Британия 20 минг афғонга бошпана бермоқчи - Афғонистон ва Толибон video Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Британия парламенти Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун таътилдан чақириб олинди. Бош вазир Борис Жонсон келгуси йил 5 минг ва яна кейинроқ 15 минг афғонистонликка Британия бошпана беришини маълум қилди.
У Британиянинг Афғонистондаги 20 йил қолиши давомида қизларнинг таълими дохил, бошқа эришган ютуқларини санаб ўтди. Аммо ривожланиш мўрт бўлганини ҳам тан олди. Бош вазир БМТни минтақада инсонпарварлик ёрдамини кучайтиришга чақирди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Борис Жонсон АҚШ қўшинларини олиб чиққанидан сўнг Британиянинг Афғонистонда қолишга иштиёқи сўнганини билдирди.
Кеча тунда Британияга шу юрт фуқаролари ва уларнинг Афғон иттифоқчилари учиб келди. Уларнинг айримлари Кобулни Толибон олганидан сўнг ташлаб чиққан.
Афғонистонда эса кўпчилик жон-жаҳди билан кетишга уринмоқда.
Душанба кунги тасвирлар баъзилар қочиш учун нималарга тайёр эканлигини кўрсатди.

Сурат манбаси, Getty Images
Британия ҳукумати келгуси йилларда 20 минггача бўлган қочқинни қабул қилишини эълон қилди. Уларнинг 5 минги келгуси 12 ойда келади. Тартиб Сурия уруши қочқинлари билан бир хил бўлади.
"Британиянинг Афғонистондаги миссиясига ёрдам берганларни дастаклаш учун қўлимиздан келганини қиламиз. Афғонистон бўйлаб кўпроқ жойни қамраш ҳамда инсоний инқирознинг олдини олиш учун боримизни берамиз", деди Бош вазир Борис Жонсон.
Аммо Афғонистон энди Толибон назорати остида. Британия ҳукумати одамларни олиб чиқиб кетиш осон бўлмаслигини тан олади. Шифокор Воҳид Афғонистондан қочқин бўлиб келган.
"Одамлар Британияга келганида инсондек муомала кўришни истайди. Улар сиз ва менга ўхшаш. Улар бошпана, оддий яшаш шароитлари, хавфсизлик ва инсоний ҳуқуқларини хоҳлашади. Шунингдек, улар ҳамдардлик, адолатли қадрланиш ва мен 15 ёшимда келганимда яратилган айни шароитларга муҳтож. Бу менинг шифокор бўлишимга замин яратди", дейди собиқ афғонистонлик қочқин Воҳид Ариан.

Сурат манбаси, EPA
Бу ердаги ва дунё бўйлаб амалдорлар Афғонистонда вазият ёмонлашгани сабаб шошилинч режалар ишлаб чиқмоқда.
Британия дастурида расмийлар энг муҳтож деб айтаётган аёл ва қизларга биринчи ўринда ёрдам берилади.
Ҳукумат қочқинларга энг маъқул жойларни аниқлаш учун маҳаллий ҳокимликлар билан ишлайди.
Мухолифат ҳукуматдан янада кўпроғини талаб қилиб, бугун янграган режалар инқироз кўламига мос эмаслигини айтишмоқда.
"20 минг инсонни, шундан 5 мингини келаси йил қабул қилиш яхши. Аммо бу инқирозни бартараф қилишга етарли эканлигига шубҳа қиламан", дейди парламент депутати Лиза Нанди.
Парламент ёзги таътилдан чақириб олинди. Депутатлар Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилмоқда.
Ҳукумат Толибон назоратни тез суратда қўлга олгани борасида саволларга тутилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














