Афғон муҳожирлари Туркия Эрон чегарасида ўғирлаб кетилиб, қийноққа солинмоқда Yangiliklar

pul
    • Author, Соран Қурбоний
    • Role, BBC

Би би си суриштируви аниқлашича, Толибондан қочиб, Европага етиб олиш илинжида Туркия Эрон чегарасини кечиб ўтаётган афғон қочқинлари бир тўда жиноий гуруҳ томонидан ўғирланган ва қийноққа солинган. Тўда уларнинг таҳқирланаётганини видео тасвирга олиб, оилаларига юборган ва улардан озодлиги эвазига пул талаб қилган.

Диққат: мақолада айрим ўқувчилар дилини хира қилувчи зўравонлик ва жинсий тажовуз тафсилотлари мавжуд.

Тоғ тепасида бўйинларига занжир солинган ва бир бирига боғлаб қўйилган афғон муҳожирлари озод қилишларини сўраб ёлворади.

"Кимдир шу видеони кўраётган бўлса, мени кеча ўғирлаб кетишди, улар ҳар биримиз учун 4000 доллардан талаб қилишяпти. Улар кеча кундуз тинмай бизни калтаклашмоқда", дейди юзлари чанг, лаблари қон бўлган бир эркак.

Бошқа бир видеода эса орқасидан кимдир қамчилаётгани кўринган қип яланғоч эркаклар қор устида эмаклаб борарди.

"Оилам бор, менга бундай қилманг, хотиним, болаларим бор, раҳм қилинг", деб йиғлайди бир эркак, жиноятчилардан бири пичоқ тираб, жинсий таҳқирлаётгани тасвирга олинишидан олдин.

Бу қўрқинчли видеолар афғон муҳожирлари Европага етиб олишга уринаётган бир вақтда Эронда жиноий ҳаракатлар авж олганини кўрсатади.

Афғонистондан Эронга, ундан Туркия орқали Европанинг бошқа давлатларига олиб борадиган йўл ўн йиллардан бери бор. Менинг ўзим ҳам 12 йил олдин Эрондан менга бошпана берган Британияга етиб олиш учун шу йўлдан кетганман.

Аммо бу йўл ҳозир жуда хавфли.

Эрондан Туркияга ўтиб олмоқчи бўлганлар дарахтсиз, қуруқ тоғ тизмалари бўйлаб, соатлаб юришлари керак. Бу ерда хавфсизлик кучлари патруллик қилиши ҳам осон эмас.

Толибон 2021 йил августида ҳокимиятга келгач, юзлаб минг афғон мамлакатдан қочди. Қочқинга айланганлар сони ортиши билан айрим жиноий гуруҳлар бу имкониятдан фойдаланиб қолишга киришди.

Одатда контрабандачилар билан ҳамкорликда улар чегаранинг Эрон томонида одамларни ўғирлайди ва шундоқ ҳам бор будини шу сафар учун сарфлаб қўйган катта миқдордаги ожиз одамлардан пул ундиради.

tolibon

Сурат манбаси, AFP

Би би си жамоаси чегара бўйлаб камида ўнта жойда қийноққа солиш ҳолатларини аниқлади. Ўтган уч йил давомида ана шундай ҳолатларни ҳужжатлаштириб келаётган фаолнинг бизга айтишича, баъзида ҳатто бир кунда икки учта шундай видео чиқади.

Туркиянинг тижорий маркази бўлмиш Истанбул шаҳридаги квартирада Омина билан гаплашдик.

У Афғонистонда полициячи сифатида муваффақиятли ишлаган, бироқ ўтмишда Толибондан таҳдидлар олган, гуруҳ ҳокимиятни босиб олгач мамлакатни тарк этган.

Оҳиста гапирадиган, бинафшаранг рўмол ўраган аёл менга чегарада ўзи ва оиласини жиноий гуруҳ гаровга олганида бошидан кечирганларни сўзлаб берди.

"Мен жуда қўрқдим, даҳшат эди, чунки ҳомиладор эдим ва шифокор ҳам йўқ эди. Ўғил болалар зўрлангани ҳақида кўп эшитганмиз".

Унинг отаси Ҳожининг бизга айтишича, жиноий гуруҳ унга Омина ва унинг оила аъзолари ўғирлаб кетилганидан кейин номаълум афғоннинг қийноқлари акс этган видеони юборишган.

"Шундай вазиятга тушиб қолдим. Бу видеолар орқали улар пулни бермасанг, қизларинг ва куёвларингни ўлдирамиз, дея мени огоҳлантираётган эди», дейди у.

Ҳожи Афғонистондаги уйини сотиб, пулни тўлаб, оиласини озод қилган. Кейин яна Туркияга ўтишга уриниб кўрдилар, бу сафар муваффақиятли чиқди.

Аммо чегарадаги саккиз кунлик синов Омина учун жуда оғир бўлди.

У боласини йўқотди.

Жиноий тўдалардан ташқари Омина ва бошқалар ўз йўлида яна бир катта тўсиққа дуч келишди: девор.

