Янгиликлар: Яман уруши илдизи қаерда - Низо бошида кимлар турган? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Яманда урушаётган томонларнинг юзлаб асирларни алмаштираётгани Саудия дастаклаётган ҳукумат кучлари ва Эрон дастаклаётган ҳусий исёнчилари ўртасида доимий оташкесим имзоланишига умид уйғотмоқда.
Саккиз йиллик фуқаролар уруши минглаб яманликларнинг ёстиғини қуритиб, гуманитар инқироз келтириб чиқарди.
Алоқадор мавзулар:
Уруш қандай бошланганди?
2011 йили бошланган оммавий намойишлар сабабли Яманнинг узоқ муддатли авторитар президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ ҳокимиятни ўз ўринбосари Абдураббаҳ Мансур Ҳадийга топширишга мажбур бўлди.
Шунга қарамай, мамлакатнинг янги президенти қаршисида иқтисодий муаммолардан тортиб, жиҳодчилар ҳужумларигача хавфсизлик муаммолар турарди. Камига Яманнинг аксар қуролли кучлари ҳайдалган президентга содиқ эди.

Сурат манбаси, AFP
Ҳусийлар ана шу заифликдан фойдаланиб қолди.
Расман Ансоруллоҳ номи билан танилган ҳусийлар Яманнинг зайдий шиа мусулмон озчиликлари манфаатини ҳимоя қилади.
2014 йил бошларида улар мамлакат шимолидаги Саада вилоятини босиб олди, сўнг мамлакат пойтахти Санони эгаллаб, 2015 йил майида президент Ҳадийни хорижга қочишга мажбур қилди.

Сурат манбаси, AFP
Ҳусийларнинг Яманда ҳокимиятни қўлга олиб, уни Саудия Арабистонининг рақиби Эроннинг вассалига айлантиришидан саудийлар қаттиқ қўрқиб қолишди.
Шундай қилиб, 2015 йил мартида Саудия Арабистони ва бошқа араб давлатлари ҳусийларни ағдариб, Ҳодий ҳукуматини қайта тиклаш учун мамлакатга ҳаводан ҳужум бошлади.
Коалиция АҚШ, Британия ва Франциядан разведка ва логистик қўллов ола бошлади.

Ўшандан буён нима бўлди?
2015 йил майида коалициянинг қуруқлик кучлари порт шаҳар Аданга тушди ва ҳусийларни мамлакат жанубидан қувиб чиқарди. Аммо уларни пойтахт Сано ва мамлакат шимолидан даф эта олмади.
Яманнинг расмий ҳукумати ҳозир Аденда, президент Ҳодийнинг ўзи эса Саудия Арабистонида.
Ҳуcийлар ўз назорати остидаги ҳудудни бошқариш учун собиқ президент Али Абдуллоҳ Солиҳ билан ҳамкорликда "сиёсий кенгаш" тузди. Бироқ 2017 йил декабрида Солиҳ ҳусийлар билан алоқаларини узди ва ўз тарафдорларини уларга қарши курашишга чақирди. Солиҳ ўлдирилди ва ҳусийлар унинг кучларини мағлуб этди.
2018 йилда Солиҳ тарафдорлари Саудия Арабистони бошчилигидаги коалицияга қўшилди. Улар биргаликда Қизил денгиздаги Худайда шаҳрини қайтариб олиш учун ҳуcийларга қарши катта ҳужум бошладилар. Порт очлик хавфи остида қолган миллионлаб яманликлар учун ҳаёт йўли ҳисобланади.
Олти ой давом этган шиддатли жанглардан сўнг ҳар икки томон сулҳ тузишга рози бўлди.
2021 йилда ҳуcийлар ҳукуматнинг шимолдаги сўнгги таянчи ва нефтга бой вилоят маркази бўлган Мариб шаҳрига ҳужум бошлади.
Жорий йил март ойида вилоят бўйлаб жанглар авж олди ва минглаб одамлар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Ҳусийлар Саудия Арабистони ва БААдаги нишонларга баллистик ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилди, жумладан, нефть объектларига зарба беришди, шунингдек, тинч аҳоли ҳам талафот кўрди.
Саудия Арабистони ва АҚШ расмийлари Эронни БМТ қурол эмбаргосини бузган ҳолда ҳусийларга дронлар каби қурол-яроғлар контрабанда қилишда айблади. Эрон бу айбловни рад этди.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция, БМТ маълумотларига кўра, минглаб ҳаво ҳужумларини амалга оширди, натижада ўн минглаб одам ҳалок бўлди.
Буларга "икки карра уриш" ҳужумлари киради, бунда биринчи зарба душман қўшинларига берилса, иккинчиси уларга ёрдамга борган одамларга тушади.
БМТ фуқаролар урушида қатнашаётган ҳар икки томон ҳам уруш жиноятларини содир этган бўлиши мумкинлигини айтади. Ҳар икки томон айбловларни рад этиб келмоқда.

2022 йил апрель ойида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ва ҳусий исёнчилар ўртасида БМТ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди, бироқ томонлар олти ой ўтиб келишувни янгилай олмади.
Бироқ яқинда улар ишончни мустаҳкамлаш чораси сифатида 900 га яқин асирни алмашишга келишиб олдилар. Бу жараёнлар доимий оташкесимга олиб келишига умид қилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Инсоний талафотлар қанча эди?
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Яман дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозга юз тутаётганини айтди.
Унда айтилишича, 4,5 миллион киши, яъни аҳолининг ҳар еттидан бири бошқа жойга кўчирилган. 24,1 миллион киши, аҳолининг 80 фоизи инсонпарварлик ёрдами ва ҳимоясига муҳтож.
БМТнинг маълум қилишича, айни дамда Яманда ўн минглаб одам очарчилик шароитида яшамоқда, олти миллионга яқин одам эса очлик ёқасида.

Сурат манбаси, Reuters
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил бошига келиб Ямандаги можаро 377 мингдан ортиқ одам ҳаётига зомин бўлган, уларнинг 60 фоизи очлик, тиббий ёрдам етишмаслиги ва зарарланган сув сабаб бўлган.
Унда айтилишича, тўғридан-тўғри жанглар натижасида 11 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган ёки яраланган.
Яман, шунингдек, 2016 йилдан бери тахминан 2,5 миллион одамга юққан ва 4,000 га яқин ўлим ҳолатлари қайд этилган энг йирик вабо эпидемияларидан биридан азият ҳам чекди.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














