Ҳиндистон: Мусулмонларга қарши нафратни жиловлашда қонун иш берадими?

    • Author, Имрон Қурайший
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ҳиндистонда қонун ёрдамида нафрат нутқини жиловлаш мумкинми? Жанубий Карнатака штати шунга умид қилмоқда.

Ўтган ойда қонун чиқарувчилар жамиятда кескинликни оширадиган, шахс ва гуруҳларга қарши нафрат нутқи ва нафрат жиноятлари олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди.

Нафрат нутқи Ҳиндистон учун янгилик эмас. Аммо сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларнинг кенг оммалашуви ва телеканалларда муносабатлар билдириш кўпайиши билан у янада кучайиб бормоқда. Ўтган йилги ҳисоботга кўра, озчилик миллатлар, айниқса, мусулмонларга нисбатан нафрат нутқлари 2024 йилда 74 фоизга ошган, миллий сайловлар пайтида бу энг юқори нуқтага етган.

Шунинг учун Конгресс партияси бошчилигидаги Карнатака ҳукумати нафрат нутқи реал ҳаётда зўравонликка олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб, чора кўриш зарурлигини айтмоқда. Бироқ танқидчилар бу чоралар фуқаровий эркинликлар ва сўз эркинлигига путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Карнатака штатининг 2025-йилги "Нафрат нутқи ва нафрат жиноятлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси (қонун бўлиши учун ҳали штат губернаторининг имзоси керак) нафрат нутқи қандай тергов қилиниши ва жиноий жавобгарликка тортилиши кераклигини белгилайди.

Мазкур лойиҳа нафрат нутқини оғзаки, матбуот, телевидение ёки ижтимоий тармоқларда "оммавий кўринишда қилинган, нашр этилган ёки тарқатилган ҳар қандай ифода" деб таърифлайди. Бироқ, у нафрат жиноятини зўравонликка олиб келган ёки йўқлигидан қатъи назар, "нафрат нутқини тарқатиш" сифатида белгилайди.

Қонун лойиҳаси штат ҳукуматига ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформаларга нафрат нутқи деб ҳисобланган мазмунни ўчириб ташлашни буюриш ваколатини беради, ҳозирча бу ҳуқуқ фақат федерал ҳукуматда мавжуд.

Ҳиндистонда нафрат нутқига қарши федерал қонун йўқ. Аммо қонунлардаги бир қатор қоидалар гапириш, ёзиш ва ҳаракатларнинг айрим шаклларини сўз эркинлигига истисно сифатида тақиқлайди.

Қонун "диний сабабларга кўра турли гуруҳлар ўртасида адоват" қўзғаши мумкин бўлган ҳаракатларни жиноий жавобгарликка тортади ва "ҳар қандай тоифанинг диний ҳис-туйғуларини қўзғашга қаратилган ифодалар, унинг дини ёки диний эътиқодини қасддан ҳақорат қилиш"ни тақиқлайди.

Федерал ҳукуматни бошқараётган, аммо Карнатака штатида мухолифатда бўлган БЖП партияси алоҳида қонун қабул қилишга ҳожат йўқлигини айтмоқда.

Аммо Карнатака ички ишлар вазири Г. Парамешвара парламентга қонун лойиҳаси мавжуд қонунлардаги бўшлиқни тўлдиришини, нафрат нутқи ва нафрат жиноятларини жазога тортиш учун штатга кенгроқ ваколатлар беришини айтди.

У жазоларни ҳам кучайтиради. Агар қонун қабул қилинса, нафрат билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлар бир йилдан етти йилгача қамалиши, 50 000 рупий (550 доллар) жаримага тортилиши мумкин, такрорий ҳуқуқбузарлар учун эса қаттиқроқ жазолар белгиланади.

Конгресс бошқарадиган қўшни Телангана штати бош вазири ҳам шунга ўхшаш қонун лойиҳасини киритишини айтди.

Кўпинча федерал даражада ва ўзи бошқарадиган штатларда норозиликни кескин бостиришда айбланган БЖП партияси қонун лойиҳасига қарши чиқиб, у сўз эркинлигини чеклаши мумкинлигини айтмоқда.

"Ушбу қонун орқали штат ҳукумати одамларнинг конституция билан кафолатланган сўз эркинлиги ҳуқуқини тортиб олмоқчи, мухолифат етакчилари ва оммавий ахборот воситаларини қамамоқчи", деди мухолифат етакчиси Р. Ашока парламентда.

Ҳуқуқшунослар ва сўз эркинлиги фаоллари ҳам хавотир билдирмоқда.