Туркия-Эрон чегарасининг ярмидан кўпроғи бўйлаб тиканли симлар, электрон сенсорлар ва Европа Иттифоқи кузатув миноралари билан мустаҳкамланган уч метр баландликдаги девор ўтган.

devor

Туркия 2017 йилда муҳожирларни мамлакатга киритмаслик учун девор қуришни бошлаган, бироқ қочқинлар ҳали ҳам келмоқда.

Омина ва яна бир қанча одамнинг айтишича, Туркия томони уларни тутиб, келган ерига қайтарганидан сўнг улар Эрон томонда тажовузкор жиноий тўдалар қўлига тушган. Бу даъволар халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан ҳам ҳужжатлаштирилган.

Бошпана изловчиларни ҳимоя қилувчи турк адвокати Маҳмут Каган халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний бўлган бу ишлар жиноий тўдалар одамларни эксплуатация қилишига йўл очишини таъкидлайди.

"Бу ортга қайтариш билан - қонунбузарликлар билан боғлиқ - чунки у одамларни зўравонликка очиқ қилиб қўяди", дейди у.

Туркия расмийлари Би би сининг ушбу даъволарга изоҳ бериш сўровига жавоб бермади. Аммо инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг шунга ўхшаш айбловларига жавобан расмийлар Туркияга ноқонуний кириш олдини олиш бўйича ҳар қандай ҳаракат чегара назорати доирасида амалга оширилишини айтиб, эътирозларни инкор қилди.

Девор қурилгунга қадар кўплаб маҳаллий аҳоли контрабанда йўли билан кун кечирган. Бу деярли йўқолди, ҳозир одам ўғирлаш ёки муҳожир савдоси авж оляпти.

Туркиянинг Эрон чегарасига энг яқин шаҳри ва муҳожирлар маркази бўлган Вандаги бошпанага айлантирилган отхонада Аҳмад исмли афғон йигитни сафарнинг кейинги босқичи учун контрабандачилар билан келишаётганида учратдик.

Аҳмаднинг укаси ўтган йили Толибондан қочишга уринганида, оиласи билан чегаранинг Эрон томонида ўғирлаб кетилган.

Ўша пайтда Афғонистонда бўлган Аҳмад жиноий тўдадан пул талаб қилинган хабарни олган эди.

"Бизда пул йўқ дедим, ўғирлаганлар акамни калтаклаётган эди. Биз буни телефон орқали эшитдик", дейди у.

Аҳмад оиласининг мол-мулкини сотган, пулни уларни озод қилиш учун тўлаган
Сурат тагсўзи, Аҳмад оиласининг мол-мулкини сотган, пулни уларни озод қилиш учун тўлаган

Аҳмад оиласининг мол-мулкини сотган, пулни уларни озод қилиш учун тўлаган. Аммо бу аччиқ тажриба уни олти ойдан кейин, Толибон ҳокимиятга келиб, иқтисодий инқироз чуқурлашгач, тирикчилик илинжида тағин шу йўлдан сафарга чиқишдан қайтара олмади.

Афғонистон пойтахти Кобулда биз Афғонистондан Туркияга қочиш учун олти марта муваффақиятсиз уринган Саид билан гаплашдик.

Унга Туркияга киришга рухсат берувчи сохта ҳужжат ваъда қилинган. Аммо уни алдашган ва жиноий гуруҳга топшириб юборишган, гуруҳ эса озодлиги учун 10 000 доллар талаб қилган.

"Мен жуда қўрқардим. Улар менга ҳамма нарсани қилишлари мумкин эди. Кўзимни ўйиб олишлари, буйрагимни сотишлари, юрагимни суғуриб олишлари ҳам мумкин эди", дейди у.

Аммо у бизга энг катта қўрқуви жиноий гуруҳ уни қандай зўрлаши ва видеони уйидаги оиласига юбориши мумкинлигини эшитганидан кейин ўз номусини йўқотиш эканлигини айтди.

У охир-оқибат 500 доллар тўлаб, қочиб қутилди.

Биз Эрон ҳукуматидан чегарадаги жиноий гуруҳларни жиловлаш учун нима қилинаётгани ҳақида сўрадик, аммо жавоб олмадик.

Би би сига Эрон ичида хабар бериш тақиқланган, шунинг учун биз чегарани кесиб ўта олмасдик.

Суҳбатимиздан бир неча ҳафта ўтгач, Саид биз билан боғланиб, йўлга тушганини ва яна Теҳронга етиб келганини айтди. Бунга ҳам саккиз ой бўлди ва биз ундан бошқа хабар олмадик.

Биз учратган Омина каби Туркияга етиб келганлар келажакка умид билан қарашга ҳаракат қилмоқда.

"Мен таслим бўлмайман, она бўлишимни биламан, - дейди у. - Кучли бўламан."

Ушбу мақоладаги айрим суҳбатдошлар исмлари уларнинг хавфсизлиги учун ўзгартирилди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.