Ўзингни 15 дақиқада ҳимоя қиласан ё дорга осиласан Eron Dunyo Yangiliklar

Муҳаммад Меҳди Карамий қариндошларига ўзининг қийноққа солинганини айтган

Сурат манбаси, WANA/Reuters

Сурат тагсўзи, Муҳаммад Меҳди Карамий қариндошларига ўзининг қийноққа солинганини айтган
    • Author, Марям Афшанг
    • Role, Би-би-си Форс хизмати

Норозилик намойишлари бошлангандан бери Эронда тўрт йигит дорга осилди. Эронликларнинг хорижда таъсис этилган веб-сайти "Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги"га кўра, ҳозиргача тартибсизликларга алоқадор 22 киши ўлимга ҳукм қилинган.

Каратэ бўйича 22 ёшли чемпион Муҳаммад Меҳди Карамий 7 январь куни қатл қилинган.

Алоқадор мавзулар:

Манбаларнинг Би би си Форс хизматига айтишича, унга ўзини ҳимоя қилиш учун 15 дақиқа вақт берилган ва қамоққа олинганидан 65 кун ўтиб қатл қилинган.

Унинг тақдири Эрон муллалар режимини тугатиш ва эркинлик учун курашаётган намойишчилар юрагига қўрқув солиш учун "томоша судлар" уюштираётганини кўрсатади.

Яқинда Британия-Эрон фуқароси Алиризо Акбарийнинг қатл этилиши Эронда ўлим жазоси қўлланишини яна бир бор кенг қамровли халқаро қораловга сабаб бўлди.

Унинг Буюк Британия жосуси эканликда айблангани намойишлар билан боғлиқ бўлмаса да, унинг айби "мажбурий тан олдирилгани" ва бир кишилик камерада сақлангани ҳибсга олинган намойичилар тақдири билан бир хил.

"Онамга айтманг!"

Сентябрь ойида мажбурий ҳижобни «рисоладагидек» ўрамагани учун полиция томонидан ҳибсга олинган Маҳса Амини ўлдирилиши ортидан норозилик намойишлари авж олди.

Муҳаммад Меҳди 3 ноябрь куни Каражда Басиж ҳарбийлашган гуруҳи аъзоси ўлдирилишида айбланиб ҳибсга олинган эди.

У Теҳрон яқинидаги Караж судида уч кун давомида бир мажлисда кўрилган жиноят ишида айбланган 16 кишидан бири эди.

Эронда айбланувчи қонуний адвокатга эга бўлади, лекин бу каби нозик ҳолатларда ёки жосусликда айбланса, бу адвокатлик ҳеч қачон мустақил бўлмайди. Суд ҳар доим адвокатни адлия органлари тасдиқлаган рўйхат бўйича тайинлайди.

Журналистлар ва оила аъзолари ҳам суд мажлисига киритилмайди, шунинг учун ёпиқ эшиклар ортида содир бўлаётган воқеалар учун ягона ойна - адлия томонидан эълон қилинадиган монтаж қилинган кадрлардир.

Караж шаҳридаги маҳкама

Сурат манбаси, WANA/Reuters

Сурат тагсўзи, Басиж қўшинлари ҳарбийсиини ўлдиришда айбланган 16 киши маҳкамага тортилди

Видеода Муҳаммад Меҳди хавфсизлик ходимининг бошига тош билан урганини "тан олаётгани"да жуда нотабиий тутади ўзини.

Унинг суд томонидан тайинланган адвокати бунга эътироз билдирмайди, тортишмайди ҳам, аксинча, судьядан уни кечиришни сўрайди.

Кейин Муҳаммад Меҳди «алданганини» айтиб, жойига ўтиради.

У ўлим жазоси белгиланган "Ер юзида бузуқлик қилиш" жиноятида айбланган.

Одатда, ҳокимият оила аъзоларига сукут сақлаш учун босим ўтказади.

Аммо Муҳаммаднинг отаси Машааллаҳ Карами Эроннинг «Этемад» газетасига интервью берди. У кўчада салфеткалар сотиб, тирикчилик қилади.

Унинг айтишича, Муҳаммад ўлимга ҳукм қилинган куни уни йиғлаб чақирган.

"Ота, бизни ҳукм қилишди. Мени ўлим жазосига. Онамга айтманг», дейди ота ўғлининг айбсизлигини такрорлаб.

Даҳшатга солувчи тафсилотлар

Кейинроқ, "1500 сурат" деб номланган аноним гуруҳ ижтимоий тармоқларда Муҳаммад Меҳдининг қийноқлари тасвирланган маълумотларни чоп этди.

Унда айтилишича, Муҳаммад ўз оила аъзоларига қамоқхонада қўриқчилар уни ҳушини йўқотгунча калтаклашганини айтган.

Улар уни ўлиб қолди деган гумонда, жасадини узоқ ҳудудга олиб бориб ташлаб кетишади, лекин улар кетишганда, қўриқчилар унинг ҳали тириклигини пайқаб қолишади.

