Россия сайлови: Путин қандай қилиб кейинги муддатга қолади? - Видео

- Author, Стив Розенберг
- Role, Би-би-си муҳаррири, Россия
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Боровскда, Москвадан 100 чақирим узоқликдаги шаҳарда айланиб юрарканман, мени икки нарса ажаблантирди.
Биринчидан, бу ерда ҳафта сўнггида бўладиган президент сайловининг деярли шовури йўқ.
Мен бир нечта сайловолди баннерлари ёки билбордлар кўрдим. Ҳеч қандай сиёсий варақалар тарқатилмаяпти.
Умуман олганда ажабланарли эмас. Сайловга тайёргарликнинг йўқлиги Владимир Путиннинг Кремлда бешинчи муддатга қолишига олиб келувчи саҳналаштирилган тадбир атрофида драматизмнинг йўқлигида акс этади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Боровскда яна эътиборингиздан четда қолмайдиган яна бир нарса бу - кўча санъати. У ҳамма жойда бор.
Уларнинг кўпчилиги кўча рассоми Владимир Овчинников томонидан чизилган. Бутун шаҳар бўйлаб девор ва биноларидан унинг ишлари қараб туради.
Унинг аксар асарлари баҳс уйғотмайди. Масалан, шаҳарнинг тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи улкан глобус ёки машҳур фуболчиларнинг тасвирлари.
Бироқ сўнгги вақтларда Владимирнинг бугунги Россия ҳақида чизганларида зулматнинг ўрни кенгаймоқда.
"Буни "шуҳрат чўққиси" деб атайман", дейди 86 яшар рассом. У менга кўрсатган картинада жанг санъати формасини кийиб олган эркак тоғдай уйилган одам бош чаноқлари устига тортилган дорда юриб кетаётгани акс этган.
"Бу - Ҳокимият тепасидаги одамнинг амбициялари нималарга олиб келиши ҳақида".
Унинг асарлари ичида янаям драматик услубдагиси бу одамларни қиймалаётган икки қиймалагич. Биттасига 1937 (Сталиннинг қатағонлари бўлган йил) деб ёзилган, иккинчисига Махсус ҳарбий амалиёт (Россиянинг Украинадаги уруши).
"Биз сабоқ чиқармадик", деб хулоса қилади Владимир.

Рассом деворларга айни гўшт қиймалагичларни чизганидан сўнг, Россия армиясини "обрўсизлантириш"да айбланиб жаримага тортилди. Украина байроғи рангидаги кўк-сариқ кўйлак кийиб олган қизалоқ устига ракеталар тушаётган расмни чизганидан сўнг яна бир марта жаримага тортишди.
Владимир асарларида нафақат бугунги кунни кўрсатади, балки Россиянинг Сталин қатағони каби қоронғу ўтмишини ҳам акслантиради. Унинг Украинадаги урушни танқид қилувчи граффитларига расмийлар муносабат билдирмайди. Ўша заҳоти уларнинг устидан бўяшади.
"Чизганларим одамларни тафаккурга чорлайди: биз ушбу можарода ҳақмизми ёки ноҳақ? Мен бу қўшни давлатнинг ҳудудий яхлитлигига нисбатан жиноят эканлигига ишонаман. Жим турсам уни маъқуллаган бўлардим", дейди Владимир.
"Кўпчилик сукут сақлаяпти, чунки улар қатағон қилинишдан, ишини йўқотишдан ва бошқалар томонидан танқидга тутилишдан қўрқишмоқда".
Мухолифат етакчиси Алексей Навалний қамоқхонада вафот этгач Владимир сиёсий қатағон қурбонлари хотирасига қўйилган маҳаллий ёдгорлик тошига унинг портретини чизди.
"Ўша куннинг ўзида кимдир уни ўчириб ташлади. Аммо уйда картон қоғозга қораламасини чизгандим. Кейин уни олиб бориб ёдгорлик ёнига қўйдим", дейди у.

Владимир Россия келажагини қандай кўради?
"Айримлар қатағон кучаяди, демоқда ва биз тоталитаризм ҳам мутлоқ диктатура томон қараб кетяпмиз".
Президентнинг сурати
Владимир Овчинников ҳеч қачон телевизор кўрмаслигини айтади.
Агар кўрганида давлат телеканалларида Россиянинг умуман бошқа манзарасини кўрган бўларди.
Владимир Путиннинг версияси...
Одам бош чаноқларидан пайдо бўлган тоғлару, гўшт қиймалагичлар ё Алексей Навалний ҳақида лом-мим дейилмайди.
Ташқарида тажовузкор ва ичкарида зулмкор Россия эмас, балки шарафли ўтмиш ва шарафли келажаги бор Россия. Байроқ остида қаҳрамонлар ва ватанпарварлар бирлашиб Ватанни ташқи тажовуздан ҳимоя қилаётганлар...
Бир Россияки... ўз йўлбошчисини севади.

