Инсон ўлмас бўладими? Физик Митио Каку – яқинлашиб келаётган янги давр ҳақида

Сурат манбаси, Getty Images
Америкалик назариётчи физик ва илм-фан тарғиботчиси Митио Каку квант даври инсоният келажагини белгилаб беришига ишонади. Унинг фикрича, сунъий интеллектнинг ножўя томонга ривожланишидан жиддий қўрқишга ҳали эрта ва квант компьютерлари инсониятнинг кўплаб энг жиддий муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради - биттаси бундан мустасно.
77 ёшли Митио Каку мураккаб илмий назарияларни оддий ва содда тилда кенг оммага тушунтира оладиган, назарий физикани оммалаштирувчи олим сифатида кенг танилган.
Каку Нью-Йорк университетининг назарий физика профессори ва кўплаб китоблар муаллифи, жумладан, "Худо тенгламаси: Ҳамма нарса назариясига интилиш", "Келажак физикаси" ва "Квант устунлиги: квант компьютер инқилоби қандай бўлади".
Ана шу охирги китобида у квант компьютерларининг инсоният олдида турган энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш имкониятларини баён қилади, бир қатор касалликларни бартараф қилишдан тортиб, сайёрамизнинг доимий ўсиб бораётган аҳолисини боқишгача.
Келиб чиқиши япониялик бўлган америкалик физикнинг фикрича, сунъий интеллект инсониятга хавф туғдириши мумкин, аммо уни бошқаришни ўрганиш учун вақт ҳали етарли.
Би-би-си Митио Какудан ўз китобида тасвирланган келажак ҳақидаги ўйлари билан бўлашишни сўради.

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си: Китобларингизда одамнинг "учта мияси" борлигини қайта-қайта айтгансиз. Нимани назарда тутгансиз ўшанда?
Митио Каку: Инсон миясига назар ташласангиз, у камида уч қисмдан иборатлиги аён бўлади. Орқа қисми судралиб юрувчилар мияси бўлиб, у озиқ-овқат ёки ўлжани таниб олиш ва биз уч ўлчовда ўзимизни топадиган муҳитни таҳлил қилиш учун ишлайди. Инсон эволюцияси билан унинг мияси тобора мураккаблашди. Унда лимбик тизим деб аталадиган, яъни ижтимоий иерархияда ўринни кўрсатувчи, мотивация, ҳис-туйғулар ва ҳатти-ҳаракатлар учун масъул бўлган марказ вужудга келди, Бу ижтимоий ёки «маймун» мияси.
Ниҳоят, миянинг олд қисми префронтал кортекс вужудга келган. Миянинг бу қисми ўзига хос вақт машинасидир. У келажакни кўради, воқеалар қандай ривожланишини ўйлайди.
Би-би-си: Келажакни кўриш қобилияти ҳамма одамларда тенгми?
M.K: Оддий одамнинг мияси даҳонинг миясидан нимаси билан фарқ қилади? Оддий одамнинг мияси фақат бир лаҳзалик имкониятларга таъсир қилади, яъни у фақат бевосита кўз олдида бўлганларни ҳисобга олади. Бундай мия деярли ҳеч нарсани режалаштирмайди. Мисол учун, баъзи майда ўғрилар фақат бевосита кўрган нарсаларни илиб кетади. Улар режалаштиришга қодир эмас. Ваҳоланки, буюк мутафаккирлар табиат уларга инъом этган бу вақт машинасидан моҳирона фойдаланади. Улар келажакни моделлаштириши мумкин. Улар табиат қонунларини тушунадилар, шунинг учун улар ҳозирни келажакка проекция қилишлари ва у қандай бўлишини аввалдан тахмин қилишлари мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си: Бугунги билганимизга асосланиб, кейинги 100 йил ичида инсоният қиладиган энг буюк кашфиёт нима бўлишини айта оласизми?
M.K: Ўтмишдаги энг катта илмий ютуқлар жуда кичик ва жуда катта нарсаларга тегишли эди.
Кичкина деганда, албатта, инсон миясининг тузилиши ва функциясини ҳамда генетикани назарда тутяпман. Жуда каттаси эса Катта портлаш назарияси. Ҳозир биз коинотни квант назарияси нуқтаи назаридан кўриб чиқишни бошладик.
Кейинги катта сакраш каттани кичик билан бирлаштира олганимизда, генетика ва инсон миясини тушуниш учун квант назариясини қўллаганимизда содир бўлади.
