Қизиқ: Ойда кашф этилган ғор одамларга бошпана бўлиши мумкин Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, NASA
- Author, Жоржина Раннард
- Role, Илм-фан масалалари бўйича мухбир
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Одамлар бор-йўғи келаси 20-30 йилнинг ўзидаёқ Ойда яшашлари мумкинлиги айтилмоқда. Қизиқ, шунчалик тезми?..
Алоқадор мавзулар:
- Ойни ким биринчи эгаллайди – Россия, Хитой ё АҚШ?
- Ўзбекистон ва Мирзиёев,муносабат: Энди Ойни ҳам бузамиз ёки Марсда Mars City қурамиз
- Ой, Марс ва бошқа сайёралардан тижорат мақсадларида фойдаланишга оз қолдими? Россия фазо учун курашдан чиқиб кетадими?
- Инсон Марсда нима топди? Oдамлар ва дунё (видео)
Ойдаги ғор
Ойда илк ғор топилди.
Олимларнинг фикрича, чуқурлиги камида 100 метр бўлган бу ғор одамлар учун доимий база қуришга боп жой бўлиши мумкин.
Тадқиқотчилар айтишича, бу "ўрганилмаган дунё"да яширинган юзлаб ғорлардан фақат биттаси.
Мамлакатлар аллақачон Ойда доимий базалар қуриш учун беллашмоқда, аммо улар астронавтларни радиация, экстремал ҳарорат ва космик об-ҳаводан ҳимоя қилишлари керак.
Космосга чиққан биринчи британиялик астронавт Ҳелен Шарманнинг BBC News'га айтишича, янги топилган ғор база учун яхши жой бўлиши мумкин ва одамлар 20-30 йил ичида бу жойларда яшаши мумкинлигини айтди.
Аммо унинг таъкидлашича, ғор шунчалик чуқурки, астронавтлар пастга тушиш ва чиқиш учун "реактив жакетлар ёки лифт"дан фойдаланишлари керак.

Италиянинг Тренто университетидан Лорензо Бруззоне ва Леонардо Каррер ғорни теграси қояли, "Сокинлик денгизи" деб номланган текисликда радар ёрдамида топдилар.
Уни Ердан оддий кўз билан кўриш мумкин ва у Аполлон 11 1969 йилда қўнган жой ҳамдир.
Ғорга вертикал ва нишаб деворлар бўйлаб тушилади.
У миллионлаб ёки миллиардлаб йиллар илгари Ой бўйлаб лава оқиб, тошда туннель ҳосил қилганда пайдо бўлган.
Бунга ўхшаш Ердаги жой Испаниянинг Ланзароте шаҳридаги вулқон ғорлари бўлиши мумкин, дея тушунтиради профессор Каррер ва тадқиқотчилар ўз ишлари доирасида бу ғорларга боришганини қўшимча қилди.
"Бу ҳақиқатан ҳам қизиқ. Бу тасвирларга қарасангиз, инсоният тарихида буни кўрган биринчи одам эканлигингизни тушунасиз", дейди профессор Каррер.

Профессор Бруззоне ва профессор Каррер ғорнинг қанчалик катта эканлигини англаб етгач, бу ой базаси учун яхши жой бўлиши мумкинлигини тушунишди.
"Ердаги инсон ҳаёти ҳам ғорларда бошланган, шунинг учун одамлар Ойда уларда яшашлари мумкин", дейди профессор Каррер.
Ғор ҳали тўлиқ ўрганилмаган, бироқ тадқиқотчилар уни хариталаш учун радар, камералар ёки ҳатто роботлардан фойдаланишга умид қилмоқда.
Олимлар биринчи марта Ойда ғорлар мавжудлигини тахминан 50 йил олдин англаган. Кейин 2010 йилда Lunar Reconnaissance Orbiter деб номланган миссия камераси ғорга оғзи деб тахмин қилинган чуқурларни суратга олди.
Аммо тадқиқотчилар ғорлар қанчалик чуқур бўлиши ёки қулаб тушиши мумкинлигини билишмаган.
Профессор Бруззоне ва профессор Каррернинг иши ҳозир бу саволга жавоб берди, аммо ғорнинг тўлиқ кўламини тушуниш учун ҳали кўп иш қилиш керак.
"Бизда сиртнинг жуда яхши тасвирлари бор - 25 см ўлчамда. Унда биз Аполлон қўниш жойларини кўришимиз мумкин, лекин биз сирт остида нима борлиги ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Кашфиёт учун катта имкониятлар бор", дейди Европа космик агентлигининг Сайёравий ғорлар бўйича гуруҳи координатори Франческо Сауро BBC News'га.
Тадқиқот келажакда Марсдаги ғорларни ўрганишга ҳам ёрдам бериши мумкин, дейди у.
Бу Марсда ҳаёт борлиги ҳақидаги далилларни топиш учун эшик очиши мумкин, чунки агар ҳаёт ҳақиқатан мавжуд бўлса, у сайёра юзасидаги зарарли элементлардан ҳимояланган ғорлар ичида бўлар эди.
Ой ғори одамлар учун фойдали бўлиши мумкин, аммо олимлар бу Ой тарихи ва ҳатто Қуёш тизимимиз ҳақидаги фундаментал саволларга жавоб беришга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ғор ичидаги тошлар космик об-ҳаво таъсирида бузилмайди ёки эрозияга учрамайди, шунинг учун улардан миллиардлаб йиллар олдин бўлган кенг қамровли геологик маълумотларни олиш мумкин.
Тадқиқот Nature Astronomy илмий журналида чоп этилди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















