Яҳудий келгиндилар Ҳамас йўқ қилингач, Ғазо соҳилларига кўз тикмоқда

BBC/GOKTAY KORALTAN

Сурат манбаси, BBC/GOKTAY KORALTAN

Сурат тагсўзи, Бенямин Нетаняҳу ҳукумати остида келгиндилар сони кескин ошмоқда.
    • Author, Орла Герин
    • Role, Би-би-си, Ғарбий соҳил

Денгиз соҳилида уйи бўлишини ким ҳам истамайди? Исроилнинг айрим ўта ўнглари учун орзудаги соҳиллар орасида энди Ғазо соҳиллари ҳам бор.

Исроилнинг кўчириш ҳаракати фаоли 78 ёшли Даниелла Вайсдан сўранг, у аллақачон Ғазога кўчиб ўтишга тайёр 500 та оила рўйхатини кўрсатади.

Алоқадор мавзулар:

"Тел-Авивда дўстларим бор, - дейди у, - улар менга: "Ғазо соҳилида бизга ҳам ер қолсин", дейишади, чунки бу олтинранг товланувчи гўзал қумли қирғоқ."

У уларга қирғоқдаги жойлар аллақачон бандлигини айтади.

Вайс хоним «Нахала» ёки «Ватан» деб номланган радикал келгиндилар ташкилотига раҳбарлик қилади. Ўнлаб йиллар давомида у 1967 йилги Яқин Шарқ урушида Исроил босиб олган Фаластин ерлари - Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда яҳудий аҳоли пунктларини барпо этди.

Келгиндилар ҳаракатининг баъзилари 2005 йилда Исроил қўшинлари олиб чиқилиб, 21 аҳоли пункти демонтаж қилинган ва 9000 га яқин келгинди армия томонидан эвакуация қилинганидан бери Ғазога қайтишни орзу қилади. (Ўша вақтда Ғазодан репортаж тайёрлаётганимда, ҳудуддан судраб олиб кетилган кўпларни кўргандим.)

BBC

Кўплаб келгиндилар буни давлатга хиёнат ва стратегик хато деб билишган.

Ижтимоий сўровлар исроилликларнинг аксарияти Ғазога кўчирилишга қарши эканлигини кўрсатмоқда ва бу ҳукумат сиёсати эмас, лекин 7 октябрь куни Ҳамас ҳужумлари содир бўлганидан бери бу ҳақда Исроил ҳукуматидаги энг баланд ва кескин овозлар янграмоқда.

Вайс хоним ғурур билан менга яҳудий аҳоли пунктларини билдирувчи пушти нуқталар бўлган Ғарбий Соҳил харитасини кўрсатди. Нуқталар харита бўйлаб тарқалиб, фаластинликлар ўз давлатини қуришга умид қилаётган ерни қамраб олган.

Ҳозирда бу ҳудудларда 700 000 га яқин яҳудий келгиндилар бор ва уларнинг сони тез ўсиб бормоқда.

Халқаро ҳамжамиятнинг катта қисми аҳоли пунктлари халқаро ҳуқуқ жиҳатидан, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан ноқонуний деб ҳисоблайди. Исроил бунга қарши.

BBC/GOKTAY KORALTAN

Сурат манбаси, BBC/GOKTAY KORALTAN

Сурат тагсўзи, Даниелла Вайс этник қирғин айбларини инкор қилмайди.

Биз Даниеллани Ғарбий Соҳил бўйидаги Кедумим қишлоғидаги уйида учратамиз. У ерда қизил томли уйлар тепалик ва водийларни қоплаган. Қўли гипсда бўлишига қарамай, у доимо ҳаракатда.

Ҳозирда 2,3 миллион фаластинлик истиқомат қилаётган, кўплари очликдан азият чекаётган Ғазо унинг назарида келажакда яҳудийларники бўлади.

"Ғазолик араблар Ғазо секторида қолмайди, - дейди у. - Ким қолади? Яҳудийлар."

Унинг таъкидлашича, фаластинликлар Ғазони тарк этмоқчи ва бошқа давлатлар уларни қабул қилишлари керак.

"Дунё кенг жой, - дейди у. - Африка ажойиб. Канада ажойиб. Дунё Ғазо халқини ютиб юборади. Буни қандай қиламиз? Биз буни рағбатлантирамиз. Ғазодаги яхши фаластинликлар имкониятга эга бўлишади, улар кетишни исташади."

Фаластинликлар ўз ватанларини тарк этишни хоҳлаётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. Кўпчилик ҳозир жон сақлаб қолиш учун вақтинчалик қочаётган бўлса ҳам. Аксарият фаластинликлар учун чиқиш йўли йўқ. Чегаралар Исроил ва Миср томонидан қаттиқ назорат қилинади ва ҳеч бир хорижий давлат уларга бошпана таклиф қилмаган.

Мен унга унинг гаплари этник тозалашга ўхшаётганини айтдим. У буни инкор этмайди.

"Сиз буни этник тозалаш деб аташингиз мумкин. Яна бир бор такрорлайман, араблар истамайди, оддий араблар Ғазода яшашни хоҳламайдилар. Агар сиз уни тозалаш демоқчи бўлсангиз, апартеид демоқчи бўлсангиз, ихтиёрингиз. Мен Исроил давлатини ҳимоя қилиш йўлини танлайман."