Бунда бизга квант компьютерлари ёрдам бериши керак. Қайсидир маънода бундай квант компьютери она табиатнинг ўзидир. Ҳозир биз иккилик кодда ишлайдиган компьютерлардан фойдаланамиз. Аммо табиат бошқача ишлайди. У рақамли ақлдан фарқли ўлароқ, нолларда ҳам, бирларда ҳам ўйламайди. Унинг квант ақли бор. Бу ақл атомлар, электронлар ва фотонларни тушунади. Улардан олам тили тузилган. Айнан шу нарса илм-фандаги навбатдаги катта ютуқ бўлади.
Би-би-си: Бу катта сакрашни фақат физикада кутишимиз керакми ёки у бошқа фанларга, масалан, тиббиётга тарқаладими?
M.K: Замонавий тиббиёт синов ва хато билан ишлайди. Келинг, ушбу дорини синаб кўрайлик. Иш берадими? Билмаймиз. Майли, бошқа нарсани синаб кўрайлик. Бу ёрдам берадими? Яна биз билмаймиз. Хўш, учинчисини синаб кўрайлик.
Кўплаб мўъжизавий даволар тасодифан топилган. Бироқ, квант назариясини тиббиётга татбиқ қилсак, у ҳолда молекуляр даражада тадқиқот олиб борилади. Сиз ҳар бир алоҳида молекуланинг қандай ишлашини кўришингиз ва тушунишингиз мумкин бўлади.

Сурат манбаси, .
Шундан сўнг мавжуд билимлардаги бўшлиқларни тўлдиришни ва том маънода нолдан янги дори-дармонларни яратишни бошлайсиз. Бу кимёгарлар ишсиз қолишини англатадими, улар бизга энди керак эмасми? Бу квант компьютерлари барча ишларни бажаришини англатадими? Йўқ.
Келажак кимёгарлари кимёвий реакцияларни тушуниш учун квант назариясидан фойдаланади. Келажак биологлари ДНКни чуқурроқ тушуниш учун квант назариясидан фойдаланади. Аммо фақат кимё ва фақат биологияни ўрганган шифокорлар ва олимлар ишсиз қолади. Чунки келажак квант механикаси бўлади ва биз квант механикаси асосида дори яратамиз.
Би-би-си: Бу биз ўлмас бўламиз деганими? Хўш, ўшанда саратон бўлмайдими?
M.K: Квант компьютерлари саратон касаллигини енгишга ёрдам беради. Биз келажакда саратон пайдо бўлишини анча олдин башорат қила оламиз. Айтайлик, сизнинг ДНК кодингиз ҳар сафар, масалан, душ қабул қилганингизда ёки ҳожатхонага борганингизда осон ўқилиши мумкин. ДНКнинг ҳозирги ҳолатига асосланиб, келажакда сизни нима кутаётганини тахмин қилиш мумкин бўлади. Саратон ўн йил олдин башорат қилиниши мумкин.
Қўшма Штатларда сиз ҳозирдаёқ саратон касаллигини аниқлаш учун қон топширишингиз мумкин. Зотан, бундай таҳлил саратон касаллигингиз бор ёки йўқми, аниқ жавоб беради. Келажакда "ўсимта" сўзи худди касалликка нисбатан қўлланиладиган "саратон" сўзи каби тилимиздан шунчаки йўқолади.

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си: Ҳозирги кўринишидаги интернет ҳам мавжуд бўлмайди, биз дунё ахборот тармоғига бевосита мия орқали, яъни ақл орқали боғланамиз деган эдингиз...
M.K: Келажак интернети рақамли бўлмайди. Рақамли технология жуда секин ва жуда қўпол. Келажак Интернети квант бўлиб, мия билан бирлашади. У "брейнет" (инглизча brain ва network) деб номланади. Инсон шунчаки ўйлайди ва унинг фикрлари бошқа фикрлар ёки нарсалар билан ўзаро боғланиб, бутун дунёга тарқалади.
Шундай қилиб, бизга энди симлар керак бўлмайди. Фақат ўйлаш кифоя, қолганини Брейнет қилади. Инсон шунчаки ўйлайди ва унинг фикрлари бутун дунёга тарқала бошлайди.
Би-би-си: Сўнгги пайтларда кўплаб олимлар сунъий интеллектнинг тарқалиши билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳақида гапирмоқдалар. Ушбу соҳадаги келажакни қандай кўрасиз?
M.K: Ҳа, бир кун келиб машиналаримиз жуда ақлли бўлиб, бизга ҳужум қилади, деганлар бор.
Бугунги кунда инсоният учта таҳдидга дуч келмоқда: ядро уруши эҳтимоли, биологик қуроллар ва глобал исиш. Бироқ, биз ушбу рўйхатга тўртинчи хавфни қўшишимиз керак бўлади: сунъий интеллект. Аммо унинг ривожланиши иккита потенциал таҳдид билан тўла ва улар бутунлай бошқача.