Муҳаммад Меҳди Карамий каратэ чемпиони бўлган

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Муҳаммад Меҳди Карамий каратэ чемпиони бўлган

Муҳаммад, шунингдек, сўроқ пайтида хавфсизлик агентлари "унинг жинсий аъзоларига ҳар куни тегиб, зўрлаш билан қўрқитгани"ни айтган.

Эрон ҳуқуқий тизимига кўра, қуйи суд ўлим ҳукмини чиқарса, у Олий судга тасдиқлаш учун юборилади.

Аммо Олий суд ўлим жазосини маъқуллаган тақдирда ҳам, унга ҳам қарши чиқиш мумкин.

Муҳаммад Меҳдининг отаси «Этемад»га давлат тайинлаган адвокат билан боғланишга бир неча бор уринганини, аммо жавоб олмаганини айтди.

Кейин оила Эроннинг энг таниқли инсон ҳуқуқлари юристларидан бири Муҳаммад Ҳусайн Ағосийни ёллашга ҳаракат қилди.

"Муҳаммад қамоқхонадан менга уч марта қўнғироқ қилиб, унинг вакили бўлишимни сўради. Унинг ота-онаси ҳам мени ўғлининг вакили бўлишга илтимос қилди», дейди жаноб Ағосий.

У маҳаллий судга, кейин эса Олий судга ёзган. Ҳар бир босқичда унинг мактублари эътиборга олинмаган ёки рад этилган.

Эрон расмийлари тезкор суд жараёнлари ва ҳукмлар намойишларни тўхтатиш учун эканлигини бир неча бор таъкидлаган.

Заиф ва изоляция қилинган

Муҳаммад Ҳусайний ҳам худди шу «сохта» суддан кейин Каражда қатл этилган.

Унинг ота-онаси аввал вафот этиб кетган, шунинг учун ижтимоий тармоқларда уни қутқариш учун оилавий кампания ўтказилмаган, бироқ кўпчилик "Биз ҳаммамиз Муҳаммаднинг оиламиз" деган ёзувни улашди.

Би-би-си Форс хизмати унинг биполяр руҳий бузилишдан азият чекканини аниқлади.

Бироқ Муҳаммад Ҳусайний Олий суд ўлим ҳукмини ўз кучида қолдиргандан сўнг мустақил юридик вакиллик олишга муваффақ бўлди.

Сайид Муҳаммад Ҳусайнийнинг видеосини Эрон расмийлари кучли монтаж қилиб намойиш этишган

Сурат манбаси, WANA/Reuters

Сурат тагсўзи, Сайид Муҳаммад Ҳусайнийнинг видеосини Эрон расмийлари кучли монтаж қилиб намойиш этишган

Али Шарифзода Ардаканий қамоқхонага бориб, у билан кўришди ва кейинроқ бу ҳақда твит ёзди.

"Учрашганимда у йиғлаб юборди. У қийноққа солингани, қўлида кишан ва кўзлари боғланган ҳолда калтаклангани, бошига тепишгани, ҳушини йўқотгани ҳақида гапирди", дейди адвокат.

"(У) қийноқлар остида иқрор бўлган ва бу иқрор қонуний кучга эга эмас".

Жаноб Ардаканий Олий суд қарори устидан шикоят қилиш учун ҳужжатларни топширган ва 7 январь, шанба куни уни судга чақиришган.

Лекин у ерга машинада кетаётиб, Муҳаммад Ҳусайний осиб қатл этилганини эшитди.

Кейинроқ адвокат ҳибсга олинган ва ҳозирда тутқунликда қолмоқда.

Бош ургани жой йўқ

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари суд жараёнларини "мажбурий иқрорлар"га таянганликда танқид қилмоқда.

Би-би-си Форс хизмати манбасига кўра, давлат тайинлаган адвокат амалда «терговчи» вазифасини бажариб, айбланувчиларни ҳимоя қилиш ўрнига уларга босим ўтказмоқда.

Норвегияда жойлашган Эрон инсон ҳуқуқлари ташкилоти 109 кишининг қатл этилиши хавфи борлигини аниқлади.

Улардан 60 нафарининг ёшини аниқлаш мумкин эди.

Машааллаҳ Карамий ўғлининг қабри олдида

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Машааллаҳ Карамий ўғлининг қабри олдида

Ташкилот маълумотларига кўра, ўлимга ҳукм этилган маҳбусларнинг ўртача ёши 27, улардан учтаси 18 ёшдан кичикдир.

Ижтимоий тармоқларда норозилик ҳаракатининг яна бир юракни эзувчи рамзи пайдо бўлди.

Машааллаҳ Карамий ўғлининг сариқ свитерини кийиб, унинг қабри олдида тиз чўкмоқда.

У бир қўли билан боши узра қора кўйлакдаги Муҳаммаднинг суратини ушлаб турибди.

Иккинчи қўли билан ўз томоғидан ушлаб олган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.