Россия яна шантаж қилдими - Ўзбекистондан акс-садо O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Владимир Путин

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Бу гал ҳам топшириқни шахсан Путиннинг ўзи берган...
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Россия ўз сўзини айтди. Буёғи нима бўлади?

Дунёда янги хавотирлар бўй кўрсатди.

Вазият шунчалик жиддийлашдими?

Алоқадор мавзулар:

Россия яна мушакларини кўрсатиб қўйди - Путин нима қилмоқчи?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Нима бўлди?

Россия дунёнинг ядровий арсенали энг катта давлати бўлади.
Сурат тагсўзи, Россия дунёнинг ядровий арсенали энг катта давлати бўлади.

Россия дунёга яна ўзининг мушакларини кўрсатиб қўймоқчи.

Сўнгги икки йилча вақтнинг ўзида учинчи бор ядровий зарба беришни машқ қилмоқчи.

Бу гал ҳам топшириқни шахсан Путиннинг ўзи берди.

Россия Мудофаа вазирлиги Бош штаб аллақачон бунга ҳозирликни ҳам бошлаганини айтди.

Расман маълум қилинишича, машқлар "ғарблик мулозимларнинг провокацион баёнотлари ва таҳдидлари"га жавоб бўлади, тез орада ўтказилади.

Унда "тактик ядровий қуроллардан фойдаланиш масалалари устида ишланади".

Аммо Россия томони режаланаётган машқларнинг айнан қачон ва қаерда бўлиб ўтиши тафсилотларини ҳалича очиқламаган.

Сўз Ғарб томонининг қандай баёнотлари ва пўписалари ҳақида кетаётгани ҳам мавҳум қолган.

Шу ҳафта бошида Россия президенти матбуот котибининг ўзи бунга ойдинлик киритган.

Дмитрий Песковга кўра, сўз Франция, Буюк Британия ва Америка томонининг Украинага ҳарбий бўлинмаларини юбориш нияти ҳақидаги баёнотлари ҳақида кетмоқда.

Путин матбуот котибининг баён қилишича, "бу кескинлик кучайишининг мутлақо янги босқичи".

"Бунақаси мисли кўрилмаган, у хос эътибор ва алоҳида чора-тадбирларни талаб қилади".

Бу Россия Украинага очган сўнгги уруш манзарасида президент Путиннинг Ғарбни илк бор ядровий қуроллари билан қўрқитиши эмас.

Россия президенти шу йил бошида мамлакати ҳарбий-техник нуқтаи назардан "ядровий урушга ҳозир" эканини ҳам маълум қилган.

Путин, "Россия ҳақиқатан ҳам ядро урушига тайёрми", деган саволга жавоб бераркан, ўзларида "ядровий ракеталар доимо жанговар шай ҳолатда туриши"ни айтган.

Россия дунёнинг ядровий арсенали энг катта давлати бўлади.

Путиннинг ядровий қўроллари билан қилган пўписалари сўнгги икки йилнинг ичида Ўзбекистонда ҳам акс-садо берган.

Россиянинг ядровий уруш очиши-очмаслиги масаласи ўзбекистонликлар орасида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб мавзулардан бирига айланишга ҳам улгурган.

Шундай экан, воқеаларнинг сўнгги ривожи - "эскалациянинг мисли кўрилмаган кучайиши" ва бунга Россия, Путин бермоқчи бўлаётган жавоб нима дегани?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай савол билан Тошкентдан минтақавий сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди:

Iqtibos

Камолиддин Раббимов,

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

"Бу ерда бир қанча муҳим нуқталар мавжуд:

