Янгиликлар: Путин қароргоҳи дронлар билан ҳужумга тутилдими? Путин тирик эканлиги айтилмоқда

Сурат манбаси, Maxim Churusov/TASS
Чоршанбага ўтар тунда Россия президенти Владимир Путиннинг Кремлдаги қароргоҳига дронлар билан зарба беришга уриниш бўлди. Путин жароҳат олмади, деб хабар бермоқда расмий Кремл.
Россия расмийлари эҳтимолий ҳужумни Путинга суиқасд қилиш деб атади ва жавоб чораларини кўриш билан таҳдид қилди.
"Бугун тунда Киев режими томонидан Россия Федерацияси президенти қароргоҳига учувчисиз учувчи аппаратлар билан зарба беришга ҳаракат қилинди", дейилади Кремл матбуот хизмати хабарида.
Кремлнинг таъкидлашича, ҳужум учун иккита дрондан фойдаланилган.
"Иккита учувчисиз бошқариладиган аппарат Кремлни нишонга олди. Ҳарбий ва махсус хизматларнинг ўз вақтида радиолокация тизимни ишга тушириши натижасида аппаратлар ишдан чиқарилди", дейилади хабарда.
Кремл хабарида айтилишича, Кремл ҳудудига дронларнинг қулаб тушиши ва парчаларнинг сочилиши натижасида жабрланганлар йўқ ва моддий зарар етмаган.
Кремл матбуот хизмати айтилаётган дронлар ҳужумини Ғалаба куни ва 9 май паради арафасида "режалаштирилган террор ҳаракати ва президентга суиқасд" деб атаган.
"Унинг иш режаси ўзгартиришга учрамади", дейилади хабарда.
Кремлнинг таъкидлашича, Россия ўзида "қачон маъқул топса ўша вақти ва жойда" жавоб чоралари қабул қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Украина президенти матбуот котиби Сергей Никифоровнинг ББCга айтишича, Киевнинг мақсади Москвани эмас, босиб олинган ҳудудларни озод қилишдир.
«Бизда Кремлга тунги ҳужумлар деб аталмиш ҳужумлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, бироқ президент Зеленский бир неча бор таъкидлаганидек, Украина барча мавжуд куч ва манбаларини ўзгаларга қарши ҳужумларга эмас, балки ўз ҳудудларини озод қилишга йўналтиради», — деди у.
Олдинроқ Россия телеграм каналларида Кремл тепасида тутун акс этган видеолар пайдо бўлганди.
"Соседи. Якиманка-Замоскворечье" телеграм канали видео остига воқеа жойига яқин одамлардан иқтибос келтириб, "портлаш кучлилиги жиҳатидан момақалдироққа ўхшади", деб ёзди.
Шунингдек, одамлар осмонда чақнаш ва портлашдан сўнг Кремл деворларида фонус билан юрган одамларни кўришган.
Ўтган ҳафта маҳаллий ҳокимият Москва яқинидаги Ногинскда портловчи модда ўрнатилган дронлар топилгани ҳақида хабар берганди.
Кейинроқ Москва вилоятида яна учта дрон топилгани маълум бўлган, уларда портловчи моддалар бўлмаган.
Шу йил бошида кузатувчилар Москвада қўшимча равишда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ўрнатилганини айтишди.
Ҳарбий соҳадаги блогерлар зенит-ракета тизимларининг ўрнатилиши дронларни қўллаш хавфи билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Россия ўтган йилнинг феврал ойида бостириб кирган Украина Россия ҳудуди бўйлаб дронлар билан берилаётган зарбаларга масъулиятни ўз зиммасига олмаган.
Украина армиясининг "Жануб" қўмондонлиги матбуот котиби Наталя Гуменюк Россия қўшиб олган Севастополдаги нефт базасида келиб чиққан ёнғинга шарҳ бераётганда "барча кутаётган Украинанинг кенг миқёсли ҳужумига" тайёргарлик ишлари ҳақида гапирган.
Россия ҳукумати ёнғин сабабини дронлар ҳужуми, деган.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














