Ерда аслида қанча одам яшайди ё 8 миллиард нега шубҳа остига тушмоқда? Dunyo O'zbekiston Yangiliklar

БМТ 11 июлни Бутунжаҳон Аҳолишунослик куни деб эълон қилган. Шу куни тарқатилган ҳисоботда Ер сайёрамизнинг аҳолиси 8,2 миллиард билан 10,3 миллиард атрофида дейилади. Ушбу ҳисоботда айтилишича, Ер аҳолиси 2080 йилларгача ўсиб боради, чўққисига чиқиб сўнг аста-секин пасайиш бошланади.
Янги ҳисоботда башорат қилинишича, бугун дунёга келган инсонлар ўртача 73,3 йил умр кўрадилар, бу рақам 1995 йилга солиштирганда 8,4 йил кўп деганидир.
Алоқадор мавзулар:
Ярим асрдан ошибдики, БМТ мунтазам глобал аҳоли прогнозларини эълон қилиб келади.
Бунда БМТга аъзо мамлакатлар тақдим этган аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари, туғилиш ва ўлим нисбатлари ва бошқа демографик сўровлар жамланиб таҳлил этилади.
Демография - аҳоли сонидаги ўзгаришларни ўрганадиган статистиканинг бўлими.
Бироқ бу рақамларга қанчалар ишониш мумкин?
"Ноаниқ фан"
"Сайёрадаги одамлар сонини ҳисоблаш - бу ноаниқ фан", деди демограф олим Жакуб Бижак Би-би-сига.
Демографияга ихтисослашган иқтисодчи бўлган Саузхэмптон университети профессори Бижак аҳоли сонини башорат қилишда ишонч ҳосил қилиш мумкин бўлган бир нарса - ноаниқлик, деб тан олади.
Қўлимизда келажакни кўрсатадиган ойнак йўқ", дейди доктор Тошико Канеда, Вашингтондаги Аҳолишунослик тадқиқотлари бюросининг демографик прогнозлар бўйича эксперти.

Сурат манбаси, .
Лекин бу нарса, аҳоли сони кўпайиши бўйича прогнозларнинг рақамларини демографлар "ҳаводан олиб" ёзиб қўядилар, дегани эмас.
"Бу биз қўлга киритган тажриба, билим ва қўлимизда мавжуд ҳар бир маълумот устида қаттиқ ўйлаш дегани. Бу машаққатли вазифа", дейди Доктор Канеда.
Демограф олимлар ўз прогнозларини мунтазам янгилаб келадилар.
Мисол учун, шу йил БМТ 2100 йилга бориб Ер аҳолисининг сони бундан 10 йилча олдин башорат қилинганига солиштирганда 6 фоиз кам бўлади, деган прогнозни берди.
Маълумотлар тез-тез ўзгариб турганига қарамасдан, аҳолишунослик фани ҳукуматлар учун, бошқа сиёсат юритувчиларнинг келажакка оид қарорларини қабул қилишлари учун ўта муҳим фан бўлиб қолмоқда.
Хўш, БМТнинг сўнгги тадқиқотида қандай рақамлар келтирилади?
Сўнгги глобал тренд
2024 йилги Жаҳон аҳолиси истиқболи тадқиқотида айтилишича, "дунё аҳолисининг ҳар тўртдан бири аллақачон чўққисига чиққан мамлакатда яшамоқда".
Аммо, шунга қарамасдан, жаҳоннинг 126 мамлакати ва ҳудудларида аҳоли ўсишда давом этаяпти ва бу ўсиш яна 30 йилча кузатилади.
Туғилиш дунёнинг энг аҳолиси зич мамлакатлари - Ҳиндистон, Индонезия, Нигерия, Покистон ва АҚШда кўпаймоқда.
Тадқиқотдаги яна бир муҳим янгилик - дунё бўйлаб умр кўриш узунлиги Ковид пандемиясидан кейин яна ўсишни бошлаган.
Бутун дунё бўйлаб ўртача умр узунлиги ўсиши кузатилаяпти, бу дегани, бугун туғилган чақалоқларнинг ўртача умри 73,3 йилни ташкил этади.
Бу 1995 йилда туғилганларга солиштирганда 8,4 йил узун деганидир.
"Ўлимлар сонининг тобора камайиб бориши натижасида 2054 йилга бориб Ер юзидаги ўртача умр 77,4 йилни ташкил этади", дейилади ҳисоботда.
Иммиграция аҳоли ўсишига туртки беради
Дунёнинг турли бурчакларида аҳоли ўсиши турлича кузатилади. Ангола, Марказий Африка республикаси, Конг Демократик республикаси, Нигер ва Сомалида охирги 30 йилда туғилишлар сони ортгани кузатилди. Бу мамлакатларнинг аҳолиси яқин келажакда икки баравар кўпаяди деб тахмин қилинаяпти.
Бироқ, БМТ тадқиқотига биноан, дунёнинг айрим мамлакатларида иммиграция аҳоли ўсишининг асосий локомотиви бўлади.
Аҳолисининг сони аллақачон ўз чўққисига чиқиб бўлган мамлакатлар, жумладан, Германия, Япония, Италия, Россия ва Таиланддаги маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, агар муҳожирлар бўлмаганида бу мамлакатлар аҳолиси сонининг энг юқори кўрсаткичига анча олдинроқ етган бўлардилар ва бу кўрсаткич анча паст бўлган бўларди.
