Дунё ҳайратда: Америка қилолмаган ишни Толибон қандай эплаяпти? Video Yangiliklar

Taliban destroy poppy heads against a mountain background
    • Author, Йогита Лимай
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Чап елкасига АК-47 автоматини илиб олган Абдул ўнг қўлидаги катта калтак билан кучининг борича қаршисида ўсиб ётган кўкнор бошларига уради. Ўсимлик поялари узилиб, ҳар ён сачрайди, кўкнор бошлари ёрилиб, шираси чиққач атрофни афюннинг ўткир ҳиди тутади.

Бир неча дақиқада Абдул ва ўн чоғли одам кичик майдондаги кўкнорларни яксон қилади. Сўнг шалвар камиз (афғонча анъанавий кийим) кийган қуролланган, узун соқол бу эркаклар пикапга минадию кейинги далага йўл олади.

Бу одамлар Толибоннинг Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилоятидаги гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўлинмаси аъзоларидир. Биз уларнинг кўкнорларни йўқ қилиш бўйича амалиётларида ҳамроҳ бўлиш учун рухсат олдик. Сал кам икки йил бурун бу одамлар мамлакатнинг бир қисмини босиб олган исёнчи жангарилар эди. Ҳозир улар ғолиб ва мамлакатни тўла бошқармоқда, ўз раҳнамоларининг кўрсатмаларини амалга оширмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

2022 йил апрелида Толибоннинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода героин тайёрланадиган афюн олиш учун кўкнор экишни буткул тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. Тақиқни бузганларнинг далалари пайҳон қилиниб, ўзлари шариатга кўра жазоланиши белгиланди.

Толибон сўзчисининг Би би сига айтишича, кўкнор бошларидан олинадиган афюннинг зарарли экани ва бу диний кўрсатмаларга зид бўлгани учун тақиқланган. Афғонистон жаҳондаги афюннинг 80 фоиздан ортиғини ишлаб чиқарар эди. Афғон афюнидан ишлаб чиқарилган героин Европа бозорининг 95 фоизини ташкил қилади.

Би би си Афғонистонга сафар қилиб, тақиқнинг кўкнор етиштиришга бевосита таъсирини ўрганиш учун сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилидан фойдаланган. Толибон етакчилари бу ўсимликни етиштиришга қарши курашда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муваффақиятга эришган кўринади.

Кўкнори етиштириш пасайган

Биз кўкнор етиштирувчи йирик вилоятларда унинг кескин камайганини аниқладик. Экспертлар кўкнори етиштириш ўтган йилга нисбатан 80 фоизга кам бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Даромади кам буғдой далаларда кўкнор ўрнини эгалламоқда ва кўплаб фермерлар молиявий қийналаётганини айтади.

Биз Нангарҳор, Қандаҳор ва Ҳелманд каби вилоятларга узоқ тоғли ҳудудлар бўйлаб нотекис, лой йўллар орқали бордик. Мақсадимиз асл ҳолатни ўз кўзитмиз билан кўриш эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) маълумотларига кўра, Толибоннинг тақиқи 2022 йилги афюн ҳосилига таъсир қилмаган, чунки шу йили ҳосил 2021 йилга нисбатан учдан бирига кўп бўлган.

Бироқ, бу йил бутунлай бошқача. Биз жойига бориб кўрганларни юқоридан олинган суратлар ҳам тасдиқлайди.

Афғонистондаги гиёҳванд моддалар савдоси бўйича етакчи эксперт доктор Дэвид Мэнсфилд сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига ихтисослашган Британиянинг Alcis ширкати билан ишлайди.

"Эҳтимол, кўкнор етиштириш 2022 йилгининг 20 фоизидан кам бўлиши мумкин. Қисқариш кўлами мисли кўрилмаган бўлади", дейди у.

Кўп сонли деҳқонлар бу тақиққа кўнди, Толибон жангарилари итоат этмаганларнинг экинларини йўқ қилди.

Биз билан бирга Нангарҳорда бўлган Толибон патруль бошлиғи Тур Хон ўз одамлари билан қарийб беш ой давомида кўкнор майдонларини вайрон қилганини ва ўн минглаб гектарни тозалаганини айтади.

Деҳқонлар ғазаби

"Далаларимни пайҳон қиляпсан, Аллоҳ уйингни куйдирсин", деб қарғайди аёл Толибон гуруҳи унинг кўкнориларини йўқ қилаётган вақтда.

"Мен тонгда сизга бугуноқ уни йўқотинг дедим, йўқотмадингиз, шунинг учун ўзим қиляпман бу ишни", дейди Тур Хон унга. Аёл уйига кириб кетади.

Унинг Толибон томонидан ҳибсга олинган ўғли огоҳлантирилиб, бир неча соатдан сўнг қўйиб юборилди.