Улардан биринчиси жуда аниқ ва алоҳида одамларнинг ҳаётига бевосита таҳдид солади: юз хусусиятларини таний оладиган ва исталган вақтда қасддан ёки тасодифан ҳар кимни ўлдириши мумкин бўлган дронлар. Шундай қилиб, автоматик киллерлар пайдо бўлади. Уча оладиган, ҳудудни кузата оладиган, маълум бир одамни аниқлай оладиган ва уни ўлдирадиган, масалан, қандайдир аварияга сабаб бўладиган машина. Бунга урушлар ҳам киради, яъни бир давлатнинг душман мамлакат аскарларини ўлдиришга қасддан уриниши.
Бу кейинги бир неча йил ичида содир бўлади. Аммо иккинчи таҳдид жиддийроқ ва узоқ муддатли. Бу инсон ақлига яқинлашадиган сунъий интеллект пайдо бўлганда келади.
Тўғри, бунгача ҳали узоқ. Аммо эртами-кечми бизнинг роботларимиз ақл-идрок бўйича сичқонларга тенглашади. Кейин улар қуёндек ақлли бўлишади. Кейин навбат ит ва мушукларга келади ва охир-оқибат уларнинг фикрлаш қобилияти маймунларники билан тенглашади. Шу пайтда улар потенциал хавфли бўлиб қолади, чунки маймунлар маймун ва одам ўртасидаги фарқни тушунишади.
Шундай экан, менимча, 100 йилдан кейин бизда одамлардан деярли фарқ қилиб бўлмайдиган роботлар пайдо бўлиши мумкин. Айни пайтда улар ўз фикрларини ривожлантирмасликлари ва бизга ҳужум қилишни хаёлларига ҳам келтирмасликлари учун ҳамма нарсани қилишимиз керак. Биз уларнинг миясига чип ўрнатишимиз керак бўлади, агар улар ҳатто қотиллик ҳақида ўйласа, уларни ўчиради.
Аммо менимча, бу ҳали узоқ йўл ва сунъий интеллект бундай даражага етгунча кўп вақтимиз бор. Бевосита хавф-хатарни дронлар келтириб чиқаради, улар ҳар қандай одамни, исталган жойда ўлдириши мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си: Квант компьютерлари келажагимизни қай даражада шакллантиради?
M.K: Баъзи одамлар квант инқилоби шу қадар кенг кўламли оқибатларга олиб келадики, у барча касалликларни йўқ қилади, деб ҳисоблашади. Квант компьютерлари аслида жуда кўп иш қила олади. Ўйлайманки, улар куни келиб қариш муаммосини ҳал қилади ва одамлар кексаликдан ўлишни тўхтатади.
Биз қарилик муаммосини назарий жиҳатдан ҳал қила оламиз, аммо квант компьютерлари инсониятни мулоқот жараёнида юзага келадиган шахслараро муаммолардан қутқариши мумкинлигига шубҳам бор. Бу жараёнлар ҳам жуда мураккаб, чунки улар ижтимоий ўзаро таъсирлар фонида содир бўлади. Ҳар ҳолда, биз одамларни бирлаштиришнинг қандайдир йўлини топишимиз, тинимсиз уруш олиб бориш ўрнига уларни тинч-тотув яшашга ундашимиз керак.
Би-би-си: Квант даври қандай муаммоларни ҳал қила олмайди?
M.K: Менимча, компьютерлар биттасидан ташқари кўп муаммоларни ҳал қила олади. Улар глобал исиш муаммосини ҳал қилишда ёрдам беришига ишонаман. Улар бизга ядровий чиқиндиларни ишлаб чиқармайдиган термоядро станцияларини бериши мумкин. Улар саратон, Альцгеймер касаллиги ёки Паркинсон синдроми каби касалликлар учун янги дори воситалари яратади, улар, албатта, жамият фаровонлигини ошириш манбасига айланади.
Аммо квант компьютерлари ҳозирда ҳал қила олмайдиган бир нарса бор: уруш ёки ҳасад каби инсоний заифликларни йўқ қилиш.
Эволюция бизга жанг қилиш қобилиятини берди, ўзимизни ҳимоя қилиш қобилиятини берди. Эволюция бизга кўплаб хусусиятларни берди, улардан баъзилари фойдали ва инсониятга фойда келтиради, бошқалари эса йўқ. Аммо эволюцияга бу қизиқ эмас. Бу шунчаки омон қолишга қодир одамларни яратади. Агар омон қолиш учун бошқа одамларни ўлдириш керак бўлса, эволюция нуқтаи назаридан, шундай бўлади. Шунинг учун одамлар мукаммалликдан жуда узоқдир.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













