Аждодларимиз ярим миллион йил олдин нима қилишган - инсоният тарихи энди қайта ёзиладими? Янгиликлар

Сурат манбаси, Geoff Duller
- Author, Виктория Гилл
- Role, Би-би-си
Замбиядаги дарё қирғоқидан топилган ўта қадимий ёғоч ғўла археологларнинг ибтидоий одам ҳаёти ҳақидаги тасаввурларини ўзгартириб юборди.
Тадқиқотчилар одамлар ярим миллион йил илгари ёғочдан бошпана қургани далилини топдилар.
Nature журналида эълон қилинган ушбу топилма одамлар ўзларига бошпана қурганига далолат қилади.
"Бу кашфиёт бизнинг илк аждодларимиз ҳақидаги тасаввурларимизни ўзгартирди", дейди археолог, профессор Ларри Бэрҳэм.
Ливерпул университетида тадқиқот олиб борувчи ушбу олим "Deep Roots of Humanity" (Инсониятнинг теран илдизлари) илмий лойиҳасига раҳбарлик қилади. Қадимий ғўла ушбу лойиҳа доирасида қазиб олинган ва ўрганилган.

Сурат манбаси, Larry Barham
Ушбу кашфиёт қадимги одамлар оддий, кўчманчи турмуш кечиргани ҳақидаги қарашни ўзгартириши мумкин.
"Улар ёғочдан янги ва катта нимадир ясаган", дейди профессор Бэрҳэм.
"Улар ўзларининг ақл-заковати, тасаввури ва қобилиятини илгари ҳеч қачон кўрилмаган, ҳеч қачон мавжуд бўлмаган нарсани яратиш учун ишлатган."

Тадқиқотчилар, шунингдек, қадимий ёғоч асбобларни, жумладан, қазиш учун таёқларни ҳам топишди. Лекин уларни энг ҳаяжонлантирган нарса бир-бирига тўғри бурчак остида жойлашган иккита ёғоч бўлаги эди.
"Бири иккинчисининг устида ётибди, ҳар иккала ёғоч бўлагида ҳам тешик бор", дейди Аберистуит университети география профессори ва тадқиқот жамоаси аъзоси Геофф Даллер.

Сурат манбаси, Geoff Duller
"Бу чуқурчалар тош қуроллар ёрдамида ўйилганлигини аниқ кўришингиз мумкин.
"Бу чуқурчалар иккита ғўлани бирлаштиришга имкон беради."
Олов ёқиш
Кейинги таҳлиллар ғўлаларнинг ёши тахминан 476 000 йил эканини тасдиқлади.
Замбиядаги Ливингстон музейидан жамоа аъзоси Перрис Нкомбве шундай дейди: "Ёғочга ишлов бериш жуда-жуда қадимга бориб тақалишидан ҳайратда қолдим. Биз ғайриодатий нарсани кашф қилганимизни англадим."
Ҳозиргача одамларнинг ёғочдан фойдаланиши ҳақидаги далиллар фақат олов ёқиш, таёқ ва найза кабилар билан чекланган эди.
Ёшни люминесцент аниқлаш
Энг қадимги ёғоч кашфиётлардан бири 1911 йилда Эссексдаги Клактон-он-Си шаҳридаги қумлардан топилган 400 000 йиллик найза эди.
Ёғоч жуда аниқ шароитларда сақланмаса, тез чириб кетади.
Аммо Каламбо шаршараси устидаги дарёнинг илонизи қирғоғида, Замбия-Танзания чегараси яқинида ғўлалар ботқоқ остида қолган ва минг йиллар давомида сақланган.
Жамоа ғўла кўмилган ер қатламлари ёшини люминесцент таҳлил ёрдамида ўлчади.
Тош зарралари атроф-муҳитдан табиий радиоактивликни вақт ўтиши билан ўзлаштиради ва профессор Даллер айтганидек, ўзини кичик батареялар каби зарядлайди.
Бу радиоактивлик даражасини зарраларни қиздириш ва чиққан ёруғликни таҳлил қилиш орқали ўлчаш мумкин.

Сурат манбаси, Michael Bayliss
Кичиги тахминан 1,5 м (5 фут) бўлган иккита ғўланинг ўлчами, уларни ким бирлаштирган бўлса ҳам, муҳим нарса қурганини кўрсатади.
Жамоа фикрича, бу бирор кулба ёки доимий уй бўлиши даргумон, аксинча, бошпана платформасининг бир қисмидир.
"Бу дарё бўйида ўтириш ва балиқ тутиш мумкин бўлган қандайдир тузилма бўлиши мумкин", дейди профессор Даллер.
"Аммо бу қандай тузилма бўлиши мумкинлигини айтиш қийин."

Сурат манбаси, Larry Barham
Қадимги инсон ёки гоминиднинг қайси тури уни қурганлиги ҳам аниқ эмас.
Бу жойда ҳали суяклар топилмаган.
Бу ёғоч тахминан 315 000 йил бўлган замонавий одамларнинг энг қадимги қолдиқларидан (Homo sapiens) анча эски.
Ёғочсозлик анъанаси
"Биз билмаймиз - бу Homo sapiens бўлиши мумкин. Аммо ҳали ўша ёшдаги фоссилларни (тошқотган суяклар) топмадик", дейди профессор Даллер.
"Аммо бу бошқа тур бўлиши ҳам мумкин эди, эҳтимол Homo erectus ёки Homo naledi - ўша пайтда Африканинг жанубида бир нечта гоминид турлари яшаган."
Таҳлил қилиш ва сақлаш учун Буюк Британияга олиб келинган ёғоч артефактлар сўнгги ярим миллион йил ичида уларни яхши сақлаб қолган ботқоқликка ўхшаш муҳитларда сақланмоқда. Аммо улар тез орада намойиш учун Замбияга қайтарилади.
"Ушбу кашфиёт билан биз коллекциямизни бойитиш ва топилмалардан Замбия ёғочга ишлов бериш анъаналарини ўрганиш учун фойдаланишга умид қиламиз", дейди Нкомбве хоним.
Унинг қўшимча қилишича, Каламбо шаршарасида давом этаётган ишлар "қадимги ёғочга ишлов бериш техникаси, ҳунармандчилик ва инсоннинг атроф-муҳит билан ўзаро муносабати ҳақидаги билимларимизни чуқурлаштириш имконини беради".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













