You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон – Туркия, Кавсар ая: Ўзбекистон мустақил бўлди деб шундай суюндим...
Асли туркистонлик Кавсар ая ҳозир 90 ёшда. Ая ўзини тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бири - Хожа Аҳмад Яссавий авлодларидан эканини айтади.
Кавсар Яссавийнинг оиласи ўтган асрнинг 30-йилларида Шўравийлардан қочиб, дастлаб Афғонистонга ўтади.
Афғонистонда йигирма йилча яшагач, Туркияга кўчишади.
Қарийб 70 йилдирки, Кавсар ая Туркияда яшайди.
"У пайтлар Қозоғистон, Ўзбекистон бўлмаган, ўрислар бўлиб, бўлак-бўлак қилиб ташлабди", - дейди Кавсар ая Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.
"Ватан, деганда отам, онам, ўзим туғилиб ўсган жойни тушунаман, албатта", - дейди у киши ўз сўзларида давом этаркан.
"Ўзбекистон мустақил бўлди, деб кўп суюндим, шундай суюндим...".
Кавсая аянинг айтишича, мустақил бўлгач, Ўзбекистонга боришга муваффақ бўлган.
Тошкент, Андижон, Попда бўлган, ҳалиям амакилари, тоғалари борлигидан хабар топган, улар билан кўришган.
"Тушларида қайта-қайта қабрларини кўравергач, Хожа Аҳмад Яссавийнинг ҳозир Қозоғистоннинг Туркистон қисмида қолган мақбараларини ҳам бориб кўрган".
"Бориб, салом бериб, қабрларининг ёнларида ўтирдим", - дейди Кавсар ая.
"Ўрислар бўлиб берибди-да, Қозоғистон, билмадим яна нима, бўлак-бўлак қилиб қўйган экан. Авваллари битта экан", - дея Кавсар ая ўз ҳайронлик ва таажжубларини ҳам яширмайди.
Ватан...
"Ватан деганда бугун сиз нимани тушунасиз", деган саволимизга эса, аяхон, "Туркистон шаҳрида юрагимга иссиқ киради. Ўзбекистон Ватаним - иссиқ...", - дея жавоб беради.
Кавсар аянинг айтишича, ота-онасининг ўша пайтда берган қароридан афсусда бўлган пайтлари ҳам бўлган.
-"Бир куни онам раҳматлига, "Нимага дарбадар бўлиб, Ватандан кетдиларинг", деб ҳам сўраганман", - дейди ая.
- "Онам ўшанда, "Ҳа ўрис ҳаммамизни ўлдирарди, жонимизни олиб қочдик", - деб жавоб бердилар.
-Мен эса, "Аммо биз юртимизда яшардик", - дедим.
-"Вой болам-эй, вой болам-эй, қўймадики...", - деди ўшанда онамиз...
Кавсар ая, ўз ўрнида, "Энди асос Ватанлари, деб Туркияни билишлари"ни айтаркан, "Биз туркмиз", - дейди.
Туркиядаги ҳаёт
Аяхоннинг айтишича, Афғонистондаги шарт-шароит сабаб, таҳсил олишга имконсиз қолган.
Ўзига ўхшаб асли туркистонлик бўлган тижоратчи турмуш ўртоғи эрта оламдан кўз юмгач, маълум муддат тижорат билан ҳам шуғулланган.
Кавсар ая уч ўғил, икки қизнинг онаси.
Унинг айтишича, фарзандларининг ҳаммасини ўқитиш, олий маълумотли қилишга муваффақ бўлган.
"Бутун ҳавасимни болаларимдан олдим. Уларни ўқитдим", дейди ая.
Хожа Аҳмад Яссавий Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқат - "Яссавия"нинг асосчиси бўлади.
Олимлар орасида, "Яссавий Марказий Осиё маданияти тарихида биринчи туркийзабон мутасаввиф шоир" сифатида эътироф этилади.
Хожа Аҳмад Яссавий 1105 йилда Сайрамда, Шайх Иброҳим оиласида дунёга келган.
Унинг мақбараси ҳали-ҳануз Ислом оламидаги энг муқаддас қадамжолардан бири саналади.
Кавсар Яссавий билан Гулсевар Замон Истанбулда учрашган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek