбуллоҳ Исроилни айблаб чиққан.
"Портлашлар Ливан суверенитетининг жиддий бузилиши ва барча стандартлар бўйича жиноятдир", деган Микати.
Исроил бу айбловларга ҳали жавоб қайтармаган, лекин кўплаб таҳлилчилар юқори технологик имконият талаб этиладиган бундай кенг кўламли ҳужум ортида, катта эҳтимол билан, Исроил турганини тахмин қилган.
Пейжерлар нима ва Ҳизбуллоҳ нега уларни ишлатади?

Сурат манбаси, Getty Images
17 сентябрь кунги воқеа ортидан оммавий истеъмолдан чиққанига ўнлаб йиллар бўлган пейжерларга бўлган қизиқиш қайта пайдо бўлган.
Пейжер батарея билан ишлайдиган симсиз телекоммуникация қурилмасидир.
У ҳарфли-рақамли ёки овозли хабарларни қабул қила олади ё жўната олади.
Пейжерлар 1990 йилларда кенг оммалашган, аммо 2000 йилларда арзон уяли телефонлар пайдо бўлиши ортидан истеъмолдан чиқа бошлаган.
Ҳизбуллоҳ аъзолари Исроилнинг рақамли таъқибидан қочиш мақсадида юқори технологияли қурилмалардан фойдаланишдан тийилиб келади.
1996 йилда гуруҳ аъзоси Яҳё Айяшнинг қўлидаги мобил телефон портлаб кетиши ортидан Ҳизбуллоҳ замонавий қурилмалардан воз кеча бошлаган.
Руҳан ҳалокатли ҳужум
Пол Адамас, Би-би-сининг дипломатик масалалар бўйича таҳлилчиси
Сеҳанба кунги ҳужум кўлами бўйича кишини даҳшатга солади.
Ҳизбуллоҳ аъзолари супермаркетларда, кўчаларда, машиналарда портлаб кетди.
Портлаш ҳажман кичик бўлсада, минглаб инсонлар жароҳатланишига олиб келди.
Ҳизбуллоҳ ва Исроил қарийб бир йилдан бери кенг кўламда бўлмаган уруш ҳолатида қолаётган бир вақтда содир бўлган бу воқеа гуруҳ аъзолари жанговар руҳига жиддий зарба берди.
Исроил ҳали изоҳ бермади, лекин бу шубҳасиз унинг иши - бирор бошқа гуруҳ ёки давлатда бундай юқори даражадаги ҳужумни тайёрлаш ҳамда амалга оширишга на салоҳият, на иштиёқ йўқ.
Ҳизбуллоҳ аъзоларнинг катта қисми эндиликда жароҳат олган ва гуруҳнинг коммуникация имкониятларига уятли тарзда жиддий путур етган бир вақтда, Исроилда янада каттароқ амалиёт ўтказиш имконияти пайдо бўлмоқда.
Исроил раҳбарлари охирги кунларда Ливан билан чегарадаги мавжуд ҳарбий вазиятни ўзгартириш иштиёқи мавжудлигига ишора қилиб келаётган эди.
Якшанба куни Бош вазир Бинямин Нетаняҳу Исроил «шимолий чегарадаги кучлар мувозанатини ўзгартириши керак»лиги ҳақида гапирганди.
Ғазода уруш бошланганидан кўп ўтмай, Ҳизбуллоҳ Исроилнинг шимолий қисмларни ракеталар билан ўққа тута бошлаган ва, оқибатда, Исроил ўнг минглаб фуқароларини хавфсиз ҳудудларга кўчирган эди.
Исроилнинг жавобан ҳужумлари оқибатида Ливаннинг чегара қисмдаги тинч аҳолисининг катта қисми ҳам ўз уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.
17 сентябрь куни Исроил ҳукумати фуқароларни шимолдаги уйларига қайтаришни ўзининг урушдаги эришишни кўзлаган мақсадларидан бири эканини биринчи бор эълон қилган.
Ҳозирча, чегарада ҳарбийларнинг сезиларли ҳаракати кўзга ташланмаган, аммо 17 сентябрь кунги ҳужум Исроил-Ливан чегарасидаги таранг вазият янги босқичга кўтарилиши мумкинлигидан дарак беради.
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














