You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Туркия: Худо ҳеч кимга кўрсатмасин, жуда қўрқинчли - Би-би-си Ўзбек хизмати зилзила сатҳидаги ўзбекистонлик билан гаплашди
Туркиядаги зилзила Қаҳраманмарашдаги суҳбатдошимиз ва унинг оиласини ҳам даҳшатга солди. У қариндошларнинг уйида жон сақлаб турганди. Тонгдаги зилзиладан омон қолган уйи сал аввал такрорийсида қулаб тушди. У бўлаётган воқеалардан карахт бўлиб қолганини айтади.
Алоқадор мавзулар:
- Шок ҳолатидаман. Биз беш қаватли уйнинг 4-қаватида яшаймиз. Уйимиз ҳалинчакдек дейдию, шу ҳалинчак қандай бориб-келса, уйимиз ҳам шундай бориб-келди, - Би-би-си Ўзбек хизматига гапириб берди Гулнора.
Ўзбекистонлик аёл зилзила бошланган вақт, саҳар 4 дан бери ухлашмаганини айтади.
- Ҳозир қариндошларнинг уйидамиз. Гапиришга ҳолим йўқ, чунки уйқусизман. Жудаям ёмон бўлдик, жудаям ёмон. Буни айтолмайман, жуда ёмон. Худо ҳеч кимга кўрсатмасин, жуда қўрқинчли, - дейди у.
Видеони кўриш учун "Қабул қилинг ва давом этинг" сўзини босинг:
- Ҳозирги вазият қандай?
- Биз ташқарига чиқмаяпмиз. Куёвимнинг амакисини уйидамиз. Бу ерда қазиш ишлари бўлаяпти. "Жон қайби", дейишади, яъни қурбонлар жудаям кўп. Йиқилган бинолар ҳам жудаям кўп. Соату дақиқада ҳисоб беришаяпти.
- У ерда яна ўзбекистонликлар борми?, сўрадик Гулнорадан.
- Биз яшайдиган шаҳар - Қаҳраманмарашда ўзбеклар йўқ бўлса керак. Ўзбеклар кўпи Истанбул, Анталия, Анқара, Измирда ишлашади. Бу томонларда мен билмайман. Ишлаётган одамлар бўлса, танимайман. Бу ерда энага ё уй хизматчиси ёллаб ишлатадиган ойликлар йўқ.
Видеолавҳамиз тайёрланаётган пайтда Гулнорадан яна хабар келди.
- Энди ташқарига чиқдик. 10 дақиқа олдин зилзила яна бўлди. Бизнинг 4 қават уйимиз ҳам йиқилиб тушди. Дўконимиз устидаги 3 қаватли уй ҳам қулади, гапира олмайман…
Эслатиб ўтамиз, Туркия - ўзбекистонликлар энг кўп меҳнат муҳожирлигига чиқувчи 5 мамлакатнинг бири ҳисобланади. Норасмий рақамларга кўра, бу мамлакатда 100 минг атрофида ўзбекистонликлар ишлаётгани айтилади.
Туркиядаги ўзбекистонлик муҳожирларнинг катта қисми - хотин-қизлардир.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek