Янгиликлар. Олимлар ҳайратда: Оламни тутиб турган бешинчи куч бўлиши мумкин – у нима? Video Yangiliklar

Сурат манбаси, Reidar Hahn / FermiLab
- Author, Паллаб Гош
- Role, Илм-фан мухбири
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Чикаго яқинидаги олимлар табиатдаги бешинчи кучни топишга яқин келаётган бўлишлари мумкинлигини айтмоқда.
Улар мюон деб аталган субатом зарралар мавжуд назария башорат қилганидан кўра ўзини бошқача тутаётганини кўрсатувчи далилларни топишди.
Олимларнинг ишонишича, қандайдир номаълум куч мюонларга таъсир қилаётган бўлиши мумкин.
Бу натижаларни тасдиқлаш учун кўпроқ маълумот керак бўлади, агар тасдиқланса, бу физикада инқилоб бошланиши бўлиши мумкин.
Биз ҳар куни ҳис қиладиган табиат кучларини тўртта категорияга бўлиш мумкин: гравитация, электромагнетизм, кучли ва кучсиз ядро кучлари. Ана шу тўрт фундаментал кучлар борлиқдаги зарралар ва обьектларнинг ўзаро таъсирлашувини бошқаради.
Тадқиқот АҚШдаги зарра тезлаштириш мажмуаси "Фермилаб"да амалга оширилган. Натижалар 2021 йилда эълон қилинган тадқиқот хулосаларига таянади, унда Фермилаб жамоаси биринчи марта табиатдаги бешинчи куч эҳтимоли ҳақида гапирган эди.
Ўшандан буён тадқиқот гуруҳи янада кўпроқ маълумот тўплади ва илгариги натижалардаги ноаниқликларни камайтирди, дейди Фирмилабда етакчи олим доктор Бренден Кейси.
"Биз ҳақиқатда янги ҳудудни ўрганяпмиз. Ҳисоб-китобларни ҳам илгари кўрилмаган даражада аниқлаштиряпмиз."

Ушбу эксперимент "g минус 2" (g-2) деб аталиб, унда тадқиқотчилар мюонлар деб атайдиган субатом зарраларни деаметри 15 метр бўлган халқа ичида 1000 марта, ёруғлик тезлигига яқинлашгунча тезлаштиради. Олимлар айтишича, бу зарралар ўзини мавжуд назарияда - Стандарт Моделда кўзда тутилмаган шаклда тутаётган бўлиши мумкин. Уларнинг ўзини бошқача тутишига бизга номаълум куч таъсир қилаётган бўлиши мумкин.
Гарчи далиллар кучли бўлса ҳам, Фермилаб жамоаси нуқта қўядиган исботни ҳали топгани йўқ.
Шу кунгача топишлари мумкин эди, аммо Стандарт Моделда мюонлардаги тебраниш миқдори борасидаги ноаниқлик назарий физикадаги ҳисоб-китоблар аниқлашгани туфайли кучайган.

Сурат манбаси, Fermilab
Тадқиқотчилар керакли маълумотларга эга бўлишларига ишонишади ва икки йил ичида назарий ноаниқлик уларнинг мақсадига эришиш учун етарли даражада камаяди. Бироқ Европанинг Катта Адрон Коллайдеридаги рақиб жамоа бу манзилга аввалроқ етиб боришга уринмоқда.
Лондон Империал коллежида доктор Митеш Пател Коллайдердаги минглаб физиклар орасида Стандарт Моделдаги камчиликларни топишга ҳаракат қилмоқда. У Би-би-сига айтишича, Стандарт Моделга зид бўлган экспериментал натижаларни биринчи бўлиб кашф этган олимлар жуда катта ютуққа эришган бўлади.
"Стандарт Моделга мос келмайдиган хатти-ҳаракатларни ўлчаш зарралар физикаси учун муқаддас мақсаддир. Бу бизнинг тушунчамиздаги инқилоб учун бошланғич туртки бўлиши мумкин, чунки модел 50 йилдан ортиқ вақт давомида барча экспериментал синовларга бардош бериб келмоқда."
Фермилабнинг таъкидлашича, унинг кейинги натижалари назария ва тажриба ўртасидаги "якуний тўқнашув" бўлиб, унда янги зарралар ёки ўзаро таъсирлар кашф этилиши мумкин.

Сурат манбаси, Cern
Хўш, Стандарт Модель нима ва нега унинг башоратларига тўла мос келмайдиган экспериментал натижани олиш жуда муҳим?
Борлиқдаги ҳамма нарса атомлардан иборат бўлиб, улар ўз навбатида ундан ҳам кичикроқ зарралардан иборат. Улар табиатнинг тўртта кучини пайдо қилиш учун ўзаро таъсирлашади: электр ва магнит (электромагнитизм), иккита ядро кучи ва гравитация.
Уларнинг қандайлигини стандарт модель кўрсатиб беради ва унинг башоратлари эллик йил давомида тўғри чиқмоқда.
Мюонлар атом ядроси атрофида айланадиган ва электр токини келтириб чиқарувчи электронларга ўхшайди, лекин тахминан 200 марта каттароқдир.
Тажриба жараёнида улар кучли магнитлар кондукторлари ёрдамида тебратилади.

Сурат манбаси, ESA/Hubble and NASA
Натижалар шуни кўрсатдики, мюонлар Стандарт Модел башорат қилгандан тезроқ тебранади. Лойиҳа етакчи тадқиқотчиларидан бири, Ливерпул университети профессори Гразиано Венанзони Би-би-сига бунга номаълум янги куч сабаб бўлиши мумкинлигини айтди.
"Ҳозирча биз билмаган яна бир куч бўлиши мумкин деб ўйлаяпмиз. Бу биз "бешинчи куч" деб атайдиган яна бир нарса.
Бу бизга номаълум яна бир нарса, лекин у муҳим бўлиши керак, чунки у коинот ҳақида янги маълумотларни беради."
Мазкур тахмин тасдиқланса, Эйнштейннинг насбийлик назарияларидан бери биринчи энг йирик илмий кашфиёт бўлиши мумкин. Чунки бешинчи куч ва бу куч билан боғлиқ бирорта ҳам зарра Стандарт Моделда назарда тутилмаган.
Тадқиқотчилар Стандарт Моделдан ташқарида ҳам физика борлигини билишади, чунки мавжуд модел астрономлар фазода кузатадиган кўплаб ҳодисаларни изоҳлай олмайди.
Булар орасида Катта портлашдан кейин ҳам галактикаларнинг бир-биридан узоқлашиши секинлашиш ўрнига тезлашиб бораётгани бор. Олимлар бу тезлашиш қора энергия деб аталадиган номаълум куч сабабли дейдилар.
Галактикаларнинг ўзи ҳам тезроқ айланмоқда, ваҳоланки уларнинг бизга маълум массасини ҳисобга олсак, бунчалик бўлиши керакмас. Тадқиқотчилар бунинг сабаби бизга кўринмас, қора материядир дейдилар. Бу ҳам Стандарт Моделда кўзда тутилмаган.
Тажриба натижалари Physical Review Letters'да нашр қилинди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