Ҳисоботда мигрантлар айрим мамлакатлардаги аҳоли сони 2054 йилга бориб ўз чўққисига кўтарилишига ҳисса қўшишлари башорат қилинаяпти.
Булар Австралия, Канада, Қатар, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб амирликлари ва АҚШдир.
"Миграция сайёрадаги одамларни ҳар тарафга тарқатишнинг механизми сифатида тобора ортиб бораётган тортиш кучига айланмоқда. Бироқ айрим мамлакатлар муҳожирларни умуман жалб этмайди ёки фақат бир ўн йиллик мобайнида, чекланган сонда жалб этган", дейди профессор Бижак.
Профессор Бижак билдиришича, айрим мамлакатлар сўровлар ёки аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиб борадилар, бироқ улар "озчилик - аксари Европадаги, Шимолий Америкадаги ривожланган мамлакатлар, Австралия ва Янги Зеландия".
Ва профессорнинг қўшимча қилишича, аҳоли сонини ўрганишда баъзи мамлакатлар "мобиль телефонлар жойига ўхшаш" муқобил йўллардан фойдаланишни маъқул кўрадилар, аммо бунга асосланган маълумотлар ишончли эканига ишонч ҳосил қилиш учун уларни ҳали яхшироқ ўрганиш талаб қилинади.
Доктор Канеда айтишича, мигрантлар оқимини ўрганиш муҳим, чунки бу оқим туғилиш кўрсаткичларини жуда тез ўзгартириш хусусиятига эга.
"Бугун туғилиш кўрсаткичи паст бўлган мамлакатларни ҳам мен нолга тушиб қолади, деб башорат қилмайман. Бу нарса бунчалик тез ўзгармайди. Бироқ табиий офат ёки уруш туфайли юзага келадиган муҳожирлик бу кўрсаткични бир кечада ўзгартириши мумкин".
Лекин халқаро миграция муаммо ечими деб кўрилмаслиги керак, дейди БМТ Аҳолишунослик бўлимининг Демографик таҳлил идораси раҳбари Клейр Меноци.
Миграциянинг ёлғиз ўзи аҳоли сони камайиши ёки узоқ муддатли аҳоли кексайиши "давоси" бўлолмайди. Шунинг учун ҳам универсал ва ортга қайтариш имконсиз бўлган жараён - демографик ўтишга "ечим" деб қаралмаслиги лозим.
Аҳоли сонини ҳисоблаш нега муҳим?
Мамлакатдаги аҳоли сонини ўрганиш хабардор қилиш ва сиёсатни бошқариш воситаси сифатида узоқ тарихдан буён фойдаланиб келинади.
Демографлар ишонишича, Месопотамия(бугунги Ироқ)даги Бобил империяси милоддан аввалги 4000 йил олдин ўз аҳолисининг сонини санаган.
Ўшандан буён аҳолини рўйхатга олиш технологияси қўлланиб келинади, аммо аҳолишуносларнинг иши енгил бўлиб қолгани йўқ.
Доктор Канеда сўзларига кўра, ҳатто АҚШдек ривожланган мамлакатларда ҳам аҳоли сонига оид энг аниқ маълумотни қўлга киритиш ҳам "қатор мушкулликларга дуч келади", бунинг сабаблари "тобора ортиб бораётган ҳукуматга ишонмаслик ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги билан боғлиқ хавотирлар"дир.
"Маълумот йиғишга сарфланган ҳар бир доллар $32 фойда келтиради"
Доктор Канеда сўзларига кўра, кўплаб ривожланаётган мамлакатларда бюджет маблағларини тежаш мақсадида маълумотларни тўплаш ташкилотларига мўлжалланган маблағларни "кесиш"га қарор қилинади. Кейинроқ эса аҳолига оид маълумотларни тўплаш иши кам ривожланган ва камбағал мамлакатларга янада кўп харажатлар ва мураккабликларни келтириб чиқаради.
Шунинг учун ҳам БМТ, "маълумотлар тизимини кучайтиришга сарфланган ҳар бир доллар 32 долларлик иқтисодий наф келтиради", дейди.
БМТ дунёдаги энг заиф қатламларга оид маълумотларни йиғишга устувор вазифа деб ёндашишни тавсия этади.
"Мисол учун, ўспирин оналар(15-19 ёшлилар) яшайдиган жойлар ҳақидаги маълумотлар жуда кам бўлган минтақалар ўсмир қизларнинг фарзандлари ҳақидаги маълумот жуда оз минтақалардир", дейилади ҳисоботда.
Энг охирги Жаҳон Аҳолиси истиқболи БМТнинг аҳоли ўсиши прогнозларига бағишланган 28-ҳисоботидир.
Бу тадқиқотни тайёрлашда 1950, 2023 йиллар орасида турли мамлакатларда ўтказилган 1700 аҳолини рўйхатга олиш, шунингдек, 2890 миллий сўровлар маълумотларидан фойдаланилган.
Прогнозни тайёрлашда Вашингтон Университетининг Саломатлик Метрикаси ва баҳолаш институти ҳамда Венадаги Виттгенштейн Маркази олимлари кўмаклашганлар.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