Бир неча кундан сўнг, Даниелла Вайс бошқа бир кўчманчи яҳудий уйидаги йиғилишда бошқаларни ҳам Ғазога кўчишга ундайди.

У проектор орқали Ғазонинг янги харитаси, ундаги янги аҳоли пунктларини ва "Ғазога қайтинг" деб номланган варақаларни кўрсатди.

"Одамлар мендан бунинг амалга ошиш эҳтимоли қанчалик деб сўрашади?" дейди у.

"Мен бу қоронғи тоғларга келиб, уни жаннатга айлантирганимда қандай имконият бор эди?"

Йиғилганлар аллақачон унинг гапларига ишонгандек туюлди. "Мен дарҳол қайтишни хоҳлайман, - дейди Сара Манелла. - Улар чақиришса, Гуш Катифга (Ғазо секторидаги собиқ Исроил турар-жой блоки) қайтаман."

У ерда яшаётганларчи, деб сўраймиз.

BBC/GOKTAY KORALTAN

Сурат манбаси, BBC/GOKTAY KORALTAN

Сурат тагсўзи, Айрим ноқонуний жамлоқлар аллақачон ўзларининг чегара нуқталарини ўрнатишган.

"Ҳозир бўш, - деб жавоб беради у. - Ҳозир аҳоли пунктини қаерда қуриш ҳақида ўйлаш шарт эмас, фақат орқага қайтиб, янги турар-жой қуриш керак."

Ғазо бўм-бўш эмас, лекин унинг катта қисми Исроилнинг қарийб олти ойлик тинимсиз бомбалашидан сўнг йўқ қилинди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Хосеп Боррелнинг айтишича, бу дунёдаги "энг катта очиқ қабристон".

Ҳамас бошқарувидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 32 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти аёллар ва болалар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вазирлик маълумотларини ишончли деб ҳисоблайди.

Исроил ҳукуматидаги баъзилар учун ҳозир қонга ботган Фаластин ҳудуди кўчиб боришга тайёр. Улар орасида Исроилнинг ўта ўнг Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ҳам бор.

Январь ойи охирида у гавжум конференция залида, Ғазога қайтиш учун кампания олиб бораётган 1000 га яқин ўта миллатчи дўстлари орасида эди. Тадбир номи: "Кўчиш хавфсизлик олиб келади" эди.

"Эмиграцияни рағбатлантириш" тарафдори бўлган Бен Гвир йиғилишда қатнашган ўнлаб вазирлар орасида эди.

"Уйга қайтиш вақти келди, - деди у саҳнадан баланд қарсаклар остида. - Исроил юртига қайтиш вақти келди. Яна 7 октябрни истамасак, уйга қайтиб, ерни назорат қилишимиз керак".

Ёйилган дарахт соясида Яҳуда Шимон шохларга осилган гамакда икки ўғли билан ўйнамоқда.

У бу ерда, Ғарбий Соҳил бўйидаги Ҳават Гилад ёки Фаластиннинг Наблус шаҳри яқинидаги Гилад фермаси деб номланган кўчманчилар манзилгоҳида 10 нафар болани тарбиялаган.

Яҳуда Шимон Ғазо яҳудийларники бўлиши кераклигига ишонади.

Сурат манбаси, BBC/GOKTAY KORALTAN

Сурат тагсўзи, Яҳуда Шимон Ғазо яҳудийларники бўлиши кераклигига ишонади.

Унинг атрофида, Фаластин қишлоқлари бор, энг яқини 500 метр нарида. Унинг айтишича, улар ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқ.

Шимон Ғазо секторининг собиқ резиденти бўлиб, қайтиш учун «Худо берган» ҳуқуқни даъво қилмоқда.

"Биз қайтишимиз керак. Бу Исроилнинг бир қисми, - дейди у. - Бу ер Худо бизга берган ер, сиз Худонинг олдига бориб, "Майли, сиз уни менга бердингиз, мен эса бошқа одамларга бердим", деб айтолмайсиз. Йўқ. Охир оқибат Ғазога қайтишимизга ишонаман".

Мен бу фаластинликлар учун нимани англатишини сўрайман.

"Уларнинг дунёда яна 52 та жойи бор, - дейди у, - 52 мусулмон давлати". Унинг айтишича, янги Ғазо "иккинчи Тел-Авив"га айланади.

Ғарбий Соҳилдаги шунга ўхшаш манзилгоҳлар катта аҳоли пунктлари билан бирга кўпайиб, Фаластин ҳудудини парчалаб, кескинликни кучайтирмоқда.

Узоқ вақтдан бери яҳудий аҳоли пунктларини "тинчлик йўлидаги тўсиқ" сифатида қоралаб келган БМТга кўра, 7 октябрдан бери фаластинликларга келгиндилар ҳужуми кучайган.

Ҳозир турар-жой ташкилотлари эътиборини Ғазога қаратди.

Келгиндиларнинг Ғазо қирғоқларига етиб бориши қанчалик имконли?

Тажрибали исроиллик журналист менга бундай бўлмаслигини айтади. "Ғазога кўчиш ҳақидаги чақириқлар сиёсатга айлантирилмайди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002