Камолиддин Раббимов: Биринчидан, Россия таъбир қилиш қийин бўлган давлат. Чунки Путиннинг ва унинг атрофидаги шахсларнинг айтаётган гаплари қисқа муддатли ва тактик аҳамиятга эга. Улар ўзларининг ички интилишлари, ички, узоқ муддатли лойиҳаларини олдиндан айтмайди ва шунинг учун ҳам башорат қилиш қийин бўлган давлат. Иккинчидан, Россия ядровий арсенали, яъни ядровий қуролининг сони ва салмоғига кўра Америка Қўшма Штатлари билан бирга дунёда энг пешқадам иккита мавқеъдан бирида. Ва шу пайтга қадар, яъни Украина уруши бошланганига икки йилдан ошган бўлса, коллектив Ғарбда ядровий бўлган Россия енгилса ёки енгилаётганида, ўзининг атом қуролларини тактик ёки стратегик бир шаклда, яъни узоқ масофага ҳам ишлатиши мумкин, деган хавотирлар шу пайтга қадар жуда ҳам кучли эди. Россия ўзининг коллектив Ғарб, ташқи дунё билан муносабатларида ядро шантажини ўзининг энг охирги далили, аргументи сифатида келтирган ва келтираяпти. Чунки, ҳамма биладики, агар Путин Украина урушида енгиладиган бўлса, унинг сиёсий тизими кўпга бормасдан йиқилиш эҳтимоли мавжуд. Чунки Россияда ижтимоий, иқтисодий, демографик ва бошқа ҳолатлар анчагина зиддиятли ёки мураккаб бир аҳволда. Яъни, Россия иқтисодий ўсишга эришгани йўқ Путин ҳокимиятга келганидан кейин. Путин ҳокимиятга келганидан кейин энергия ресурсларининг нархи юқори бўлганлиги сабабли Россияда катта миллий бойлик тўпланди. Лекин Россиянинг ичкарисида инсон капиталига асосланган иқтисодий ўсиш бўлгани йўқ ва бўлиш эҳтимоли ҳам мавжуд эмас. Мана шу фонда Путин ўзининг сиёсий тизимини сақлаб қолиш учун Украина урушида ғалаба қозонишни таъминлаш учун ядровий шантажни ҳар доим ишлатган ва бундан кейин ҳам ишлатиши эҳтимоли юқори. Энди, Песковнинг бу зўриқиш, эскалациянинг жиддий тус олишининг янги бир даражаси дейиши билан бу - таҳдид. Яъни, тўғридан-тўғри, агарки, Украинага ғарбий Европа давлатлари, Америка Қўшма Штатларининг ҳарбийлари кириб келиб, ёрдам берадиган бўлса, биз тактик шаклда ядро қуролини ишлатамиз, деган бир маъно, мужда турибди. Бошқача талқин қилиб бўлмайди. Яъни, Россия ядровий шантажни санъат даражасига олиб чиққан мамлакат ва Украинани, Украинага ёрдам бераётган давлатларни жиддий бир оҳангда қўрқитишга ҳаракат қилаяпти.

Савол: Шу йил феврал ойи охирларида нуфузли Financial Times нашри журналистлари Россиянинг махфий ҳужжатлари билан танишишга муваффақ бўлгани ҳақида ёзган. Маълум бўлишича, бу ҳужжатларда сўз Россиянинг тактик ядровий қуроллари ҳақида борган. Ўшанда ошкора баёнотларига қарамай, Россиянинг ядровий қуролларини ҳақиқатда ишга солиши эҳтимоли анчайин паст экани англашилганди. Сизнингча-чи, бугунги кескинлик қандай якун топади? Россия охир-оқибат ядровий қурол қўллашгача борадими?

