Шок янгилик: 600 дан ортиқ бола жинсий таҳқирланган Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ
Шок ва ғазаб: Юзлаб бола жинсий таҳқирланган
Масъуллар ишни ёпди-ёпди қилишган.
Янги давлат ҳисоботи эълон қилинди.
Алоқадор мавзулар
Янги ҳисобот
Янги ҳисоботда айтилишича, 600 дан ортиқ бола католик руҳонийлари ва Балтимор архепархиясига алоқадор шахслар томонидан жинсий таҳқирланган.
Узоқ кутилган 463 бетдан иборат ҳисобот куни-кеча эълон қилинган.
Мэриленд Бош прокурори черков мулозимларини ўнлаб йиллар давомида бу ишларни ёпди-ёпди қилиш ва жинсий таҳқирларнинг "ҳайратланарли даражада тарқалиши"да айблаган.
Терговчилар 80 йиллик жинсий таҳқирлаш ҳолларини 2018 йилда текширишни бошлашган.
Уларнинг хулосалари қурбонлар ва фаолларни шокка солган, ғазабга келтирган.
Балтимор архиепископи Уильям Лори қурбонлардан узр сўраган, "архепархия тарихидаги қораланган бу даврга кўз юмилмаслиги ёки унутилмаслиги"га ваъда берган.
Зўравонлик юзлаб қурбонларни қамраб олади.
Тергов жараёнида 1940-йилларга оидларидан бошлаб юз минглаб ҳужжатлар текширилган.
Бунинг ортидан эса, 600 дан ортиқ боланинг 156 одам томонидан таҳқирланганига оид хулосага келинган.
Бош прокурор Энтони Брауннинг айтишича, "(ҳақиқий) рақамлар анча юқори бўлиши мумкин".
Ҳисоботда айтилишича, якканишин ва ҳимоясиз болалар кўпроқ зўравонлик нишонига айланишган.
Черков зўравонларни ҳимоя қилган

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳисоботда Балтимор архепархияси католик черковидаги руҳонийларнинг зўравонлигини ўнлаб йиллар давомида изчил равишда яшириб келганликда айбланади.
Унда айтилишича, епископ ва черковнинг бошқа етакчилари зўравонликка учраган болалардан кўра зўравонларга кўпроқ ҳамдард бўлишган.
Ҳисоботда черков етакчилари айбланган руҳонийларни жиноий жавобгарликка тортиш ўрнига уларни ҳимоя қилган кўплаб ҳолатлар санаб ўтилган.
Хабарда айтилишича, зўравонлар ўз лавозимларида қолишган ёки бошқа черковларга ўтказилганлар, ҳар қандай текширувлар эса, мустақил терговчилар эмас, балки бошқа руҳонийлар томонидан олиб борилган.
Архиепископ Лори эса, интернетда эълон қилинган баёнотида зўравонликларга оид маълумотлар "ақл ва қалбларни ларзага солиши"ни айтган.

Сурат манбаси, ...
Зўравонлик қурбонлари ҳануз азобда
Associated Press хабарига кўра, Балтиморда ўсмирлик чоғида католик ўрта мактабининг маслаҳатчиси ва руҳонийси томонидан зўравонликка учраган Жин Ҳаргадон Венер ўзининг ҳалиям "ғазабда" эканини айтган.
Венер хонимнинг айтишича, бу шахс ҳисоботда камида 39 қурбонга зўравонлик қилган инсон сифатида тилга олинган Жозеф Маскеллдир.
2001 йилда ҳаётдан кўз юмган Жозеф Маскелл зўравонликка оид даъволарни тан олмаган ва ҳеч қачон жиноий жавобгарликка тортилмаган.
70-йилларда Солсберидаги черковда зўравонлик қурбонига айланган Курт Рупрехт эса, "биз ҳақиқатни айтиш учун бу ерга келдик ва бундан ҳеч қачон тўхтамаймиз. Бу ишлар оқибати бизни бир кун ҳам тарк этмайди, бир умр қолади", дейди.
Давлат ҳимоячилари ҳисоботни эълон қилиш учун суддан ўтган йили рухсат сўрашган.
Аммо уларнинг сўрови фақат ўтган ой қондирилган, шунда ҳам, Балтимор округ суди ҳаками ҳисоботнинг таҳрирланган шаклини оммага эълон қилишга рухсат берган.
Шунингдек, Мэрилендда қонун чиқарувчилар зўравонлик билан боғлиқ фуқаролик даъволари бўйича даъво муддатини тугатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ҳам қабул қилишган.
Бунгача жинсий зўравонлик қурбонлари 38 ёшдан кейин судга мурожаат қила олишмаган.
Ҳозир штат губернатори столида бўлган қонун лойиҳаси ёш чекловини бекор қилади ва жабрдийдаларга эски ҳолатлар бўйича ҳам суд даъвоси билан чиқишга имкон беради.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













