Янгиликлар: Россия Путинни Молдовага киритмаслик қарорини қандай қаршилади, Пригожин нимадан хавотирда? Dunyo, Ukraina

Сурат манбаси, Getty Images
Молдова ҳукумати Россия Президенти Владимир Путиннинг мамлакатга киришига рухсат берилмайди, дейишига Россия томони кескин муносабат билдирди. "Вагнер" асосчиси мамлакат ичидаги хоинлардан нолиди.
Россиянинг собиқ президенти, ҳозир Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари бўлиб ишлаётган Дмитрий Медведов "Россия уни Руминияга сотган Молдовонинг амалдаги ҳукумати билан гаплашишдан маъно кўрмаяпти", деди.
У Молдовани назарда тутиб, бундай мамлакат энди йўқ деган.
"Маҳаллий раҳбарлар ўз ватанининг хоини бўлиб, уни Руминияга сотиб юборишди. Улар билан гаплашишдан маъно йўқ. Халқнинг ўзи хулоса қилсин. Улар молдованми ёки руминлигини ўзлари ҳал қилишсин", деган Медведов.
Медведов айни дамда Молдовога ҳеч ким бормоқчи эмаслиги, балки кейинроқ бўлиши мумкинлигини урғулаган.
Молдова Бош вазири Дорин Речин 27 апрел куни журналистлар саволларига жавоб бераётганда мамлакатга Россия президенти Владимир Путин киритилмаслигини айтганди.
Гаагадаги Халқаро Жиноий суд Путинга нисбатан жиноий иш очган ва уни қидирувга берган.
Пригожин: "Россия Украинанинг қарши ҳужумига тайёр эмас"
"Вагнер" хусусий ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожин Украина қарши ҳужуми шиддатли бўлишидан огоҳлантирди ва фронтдаги аскарларга қурол-яроқ бермаётган Россиядаги хоинлардан нолиди. Ўз навбатида НАТО Украинага ваъда қилинган барча ҳарбий техникани етказиб берганини айтди.
Пригожиннинг Телеграм каналига жойланган аудиосида айтилишича, Украина муқаррар қарши ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда ва Бахмутга яхши ҳарбий тайёргарликдан ўтган ҳарбийларини юбормоқда.

"Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужумига оид нималар маълум? Бугун ёмғир ёғяпти, 2 май куни охирги ёмғир ёғади. Шамол ерни қуритиши учун яна бир ҳафта кетади. Шундан сўнг Украина кучлари ҳаракатланишга тайёр бўлади. Украина қуролли кучлари олға юриш ва қанотларни ёриб ўтишга тўлиқ тайёр. Қанотларимизни ҳеч ким ёпгани йўқ. Бахмутга заҳирадагиларнинг ҳужумини бартараф қилдик деган гапларнинг ҳаммаси пуч", деган у.
Пригожин "Вагнер" гуруҳига ҳамда Россия армиясига қурол-яроғ етишмаётганини айтган. Снарядлар етишмаётгани учун бир аскарнинг ўрнига 5 нафари ҳалок бўлаётганидан шикоят қилган.
"Украинларнинг ҳужуми муқаррар. Россия Федерацияси ичида хоинлик рўй бермоқда. Ҳимояни мустаҳкамлаб, ҳужумни давом эттиришимизга йўл беришмаяпти", деб урғулаган у.
НАТО Киевга барча ҳарбий техникани бердими?

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Украинанинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари Киевга ваъда қилинган деярли барча ҳарбий техникани берганини маълум қилди.
1550 та зирҳли машина, 230 та танк ва катта миқдорда қурол яроқ берилган.
"Украинага ваъда қилинган ҳарбий машиналарнинг 98%дан кўпроғи берилди. Энди Украина армиясида Россия босиб олган ҳудудларни озод қилиш учун етарли қурол-яроғ бор", деган у.
Бироқ Украина шарқидаги фронт чизиғида бўлган Би-би-си мухбири Жонатан Билнинг айтишича, Украина аскарлари снарядларни олдингидан ҳам тежаб ишлатишга мажбур бўлишмоқда.
Бу ердаги ҳарбийлар ҳамон 50 йиллик совет қуролларидан фойдаланмоқда. Уруш бошланганда Украина аскарлари бир отишда 40 талаб Град ракеталарини учирган бўлса, энди бир отишда бир нечтаси билан кифояланишга мажбур.

Украин қўмондонларнинг айтишича, улар ўз омборларидаги снарядларни деярли отиб бўлишган ва энди ғарбдан келаётган қурол-яроққа қараб қолган.
Яқинда сиздирилган махфий ҳужжатларда Украина ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилишда ишлатиладиган БУК ракеталари етишмовчилигини бошидан кечираётгани айтилган.
Қўмондон Жозеф ракеталар етишмаслигини инкор қилади, аммо унинг айтишича, бўлинмалар ушбу совет қурилмасини таъмирлашда ва эҳтиёт қисмларини топишда муаммоларга дуч келяпти.
Бахмут четидаги Украина кучларида айрим ғарб қуроллари бор. Бироқ уларнинг аксари танклар каби қарши ҳужум учун асраб қўйилган.
Бу аскарнинг айтишича, Украина бу йил ҳужум қилиб, ерларини қайтариб олса урушда енгади. Бироқ уддасидан чиқмаса Украинада яна 5 ёки 10 йил давом этадиган уруш учун заҳира йўқ.
Чекланган заҳира ва Ғарб дастаги билан Украина бу улар учун ҳал қилувчи ёки кескин бурилиш ясовчи йил бўлишини яхши англаб турибди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