Сурат манбаси, Getty Images
Бир неча кун аввал Россиянинг биринчи канали кечки янгиликлар дастурида Путинни кўрсатишди. У гўё поп юлдузи каби ишқибозлари оғушида эди.
Бир аёл уни ўпишидан аввал йиғлаганича "Ўзингизни эҳтиёт қилинг", деди.
Бошқа бир эркак эса " Умрингиз узоқ бўлсин", деб ҳайқирди.
Агар фақат Россия телевизионининг биринчи каналига ишонадиган бўлсангиз, унда Владимир Путин президент сайловида аниқ ғалаба қозонади деган тўхтамга келасиз.
Аммо расмларда бўлгани каби...контекст жуда муҳим.
Кремл нафақат медиани, балки бутун сиёсий тузум ва сайловларни назорат қилади.
Президент Путин бешинчи муддатга бирор бир жиддий рақобатсиз кириб бормоқда.
Унинг энг ашаддий рақиблари ё хорижга чиқиб кетишган ва ё қамоққа ташланган.
Путиннинг асосий ва жиддий рақиба Алексей Навалний эса ўлди.
Аммо Кремл Россия "энг зўр демократия соҳиби" дея мақнатишни хуш кўради.
Шунданми... Путин билан бир қаторда президентли сайловида учта расман тасдиқланган ва Кремлнинг дўсти бўлган парламент вакиллари қатнашишади.
Улардан бири билан мен яқинда кўришиб қолдим.
Ғалати бир кўришиш эди бу.
"Нима учун сиз Путиндан кўра яхшироқ президент бўламан деб ўйлайсиз, дея юзландим мен коммунистлар партияси номзоди Николай Харитоновга.
"Бу савол менга эмас...Тўғри бўлмайди".

"Аммо сиз ўз сайловолди дастурингиз президент Путинникидан кўра яхши деб ўйлайсиз, шундайми?"
"Бунга сайловчилар қарор беради".
"Аммо сиз нима деб ўйлайсиз?"
"Мен нима деб ўйлашим аҳамиятсиз. Ҳаммаси сайловчига боғлиқ".
Ўзи ҳақида гапиришдан кўра Харитонов Путинни мақтай кетди.
"Бугун Владимир Путин 1990 йилларнинг муаммосини ҳал қилиш ҳаракатида… Елцин Россияни ёввойи капитализм қаърига отди. Путин барча соҳаларда миллатни ғалаба учун бирлаштирмоқчи ва шундай бўлади", дейди у.
Менга нимагадир Николай Харитонов бу сайловда иштирок этишни юракдан истамаётгандай туюлади.
Яна бир сиёсатчи сайловда иштирок этишга ҳаракат қилди, аммо уддасидан чиқмади.
Бу Борис Надеждин ва у урушга қарши эди.

"Бизда президент сайловлари эркин ва адолатли деб айтиш мутлақо мумкин эмас", дейди у менга.
Надеждиннинг айтишича, унинг урушга қарши даъватлари кенг ёйила бошлади ва шунинг учун унинг номзоди рўйхатга олинмади.
"Сўров натижаларига кўра, 30-35 фоиз россияликлар мен каби тинчликпарвар номзодга овоз беришни истамоқда. Бу эса ҳукумат учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган натижадир".
Кўчадаги манзара
Боровскка қайтсак, мен бу ердаги Протва дарёси устига қурилган кўприкдан қараб атрофдан баҳраманд бўламан.
Бу ердан шаҳар бир чизилган суратга ўхшайди: тасаввуримда Эрмитажга осилган Россия расми. Тепаликда гўзал черков турибди, пастроқда қор билан қопланган мўжаз уйлар. Иссиқ палтоларига ўраниб олган одамлар, муз йўллардан эҳтиёткорлик билан юришмоқда.
Мен ҳам бу ердаги кайфиятни билиш учун шаҳарга қараб диққат билан қадам ташлайман. Боровск кўчаларидаги одамлар уруш, сайлов ва президентлари ҳақида нима ўйлашади?
"Қандай овоз беришингнинг аҳамияти йўқ, ҳамма нарса олдиндан ҳал қилинган. Иштирок этишдан бирор маъно кўрмаяпман", дейди Светлана.
Аммо бу ердаги кўпчилик, айниқса, қария россияликлар овоз беришини айтишди.

Одамлар билан гаплашар эканман телевидениеда кўрсатилаган Россиянинг қўллаб-қувватловчилари кўп эканлигига гувоҳ бўлдим.
"Владимир Путин сайловда ютиб чиқиб, урушни тугашига умид қиламан. Кўплаб ёшлар ўлдирилди. Тинчлик бўлса, кўплаб давлатлар Россияни енгиб бўлмаслигини тушуниб етишади", дейди Людмила.
"Ахир у махсус ҳарбий амалиётни бошлаган одам бўлса, Путиннинг ғалаба қозониши нега хоҳлаяпсиз?" деб сўрайман ундан.
"Турли фикрлар бор. Айримлар ушбу уруш ҳеч қачон бошланмаслиги кераклигини айтишади. Бошқалар у ҳақлигини таъкидлайди. Мен ҳозир уни айбламайман. Биз сиёсатнинг икир-чикирларини тушунмаймиз", дейди у.
"Жаноб Путин ҳокимият тепасида қарийб чорак асрдан бери ўтирибди. 145 миллион аҳолиси бор мамлакатда бу ишни бажара оладиган бошқа одам йўқми?" деб сўрайман.
"Йўғей, бизда фавқулодда ҳолатларда мамлакатни бошқаришга қодир бўлган кўплаб истеъдодли етакчилар бор", дейди Людмила.
Николай ҳам амалдаги Президентга овоз беради. У Путиннинг 25 йилдан бери мамлакатни бошқараётганидан ажабланмаётгани кўриниб турарди.
"Нима бўпти? Бизда узоқ вақт бошқарган подшоҳлар бор эди. Яхши подшоҳлар ҳам, ёмонлари ҳам бўлган. Бизда Сталин ва Брежневлар бўлган. Раҳбарни ўзгартиришинг мумкин, аммо бу бизнинг ҳаётимизда катта ўзгариш ясамайди"
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













