Украина: Хитой ва Россия алоқаларни мустаҳкамлашга келишди, Қримда ҳужум рўй берди (видео) Dunyo Yangiliklar

Мишустин билан учрашуви чоғида Ши Хитой ва Россияни "буюк қўшни қудратлар" дея тасвирлади

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Мишустин билан учрашуви чоғида Ши Хитой ва Россияни "буюк қўшни қудратлар" дея тасвирлади
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Хитой Президенти Ши Жинпинг Москвага ташрифининг иккинчи кунида Владимир Путин билан ўтган музокаралари ортидан журналистларга гапирди. Унинг айтишича, ўзаро алоқаларда энергия, хом ашё ва электроник маҳсулотлар савдосига асосий эътибор қаратилади.

Унинг айтишича, Украина масаласида Хитой "тинчлик тарафида". "Биз ҳамиша БМТ хартиясига содиқ ҳолда, бетараф мавқени эгаллаб келяпмиз", -деди у.

Ши Хитой бу масалада тарихнинг "тўғри томони"да эканини айтди.

Путинга меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирар экан, икковлон бир-бирларини 10 йилки қўллаб-қувватлаб келаётганлари ва бундай кейин ҳам қўллашларини билдирди.

Унинг Москвага ташрифининг иккинчи куни воқеаларга бой ўтди. Куннинг биринчи ярмида у Россия Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашди ва давлат матбуотига Президент Владимир Путинни Пекинга таклиф қилганини айтди. Таклиф Путинга қулай вақтда амалга ошириши мумкинлиги ҳам қўшиб қўйилди.

Мишустин билан учрашуви чоғида Ши Хитой ва Россияни "буюк қўшни қудратлар" ва "кенг қамровли стратегик шериклар" дея тасвирлади. У ташрифининг биринчи кунида ҳам ўхшаш баёнотларни қилганди. У, шунингдек, Хитой Россия билан "ҳар-томонлама стратегик шерикликка устивор масала" деб қарашини билдирди.

Сешанба куни Ши Кремлда Путин билан учрашиши ва расмий музокараларни бошлаши режаланган. Музокаралар кун тартибида Украинадаги урушдан тортиб савдо алоқалари каби мавзулар бўлади.

Хитой Украина ва Россия ўртасида тинчлик музокараларини ташкиллаштириши амримаҳол кўринса-да, Киев Ши Украина Президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашиши мумкинлиги борасида аниқ маълумотни кутяпти.

Ши ва Путин суҳбатлашадиган бир вақтда Киев ҳам кутилмаганда юқори даражали меҳмонни кутиб оляпти.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ташрифининг илк кунида Путин билан учрашган Ши уни "қадрли дўстим" деб атади.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ташрифининг илк кунида Путин билан учрашган Ши уни "қадрли дўстим" деб атади.

Сешанба куни Япония Бош вазири Фумио Кишида Киевда Зеленский билан учрашади.

Кишиданинг Киевга ташрифи Хитой президентига анчагина босим бўлади. Япония раҳбари Ҳиндистондаги сафари ортидан ватанига қайтиши кутилганди, аммо унинг учоғи Польшага учди ва бош вазир поездда Киевга йўл олди.

Украинага босқинни қоралаган Япония Россия қарши санкцияларни тадбиқ қилган давлатлардан биридир.

Хитой эса бу урушда бетараф эканини айтиб келади, аммо баъзи таҳлилчилар Пекиннинг "тинчлик режаси"ни Россияга бўлган дастагини яширишга қаратилган ҳаракат дея тасвирлашган.

Хитойнинг тинчлик бўйича таклифларидан бирон натижа чиқмаса, Шининг Москвага ташрифи ва Кишиданинг Киевга ташрифи қиёсланади ва икки лидернинг Украинадаги тинчлик борасида қандай мавқеда эканликлари солиштирилади.

Хитойнинг ҳудудий рақиби Япония бош вазири кутилмаганда Киевга келди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитойнинг ҳудудий рақиби Япония бош вазири кутилмаганда Киевга келди.

Уруш бошланганидан бери Ши бирон марта Зеленский билан суҳбатлашмаган, шундай экан бугун унинг Украина лидери билан видео-мулоқот қилиши ва унда қандай баёнотлар янграши кўп қизиқишга сабаб бўляпти.

Кишида Европада бўлиб турган бир пайтда Россия Япония денгизида унинг мамлакатига босим қилишга ҳаракат қилди.

Ядровий каллакларни ташишга қодир бўлган икки Россия бомбардимончи учоқлари қирувчи учоқлар ҳамроҳлигида етти соат давомида денгиз узра учганлар. Бу ҳақида Россия мудофаа вазирлиги хабар тарқатди.

Вазирликка кўра, учоқлар "нейтрал ҳудудда ва халқаро қонунларга буткул бўйсунган ҳолда" парвоз қилганлар.

Япония ва Россия Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери Тинч уммон шимолидаги ороллар кимга тегишли экани бўйича келишолмай келадилар.

Қримга ҳужум

Айни дамда Россиянинг ўзи ҳарбий босим остида қолди. Украина мудофаа вазирлиги билдиришича, Россияга қўшиб олинган Қримнинг шимолида поездда олиб кетилаётган ракеталар портлатилди.

Джанкой шаҳрининг Россияпараст ҳокими бу ҳудудга дронлардан ҳужум бўлганини айтди. Украина портлашларни эълон қилди, аммо одатдагидек, бу ҳужум ортида ўз қўшинлари турганини очиқ айтмади.

SASHAKOTS/TWITTER

Сурат манбаси, SASHAKOTS/TWITTER

Агар тасдиқланса, бу Украина 2014 йилда қўлда чиқарган Қримга украин армияси томонидан камдан-кам қилинадиган ҳужумлардан бири бўлади.

Қримга аввал ҳам ҳужум қилинган, аммо кўп ҳолларда Украина маъсулиятни ўз бўйнига олмаган ёки қандайдир партизан гуруҳнинг қўпорувчилигига йўйилган.

Агар бу ҳужумни Украина амалга оширгани тасдиқланса, бу унинг ҳаво кучлари тобора кўп дронлардан фойдаланаётганини исботлайди. Шу пайтгача Қрим украин ракеталари диапазонидан ташқарида деб кўринган, аммо бу зарба дронлар Россия ҳудудига аввал ўйланганидан чуқурроқ кириб бора олишига ишора қилади.

Украина мудофаа жосуслик хизмати билдиришича, бу "сирли" портлашларда йўқ қилинган ракеталар Россиянинг Калибр-НК ракеталари бўлиб, Россиянинг Қора денгиз флотида қўлланишилиш учун юборилаётган бўлган.

Қримнинг шимолидаги Джанкой шаҳридан Россия қўшинлари Қримдан ва Украинанинг бошқа ишғол қилинган ерларига темир йўл орқали юк ташишда фойдаланадилар. Ўтган августда Джанкой яқинидаги ўқ-дори омбори ҳужумга учраганди.

Киев учун Қримни хабарларда ушлаб туриш сиёсий аҳамиятга эга. Украина Россия нафақат ўтган февралдан бери босиб олган украин ерлари, балки 2014 йилда ноқонуний йўлда қўшиб олган Қримдан ҳам чиқиб кетиши шарт деб билади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002