Толибон патруль бошлиғи Тур Хон
Сурат тагсўзи, Толибон патруль бошлиғи Тур Хон

Толибон бўлинмалари қуролланиб, кўпчилик бўлиб юришади, чунки бу ҳудудлардаги ғазабнок маҳаллий аҳоли бир неча марта қаттиқ қаршилик кўрсатган. Йўқ қилиш кампанияларидаги отишмада камида бир фуқаро ўлган ва яна бошқа қаттиқ тўқнашувлар ҳам бўлгани хабар қилинган.

Фермер Али Муҳаммад Миа толиблар ўз даласини вайрон қилаётганига, юзида ғазаб билан тикилиб турибди. Пушти кўкнор гуллари, яшил бошлари ва синган поялар ерни қоплайди.

Ундан нима учун тақиқланганига қарамай, кўкнор етиштиряпсиз, деб сўраймиз.

"Уйингизда овқат бўлмаса, болаларингиз оч қолса, яна нима қилиш мумкин, - дейди у. - Бизда катта ер участкалари йўқ. Агар буғдой эксак, афюндан олишимиз мумкин бўлган даромаднинг фақат бир қисмини оламиз".

Farmer Ali Mohammed Mia
Сурат тагсўзи, The ban on poppy growing forces farmers such as Ali Mohammed Mia to cultivate cheaper crops, like wheat

Эътиборли томони шундаки, Толибон бу ишларни фақат таёқ ёрдамида бажараётганидир. Тезлик эса ҳайратланарли даражада - ҳар бири 200 дан 300 квадрат метргача бўлган олтита майдон ярим соатдан сал кўпроқ вақт ичида тозаланди.

Очликдан қийналаётган халқнинг даромад манбасини йўқ қилишга улар қандай қарашади, деб сўраймиз Тур Хондан.

"Бу етакчимизнинг буйруғидир. Унга бўлган садоқатимиз шундайки, агар у дўстимга мени дорга осишни буюрса, мен ҳам қабул қилиб, дўстимга таслим бўламан", дейди у.

Жануби-ғарбдаги Ҳилманд вилояти бир пайтлар Афғонистоннинг афюн маркази эди, мамлакатдаги афюннинг ярмидан кўпини ишлаб чиқарган. Биз у ерга Толибоннинг наркотикларга қарши кураш бўлинмасидан алоҳида сафар қилиб, ҳозир у ер қандай аҳволда эканлигини бевосита кўриб чиқамиз.

Ўтган йили вилоятда бўлганимизда кўкнор экилган майдонларни кўрган эдик. Бу сафар битта экин майдони топа олмадик.

ko'knori

Alcis таҳлили кўрсатишича, Ҳилмандда кўкнор етиштириш 99 фоиздан кўпроққа камайди. "Ҳилманд вилоятининг юқори аниқликдаги тасвирлари кўкнор экиладиган майдонлар ўтган йилги 129 000 гектардан 1000 гектарга камайганини кўрсатади", дейди Дэвид Мэнсфилд.

Буғдой этиштириш

Ҳилманд маркази Лашкаргоҳ жанубида жойлашган Маржа туманида фермер Неъматуллоҳ Дилсўзни буғдой ўраётган пайтда учратдик. Ўтган йили у шу далада кўкнор етиштирган. Унинг айтишича, Толибон таянчи бўлмиш Ҳилманддаги деҳқонлар бу тақиққа амал қилмоқда.

"Бир неча фермер томорқасида кўкнор етиштиришга ҳаракат қилди, аммо толиблар бундан хабар топиб, уларни йўқ қилди", дейди Неъматуллоҳ.

Ўрилаётган буғдой пояларининг овози, қушлар сароғини ҳисобга олмаса бу ер жуда сокин. Уруш пайтида бу дала фронт эди. Ҳилмандда инглиз қўшинлари базаси бор эди ва энг шиддатли жанглар ўтган.

helmand

Неъматуллоҳ йигирма ёшларда. У ҳаётида биринчи марта кўчага бомба қўрқувидан ҳоли чиқа оляпти. Аммо узоқ давом этган урушдан жабр кўрган халққа афюнни тақиқлаш иқтисодий таназзул манзарасида уларга қаттиқ зарба бўлди. Аҳолининг учдан икки қисми кейинги сафар овқатни қаердан топишини билмайди.

"Биз жуда хафамиз. Буғдойдан келадиган даромад кўкнорникининг тўртдан бирича келади, - дейди у. - Оилам эҳтиёжларини қондира олмайман. Қарз олишим керак эди. Очлик авжида, ҳукуматдан ёрдам ололмаяпмиз".

Неъматуллоҳнинг кўкнори ерига эккан буғдойлари пишди
Сурат тагсўзи, Неъматуллоҳнинг кўкнори ерига эккан буғдойлари пишди

Биз Толибон ҳукумати сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳиддан толиблар халққа ёрдам бериш учун нима қилаётгани ҳақида сўрадик.

"Одамлар жуда қашшоқ ва азоб чекаётганини биламиз. Аммо афюннинг зарари унинг фойдасидан каттадир. 37 миллион аҳолининг тўрт миллиони гиёҳвандликдан азият чекади. Бу катта рақам, - дейди у. - Муқобил тирикчилик манбаси учун биз халқаро ҳамжамиятдан талофат кўраётган афғонларга ёрдам беришини истаймиз".