Камолиддин Раббимов: Йўқ, ҳозир биласизми, менинг билишимча, Украинага шу пайтга қадар берилган ёрдамлар унинг мудофааси учун етарли даражада бўлмади. Лекин Украинанинг ҳужум салоҳиятига ҳали мутлақ имконият берилгани йўқ. Ҳозирча Украинанинг йўқотилган ерларини қайтариб олиш масаласида гап кетаяпти. Аммо Буюк Британия Ташқи ишлар вазири томонидан ўзини мудофаа қилиши учун Украина британлар берган қуроллар орқали ҳаттоки Россия ҳудудларига ҳам ҳужум қилишига эътирозимиз йўқ, дейилиши биланоқ Россия, яъни Путин ва унинг сиёсий тизими жудаям бир асабий ҳолга келди. Ва таъбир қилиб бўлмайдики, мана, бугун Путиннинг олдида кўплаб мутафаккирлар бор. Иккинчи Жаҳон урушидан кейин ядровий қурол ишлатилмади, Россия ишлатиши керак, янги сиёсий тизим шаклланиши керак, бир вақтлар Америка Қўшма Штатлари аҳоли пунктларига - Нагасаки ва Хиросимага ташлаганида, биз нима учун ташламаслигимиз керак, биз аҳоли пунктига эмас, аҳолиси катта шаҳар эмас, кичикроқ жойга ташласак ҳам, дунё сиёсий тартиботи ўзгаради, дейдиган катта мутафаккирлари бор. Улардан биттаси Александр Дугин, яна бошқаси Сергей Караганов. Булар маргинал одамлар эмас ва Путиннинг олдида мана бундай овозлар, мана бу қарашлар борган сари кучайиб бораяпти. Яъни, иккиланмасдан ядро қуролини ишлатишимиз керак, шу билан, биз ишлатганимиздан кейин дунёда янги тартибот бошланади, постАмерика даври бошланади, яъни Россия қудратли, янги меъморлардан биттаси бўлади, деган қараш мавжуд. Хўп, Америка ҳам Россияга атом бомбаси ташлаши мумкин-ку, деган саволга, улар, "йўқ, Америка ташламайди, чунки агар Америка Россияга ҳужум қиладиган бўлса, биз тўғридан-тўғри Американинг ўзига ҳужум қиламиз ва оқибатда, Американинг ўзи мутлақ йўқ бўлади, буни Америка яхши билади", дейишади. Яъни уларда қандайдир бир ишонч бор. Мисол учун, Путиннинг атрофидаги мутафаккирлар иккита, максимум учта давлатга атом бомбаси, тактик атом бомбаси ташлашни таклиф қилади. Биттаси Украина, иккинчиси Польшанинг Познань шаҳри, Познань ҳаттоки шаҳар сифатида тилга ҳам олинган ва Англия, Бирлашган Қироллик ерининг ўзига эмас, ҳатто денгизга ташласа, унинг цунамиси Бирлашган Қиролликнинг маълум бир қисмини ювиб кетади, деган мана бундай лойиҳалар ҳам бор, йўқ эмас. Энди, балким, Россиянинг Путин атрофидаги мутафаккирлари ташқи дунёни, Ғарбни қўрқитиш учун айтаётгандир, деб ўйлаётган экспертлар, яъни Россия аслида бу каби қадамларга бормаслиги мумкин, деган фикрлар ҳам бор. Лекин Путиннинг онгида, хаёлида ичкаридаги лойиҳаларда нималар кечаётганини ҳеч ким тўлиқ таъбир қила олмайди.

Би-би-си: АҚШ президенти орада CNN телеканалига берган интервьюсида Путин Украинада ядровий бомба қўллашига ишонмаслигини айтган.

Жо Байден "дунёдаги йирик ядровий давлатлардан бирининг раҳбари Украинада тактик ядровий қурол қўллаши ҳақида гапириб, масъулиятсизлик қилаяпти, деб ҳисоблаши"ни билдирган.

Аммо АҚШ президенти ўшанда Путин барибир ўз ниятини амалга оширган тақдирда, жавоблари қандай бўлиши саволини очиқ қолдирган.

У Пентагон воқеаларнинг бу каби ривожи учун олдиндан турли вариантларни тайёрлаб қўйгани, бу нарса муҳокама қилингани, аммо бу ҳақда гапириши ўзи томонидан қилинган масъулиятсизлик бўлишини айтиб, гапни калта кесганди.

Путин Украинага қўшин киритиши ортиданоқ Ғарбга қарши кескин баёнот билан чиққан, агар вазиятга аралашгудек бўлишса, бунинг улар учун оқибатлари "ёмон бўлиши" билан жиддий огоҳлантирган, Россия бунга "яшин тезлигида жавоб бериши"ни айтган.

Россия президенти ўшанда, "агар ташқаридан кимдир юз бераётган воқеаларга аралашмоқчи бўлса, агар Россияга стратегик таҳдид пайдо қилса, шуни билиб қўйсинларки, бизнинг қарши жавоб ҳужумимиз яшин тезлигида бўлади. Бизда ҳеч ким мақтанолмайдиган барча воситалар бор. Биз мақтанмаймиз, агар зарур бўлса, уларни ишга соламиз", дея баён қилганди.

Сўнгги Украина уруши эса, ўзининг учинчи йилига кириб бормоқда, амалда иш бериши мумкин бўлган тинчлик музокаралари истиқболи ҳалича кўринмайди, АҚШ, Буюк Британия ва аксарият Европа давлатлари Россияга қарши урушида расмий Киевни ҳар томонлама дастаклаб келаётган мамлакатлар бўлишади.

ttps://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002