Олий суд адвокати Санжай Хегде бу қонунни барча турдаги сиёсий партиялар суиистеъмол қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

"Бир партиянинг нафрат нутқи бошқа бир инсоннинг сиёсий тарғиботи бўлиши мумкин. Бирор нутқни ёқтирмаганингиз учунгина у нафрат нутқига айланиб қолмайди", деди у.

Видҳи ҳуқуқий сиёсат маркази адвокати ва ҳаммуассиси Алок Прасанна Кумарнинг айтишича, қонун ортидаги ният яхши бўлиши мумкин, аммо "уни нотўғри қўллаш учун кенг имкониятлар мавжуд."

Шунингдек, мунозаралар нафрат нутқи ва жиноятчиликни қонунда қандай таърифлаш кераклиги ҳақида янада муҳим масалани кўтарди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

"Бу штатнинг адоват қўзғаш ва диний ҳис-туйғуларни ҳақоратлаш бўйича қонунда белгиланган мавжуд қоидаларга қўшимча, каста, дин ва бошқа шахсий белгиларга қаратилган нутқни ҳам нафрат нутқи сифатида белгилашга уринишидир", деди Ҳиндистон Миллий юридик университети доценти Сиддхарт Наррайн.

Бироқ, унинг айтишича, мазкур қонун лойиҳаси нафрат нутқи ва нафрат жинояти ўртасидаги чегарани олиб ташлайди. Унинг таъкидлашича, нафрат нутқи жиноий жавобгарликка тортилиши керак, чунки у зўравонликка олиб келиши мумкин, аммо ҳозирги таҳрирда зўравонлик бўлмаса ҳам, шунчаки мулоқотнинг ўзига нафрат жинояти сифатида қаралади.

Мутахассислар, шунингдек, Олий суднинг нутқни жиноийлаштирувчи қонунлар мавҳум ёки ҳаддан ташқари кенг бўлмаслиги, аниқ бўлиши кераклиги ҳақидаги 2015 йилги қарорини келтиради, акс ҳолда, одамлар таъқибдан қўрқиб, ўз-ўзини цензура қила бошлайди.

БЖП етакчилари ва баъзи фаоллар губернаторни қонун лойиҳасини қабул қилмасликка, балки кўриб чиқиш учун Ҳиндистон президентига юборишга чақирди.

Губернаторга хат ёзган адвокат ва ижтимоий фаол Гириш Бхардважнинг айтишича, қонун лойиҳаси нафрат нутқини эмас, балки фуқароларни тартибга солади.

Унинг таъкидлашича, бу "ижроия идоралари"га – полиция ва расмийларга қайси нутқ қонун доирасига тушишини ҳал қилиш учун ҳаддан ташқари катта эркинлик беради, бу эса манфаатлар тўқнашуви хавфини оширади, айниқса, ҳукумат танқид қилинаётган пайтда.

Бироқ Карнатака ҳукуматининг юқори лавозимли амалдори Би-би-сига исми ошкор қилинмаслик шарти билан айтишича, қонун лойиҳаси полицияга айблов хулосаларини топшириш учун ҳукумат рухсатини олиш заруриятини бекор қилади, бу эса ҳокимиятни суиистеъмол қилиш имкониятини чеклайди.

"Полиция бевосита судга мурожаат қилиши ва ҳаракатсизлик ёки хатоликлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак бўлади", деди амалдор.

Бу айбланувчини сиёсий мансублигидан қатъи назар, суд қилиш мумкинлигини англатади, дея қўшимча қилади у.

"Ҳозирги ҳолатда агар партия аъзоси нафрат нутқи ёки нафрат жиноятини содир этса, ҳукмрон партия терговга рухсат бермаслиги мумкин. Бу қонунга кўра эса, ҳукумат аралаша олмайди", дейди у.

Бироқ, танқидчилар таъкидлашича, биринчи ҳаракат нуқтаси полиция бўлгани сабабли, улар нимани нафратга ундовчи нутқ деб ҳисоблаш борасида кенгроқ ваколатга эга бўлиб қолади.

"Биринчи қадам – полиция, суд эса жараёнга анча кейинроқ қўшилади", дейди Кумар ва қонуннинг қамрови кенглиги ҳамда қаттиқ жазо чоралари полиция мустақил қарор қабул қилиш ўрнига сиёсий кўрсатмаларга қулоқ тутишига йўл очиши мумкинлигини таъкидлади.

"Шунинг учун бу қонун лойиҳаси кўзланган мақсадга эришишига ишончим комил эмас," дея қўшимча қилди у.