У БМТ, АҚШ ва бошқа ҳукуматларнинг Ғарб кучлари ва аввалги Афғонистон режимига қарши курашган Толибоннинг асосий даромад манбаи афюн бўлгани ҳақидаги даъволарини рад этади.

Толибон ҳукумати аёлларни барча ноҳукумат ташкилотларида ишлашини тақиқлаб, бу ташкилотларнинг фаолияти ва молиялаштирилишига халал бераётган бир вақтда, Толибон халқаро ташкилотлардан қандай ёрдам кутиши мумкин, деб сўраймиз.

"Халқаро ҳамжамият инсонпарварлик масалаларини сиёсий масалалар билан аралаштирмаслиги керак, - деб жавоб беради Мужоҳид. - Афюн нафақат Афғонистонга, балки бутун дунёга зарар етказмоқда. Агар дунё бу катта ёвузликдан қутулса, бунинг учун афғон халқи ёрдам олса, адолатдан бўлади".

Кўкнор нархи ошиши

Аслини олганда, тақиқнинг афюн нархига таъсири аллақачон аниқ эди. Толибоннинг руҳоний маркази ва анъанавий равишда кўкнори етиштириладиган яна бир йирик ҳудуд Қандаҳорда биз ўтган йилги ҳосилдан захира сақлаб қўйган фермерни учратдик - ҳар бири футбол тўпи ўлчамидаги иккита полиетилен пакетга қуюқ, ўткир ҳидли афюн солинган. Биз унинг шахсини ошкор қила олмаймиз.

"Ўтган йили, тақиқдан олдин, бунинг нархи ҳозиргидан беш баробар арзон эди. Мен оиламни узоқроқ таъминлаш учун нарх янада ошишини кутяпман. Биз жуда ёмон аҳволдамиз. Озиқ-овқат ва кийим-кечак сотиб олиш учун қарз олдим. Албатта, мен афюннинг зарарли эканлигини биламан, аммо яна қандай чора бор?» деб сўрайди у.

opium

Нархнинг бундай кўтарилиши гиёҳванд моддалар савдоси занжири бўйлаб героиннинг кўча нархига боргунча бироз вақт ўтиши мумкин.

"Афюн ва героин нархи 20 йил ичида энг юқори даражада қолаётган бўлса ҳам, бу йил кўкнори етиштириш камайганига қарамай, сўнгги олти ой ичида нарх пасайди, - дейди Мэнсфилд. - Бу тизимда катта заҳира хали мавжудлигидан далолат беради ва героин ишлаб чиқариш ва савдоси давом этмоқда. Қўшни давлатлар ва ундан ташқарида қилинган мусодаралар ҳам героин тақчиллиги яқин эмаслигини кўрсатади".

2000 йилда, АҚШнинг Афғонистонни ишғол қилишидан бир йил аввал, биринчи Толибон режими афюн етиштиришни тақиқлаганида, БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг собиқ ходими Майк Трейс Буюк Британия ҳукуматининг наркотик сиёсати бўйича катта маслаҳатчиси эди.

"Бу тақиқ Ғарбдаги нархлар ва бозорга катта ва дарҳол таъсир кўрсатмади, чунки ушбу гиёҳванд моддалар савдоси йўлида жуда катта захира бор эди, - дейди у. - Бу бозорнинг табиати шундай ва у сўнгги 20 йил ичида тубдан ўзгаргани йўқ."

ko'knori

АҚШ ҳаво ҳужумлари

Қўшма Штатлар Афғонистонда Толибонни молиялаштириш манбасини қисқартириш учун афюн ишлаб чиқариш ва савдосини йўқ қилишга миллиардлаб доллар сарфлади.

АҚШ Толибон назоратидаги ҳудуддаги кўкнори майдонларига ҳаво ҳужумлари уюштирди, афюн заҳираларини ёқиб юборди ва гиёҳванд моддалар лабораторияларига рейдлар уюштирди.

Аммо Би-би-си 2021 йилда Толибон ҳокимиятни қўлга олишдан олдин кўрганидек, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган собиқ Афғонистон режими назорати остидаги ҳудудларда ҳам наркотик бемалол етиштирилган.

Ҳозирча Толибон Афғонистонда Ғарб қила олмаган ишни қилгандек кўринади. Аммо улар буни қанча вақт сақлаб қолишлари мумкинлиги борасида саволлар мавжуд.

Буюк Британия ва Европанинг қолган мамлакатларида героинга қарамлик масаласига келсак, Майк Трейс Афғонистонда афюн етиштиришнинг кескин қисқариши истеъмол қилинадиган гиёҳванд моддалар турини ўзгартириши мумкинлигини айтади. "Одамлар кўпроқ синтетик гиёҳванд моддаларга ўрганади, бу эса афюндан кўра анча ёмон бўлиши мумкин".

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002