You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон, Туркия ва ўзбеклар: Истанбул кучли зилзилага “жиддий ҳозирлик” кўрмоқда – O’zbekiston
Туркия ва ўзбеклар: Истанбул кучли зилзилага "жиддий ҳозирлик" кўрмоқда.
Бу ҳақда куни-кеча расман Туркия Ички ишлар вазирининг ўзи маълум қилган.
Вазир кутилаётган зилзила кучини Рихтер шкаласи бўйича "7.5 балл"га нисбат берган.
Истанбул Туркиянинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳозир учта шаҳридан биттаси бўлади.
Би-би-си Ўзбек хизмати Истанбулдан влогер Феруза Шокирова билан боғланиб, шаҳардаги ўзбекистонликларнинг ўй-фикрлари билан қизиқди:
Сулаймон Сойлунинг бу сўзлари куни-кеча Туркия шарқини ўз забтига олган ҳалокатли зилзилалар ортидан янграган.
Кучи қарийб 7 балл атрофида бўлган бу зилзила ўнлаб кишининг умрига зомин бўлган. Яна юзлабини яралаган.
Кўплаб уй-жой, бинолар вайрон бўлган.
Расмий хабарларга кўра, ўтган жума кунги табиий офат ортидан, яна етти юздан ортиқ кучсиз ер силкинишлари кузатилган.
Туркия Ички ишлар вазири, ҳатто, якшанба куни ҳам уларнинг давом этаётганини билдирган.
Туркия дунёнинг энг сейсмик фаол ҳудудларидан бири бўлади.
Инсониятнинг бу яқин тарихидаги энг ҳалокатли зилзиларга саҳна бўлган мамлакат саналади.
Дейлик, 1999 йилда Туркиянинг ғарбий Измит шаҳрида юз берган қақшатқич зилзила 20 мингга яқин инсоннинг умрига зомин бўлган.
Ўшанда ҳақиқий рақамлар ҳатто ана шу расмийсидан ҳам анча кўп эканига оид тахминлар ҳам ўртага отилган.
Туркия ва ўзбекистонликлар
Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.
Агар, Туркия томонининг ўтган йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.
Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Туркиядаги фуқаролари билан боғлиқ ҳар қандай нохуш ҳолат ёки муаммолар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги диққатида экани кўрилади.
Вазирлик Туркияда шарқида юз берган жума кунги ҳалокатли ер силкинишларини ҳам беэътибор қолдирмаган.
Табиий офат юз берган 24 январнинг ўзида расмий билдиришнома билан чиққан.
Бу зилзилаларда бирор бир фуқаролари жабр кўрмаганини айтган.
Бир неча кун давом этган қидирув-қутқарув ишлари ортидан ҳам, бу билдиришноманинг янгилангани кузатилмаган.
Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам дунёнинг бошқа қатор давлатлари мисолида бўлгани каби, асосан меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.
Уларнинг орасида оилавий бўлиб меҳнат муҳожирлигига юз тутганлари ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Бундан ташқари, диний, сиёсий таъқиблардан қочиб, Туркияни ватан билган ўзбекистонликлар ҳам анча-мунчага бориб қолади.
Истанбул
Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.
Туркиядаги энг катта сондаги ўзбекистонликлар айнан Истанбул шаҳрига тўғри келади.
Истанбулда турли юмуш ва ишда банд бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сони минглаб экани айтилади.
Туркиянинг энг йирик шаҳри бўлган Истанбул аҳолисининг сони жорий пайтда қарийб 14 миллион кишини ташкил қилади.
Ўтган йил икки давлат ҳукуматлари ўртасида эришилган келишувга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролари уч ойгача Туркия ҳудудида визасиз юриш ҳуқуқига ҳам эга бўлишади.
Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Жорий пайтда бу икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб туради.
Бугун дунёнинг турли давлатларида меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони миллионларга нисбат берилади.
Аммо яқин-яқингача бошқа Марказий осиёликлари билан қиёсланганда, айнан ўзбекистонлик мигрантлар энг ҳуқуқсизи ва ижтимоий ҳимоясизи бўлиб келган.
Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Ўзбекистоннинг миграция ва мигрантлар борасида сиёсати ҳам кескин ўзгаришларга юз тутган.
Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум Президенти Ислом Каримов "дангаса", деб атаган мигрант фуқароларини Мирзиёев, "фарзандлари"га қиёс берган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам четда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг ҳимоясига қаратилган турли мурожаат, даъват ва баёнотлар билан бунчалик фаоллик билан чиқаётгани ҳам мамлакатнинг бу яқин тарихида кузатилмаган воқеълик бўлади.
Аммо, шунда ҳам, Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва Бош консулликлари фаолиятидан шикоятда бўлган ўзбекистонликларнинг сони оз эмас.
Туркия Ички ишлар вазирининг расман маълум қилишича, Истанбулда кутилаётган қақшатқич зилзила эҳтимолига жиддий ҳозирлик кўришмоқда.
Бу табиий офатга қарши туриш учун аллақачон масъул ҳукумат идоралари ишга тушиб кетишган, ўнлаб ишчи гуруҳлари ташкил этилган.
Туркия Ички ишлар вазирининг бу хусусда CNN Turk телевизион каналига берган айни мазмундаги суҳбатига ҳалича Ўзбекистон томонининг бирор бир муносабати кузатилмаган.
Туркия янги Ўзбекистоннинг Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, ўзаро алоқалари, муносабатлари жадаллик билан илиб бораётган давлатлардан бири бўлади.
Ўтган уч йилнинг ўзида бу икки қардош давлат президентларининг ўзаро ташрифлари ҳам амалга ошган.
Айниқса, бу - бир Ўзбекистон президентининг 20 йил, деганда Туркияга илк давлат ташрифи бўлган.
Туркия раҳбарияти бунинг аҳамиятини алоҳида ва ошкора урғулаган.
Бу каби эътирофлар манзарасида Ўзбекистоннинг янги президенти Туркия билан икки ўртада виза бўлмаслиги кераклигини ҳам айтган.
Президент Шавкат Мирзиёев ўзларининг "бунга ҳаракат қилишлари"ни ҳам билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek