Ҳалол ё ҳаром: Болага бошқа аёлнинг сутини бериш нега Ислом оламида зиддиятли?

Чақалоқ

Сурат манбаси, Reuters

Покистон чақалоқларни ўлим ва касалликлардан қутқариш учун бошлаган она сутини йиғиш амалини тўхтатди. Бунга Исломий олимлар эътирози сабаб бўлди.

Покистон уламолари бошида ушбу лойиҳани маъқуллаган эдилар.

Бироқ она сути банки очилишидан бир неча кун олдин Карочи шаҳридаги мадраса бу Шариатга зид бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фатво билан чиқди.

Алоқадор мавзулар:

Сут банки нима?

Она сутлари банки бемор ва чала туғилган чақалоқлар учун ҳаёт-мамот ролини ўйнайдиган муассаса бўлиши мумкин.

Бунда она сутини беради, инсон танасидан чиққан биологик материал клиник текширувлардан ўтказилади, тест қилинади ва музлаткичга жойлаштирилади. Сўнг ўз онасининг сути йўқ янги чақалоқни ўша сут билан эмизишади.

Малайзия ва Эрон сингари айрим мусулмон мамлакатларида ана шундай она сутлари банклари фаолият юритади.

Бироқ айрим уламолар бу амалиёт Ислом динининг кўкрак билан эмизиш борасидаги қонунларига зид деб талқин берадилар.

Нега сут банклари баҳсли?

Оила

Сурат манбаси, Rahim Shah

Ислом динида биологик қариндоши бўлмаган аёлнинг чақалоқни эмизиши натижасида аёл ва бола ўртасида "сут қариндошлиги" юзага келади ва бир онани эмган болалар ака-ука ёки опа-сингиллар деб кўрилади.

Қадимда уларни кўкалдошлар деб атаганлар.

Покистонда айрим уламолар инсон сути банкини ташкил этиш Ислом шариатига зид, ҳаром ташаббус деб фатво бердилар.

Бироқ Покистон расмийлари "сут банкини Ислом шариатига тўла мос" барпо этганини айтдилар.

Тиббиёт расмийларидан бири Доктор Азро Печухонинг Би-би-сига айтишича, у болага кўкрак сутини берадиган аёллар шаритга тўла мос келиши ҳақидаги кафолат хатини Исломий мафкура Кенгашига юборган.

"Сут берадиган аёл рўйхатга олинади ва бу аёл ҳақидаги маълумот чақалоқнинг ота-онасига ҳам етказилади. Бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумот ҳам сақланади", деди доктор Печухо ва бу билан эмакдошга айланган ўғил ва қизнинг келажакда турмуш қуриши мумкинлиги ҳақидаги хавотир аритилишини айтди.

Доктор Печухо ҳозир уламоларнинг қаршилигини она ва чақалоқларни аниқ ажратиш билан енгиб ўтишга умид қилмоқда.

Бунда чақалоғи ўғил оналарнинг сути фақат ўғил болаларга, чақалоғи қиз оналарнинг сути фақат қизларга берилиши назорат қилинади.

Туркиядаги исломий уламолар 2012 йили худди шу ёндашувни маъқуллаганлар.

Фатволар

Иқтибос

Сурат манбаси, .

Карочи она сути банки илк бор 2023 йил 25 декабрида тегишли исломий идорадан маъқулловни қўлга киритган эди.

Бунда сут донори бўлган аёлнинг маълумотлари сут эмаётган чақалоқнинг қариндошларига тақдим этилиши шарти қўйилган эди.

Фақат мусулмон онанинг сути мусулмон болага берилиши ҳам талаб қилинган.

Бунда сут учун пул олинмаслиги лозим.

Банк сути фақат 34 ҳафтадан кам ҳомиладорлик ортидан дунёга келган чақалоқларга ва фақат агар онаси эмизишга қодир бўлмаса берилиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Покистонда ҳар бир қонун ва ҳукумат қарорлари Шариат ёки Исломий қонунларга мувофиқ келиши талаб қилинади.

Маҳаллий расмийлар она сути банки борасида ҳамма талабларга жавоб беришларига тўла ишончда эканликларига қарамасдан, Карочи шаҳридаги Дорул-Улум мадрасаси бу амалиёт Шариатга зид деган фатво чиқарди.

2024 йил 16 июнда чиқарилган фатвода айтилишича, сут банкининг Исломий қонунларнинг барча талабларини қондириши қийин бўлади.

Бола саломатлиги ва Неонатология бўйича Синдх Институти (SICHN) Дорул-Улум фатвосини олгандан кейин сут банки фаолиятини тўхтатишдан ўзга чораси қолмаганини айтади.

"Биз Карочи Дорул-Улуми ва Исломий Мафкура бўйича кенгашдан ушбу масала бўйича кейинги йўл-йўриқларни кутиб қоламиз", дейилади SICHN тарқатган баёнотда.

"Биз ўзимизнинг саломатлик ташаббусларимиз нафақат илмий жиҳатдан, балки диний нуқтаи-назардан ҳам талабларга жавоб беришини истаймиз", дейилади баёнотда.

Кўкрак сути

Афғонистонлик оналар чақаловлари билан

Сурат манбаси, EPA

ЮНИСЕФ маълуотларига кўра, Покистонда туғилган 1000 чақалоқнинг 54 нафари вафот этади.

Мамлакат расмийлари ушбу рақамни 2030 йилга бориб 12 га туширишни мақсад қилганлар.

Кўкрак сути чақалоқ ўсиши учун зарур озуқа моддалари билан бирга иммунитет ҳам беради.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, "агар 0-23 ойлик чақалоқлар оптимал кўкрак сути билан эмизилганида ҳар йили 5 ёшдан кичик 820000 дан ортиқ боланинг ҳаётини асраб қолиш мумкин эди".

Покистон дунёдаги аҳолиси энг кўп бешинчи мамлакат.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Покистонда чақалоқлар ўлими Жануби Шарқий Осиёдаги энг баландидир.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002