Тарихий музокара: Ашаддий рақиблар Саудия Арабистони ва Эрон Хитойда учрашди Dunyo Yangiliklar Янгиликлар

Саудия телеканали саудий ва эронлик вазирларни хитойлик ҳамкасблари қўл сиқишга ундаётганини намойиш қилди.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Саудия телеканали саудий ва эронлик вазирларни хитойлик ҳамкасблари қўл сиқишга ундаётганини намойиш қилди.

Яқин Шарқда ашаддий рақиблар саналиб келинган Саудия Арабистони ва Эроннинг ташқи ишлар вазирлари 2016 йилдан бери илк музокараларни ўтказдилар.

Саудийларнинг ал-Эхбария ТВ канали Шаҳзода Файзал бин Фарҳан ал Сауд ва Ҳоссейн Амир-Абдоллаҳиян Хитойда бир-бири билан кўришаётганлари акс этган қисқа видеони намойиш қилди.

Ўтган ой Хитойда бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўзаро дипломатик алоқаларни қайта тиклашга келишиб олишганди.

Саудия Арабистони 2016 йилда оломон ўзининг Теҳрондаги элчихонасига бостириб кириши ортидан Эрон билан алоқаларни узганди.

Элчихонадаги босқинга Риёдда таниқли шиа мусулмон руҳонийсининг қатл этилиши сабаб бўлган.

Ушбу ҳодисалардан бери аксар аҳолиси сунний мусулмонлар бўлган Саудия Арабистони ва шиалар бошқарувчи Эрон муносабатлари таранг бўлиб келаётганди.

Улар бир-бирига минтақавий ҳукмронликка интилувчи хавфли қудрат дея қараб келишади.

Икки давлат Яқин Шарқда, хусусан Ливан, Сурия, Ироқ ва, очиқчасига, Яманда қарама-қарши томонларни қўллаб-қувватлаб келишади.

Яманда 2014 йилда саудийлар қўлловчи ҳукуматни Эрон дастаклайдиган ҳусий исёнчилар сиқиб чиқарганди. 2015 йилдан бери Саудия Арабистони ҳусий исёнчиларга қарши олиб борган ҳаво ҳужумлари кўплаб талафот ва вайронагарчиликка сабаб бўлган.

Саудия Арабистонининг ўзи ҳам ҳусийлар ҳужуми қурбони бўлгани ва бунга Эрон ёрдам берганини даъво қилган.

Шундай ҳужумларнинг энг жиддийларидан бири 2019 йилда содир бўлди. Унда саудий нефть инфратизилмасига қилинган дрон ва ракеталар ҳужумлари катта зарар ва таъминот узилишларига сабаб бўлди.

Саудия Арабистони ва унинг яқин иттифоқдоши бўлмиш АҚШ ҳужумларда Эронни айблаган, Эрон буни рад этган.

Икки томонни яраштириш йўлидаги собиқ ҳаракатлар мева бермаган, аммо ўтган ой икки давлат икки ой ичида элчихоналарини қайта очишларини эълон қилишганди. Улар, шунингдек, савдо ва хавфсизлик соҳасидаги алоқалар қайта тикланишини айтганлар.

АҚШ ушбу янгиликларни босиқлик билан хуш қаршилади, БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш эса Хитойнинг мазкур келишувдаги воситачилигини олқишлади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.