Янгиликлар: Эрондан хабар йўллаш, бу мамлакатни ёритиш нега бунчалик қимматга тушмоқда? Dunyo

Сурат манбаси, JEFF OVERS / BBC
- Author, Парҳам Ғобади
- Role, Би-би-си Форс хизмати
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Эронда 2022 йили бошланган норозилик намойишлари 2023 йилда ҳам давом этмоқда. Бугунги кундаги энг муҳим халқаро ҳодисалардан бири бўлаётган ушбу намойишлар ҳақида хабар бериш Би-би-си Форс хизмати журналистлари учун давомий синовга айланган. Улар мамлакатга қўйилмаяпти, доимий таҳдидларга дучор бўлмоқда, Эрондаги оилалари эса босим остида яшамоқда.
22 ёшли Маҳса Аминий қамоқда ўлгач, сентябрь ойида мажбурий ҳижоб ва бошқа чекловларга қарши бошланган оммавий норозилик намойишлари режимни ўзгартиришга чорловларга айланиб кетди.
Бу Би-би-си Форс хизмати журналистлари учун тун кун тинимсиз ишлаш демакдир. Эрондан хабар йўллаш логистик муаммогина эмас, шу билан бирга жиддий шахсий оқибатлари ҳам бор бунинг. Эрон ҳукуматининг ғазаби ва таъқиби журналистлар ҳаёти учун салбий оқибатлари бўлиши мумкин.
2022 йил октябрида Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Би-би-си Форс хизматини терроризмни қўллаб-қувватлашга қасддан уриниш, шунингдек, зўравонликка чорлаш, нафрат сўзлари ва инсон ҳақларини таҳқирлаганлик учун санкцияга тортилган шахс ва ташкилотлар рўйхатига киритди. Би-би-си Форс журналистларига ўлим таҳдидлари йўлланди, шунингдек, улар минглаб уюштирилган ҳақоратомуз изоҳларни олишди.
Уларнинг Эрондаги оила аъзолари ҳам сўроққа чақирилган, уларга ҳам зўравонлик таҳдидлари кучайган ва таъқиб қилинаётгани ҳақида хабарлар бор.

Сурат манбаси, JEFF OVERS / BBC
Би би сининг хабар бериш асносида мувозанат сақлаш учун Эрон ҳукуматининг ҳам версиясини тақдим қилиш сиёсати режим тарафдорларига минбар беришдир деб ҳисоблайдиганлар ҳам Би би си журналистларини хушламайди.
"Эрондан хабар бериш: Би би си Форс хизмати ичида" номли Би-би-си ҳужжатли фильмида Берлинда Эрон ҳукуматига қарши намойишда мухбирлардан бири Жияр Гулга қараб, "Би-би-си Оятуллоҳ" деб қичқиришгани тасвири бор.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Ҳозир оиламнинг қанча аъзоси қамоқда ўтирганини биласизми?" деб сўрайди Жияр.
Бошловчи Раъно Раҳимпурнинг Эрондаги оиласи билан телефон суҳбатини яширинча ёзиб олишган ва керакли жойларини атай кесиб улаб, гўё журналист Эрон ҳукуматини дастаклаётгандек қилиб кўрсатувчи аудио ёзувни тайёрлашган ва тарқатишган. Танқидчилар буни Би би си холислиги аслида ҳукумат билан тил бириктириш сифатида талқин қилишди.
Эрон ҳукуматининг унга нисбатан босими шу қадар бўлганки, ҳатто болалари борадиган мактабини уларнинг хавфсизлигига айниқса эътиборли бўлишлари ҳақида огоҳлантиришга мажбур бўлди.
Би-би-си журналистларига Эронда ишлашга рухсат берилмаган, шунинг учун улар маҳаллий миқёсда нима бўлаётганини билиш ва текшириш учун ижтимоий тармоқларга суянади. Сўнгги намойишларда бу тармоқлар муҳим воситага айланди. Масалан, журналистлар норозилик иштирокчиси ўлдирилганидан хабар топса, биринчи навбатда ўша шахснинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида уники билан бир хил фамилияли обуначилари борлигини текширишади. Қариндошлари топилса, улар берган маълумотлар ўлим ҳақидаги гувоҳномалар ва эксперт ҳисоботлари каби бошқа манбалар билан солиштирилади.
Муҳим аҳамиятли катта воқеаларда Би би сининг иши шунчаки хабар бериш эмас, шу билан бирга ёлғонни чиндан ажратиш ҳамдир.
Онлайн хариталаш воситалари орқали видеотасвирларнинг жойи аниқланади, ҳар бир кадри текширилади, чиндан ҳам ўша айтилган жойда олинган ёки йўқлиги ўрганилади. Ўша вақтда ўзгарган дўкон ёки видео олингани айтилган кунда об ҳаво қандай бўлганигача солиштирилади.

Сурат манбаси, JEFF OVERS / BBC
Журналистлар Эрон давлат телеканаллари хабарларини ҳам айни шу тахлит текширишади. Масалан, бир хабарда 16 ёшли Ника Шакарамий томдан йиқилиб ўлгани, унинг оиласи айтаётганидек, хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилмагани айтилди. Хабарда юзи блур қилинган, Никаникига ўхшаш қора либосдаги бир аёл расмийлар Ника йиқилган деб айтаётган бинога кирганини кўриш мумкин.
Бу ҳолатда икки нарса эътиборли: Ника дугонасига ўзини хавфсизлик кучлари қуваётгани ҳақида айтгани хабар қилинганди. Аммо видеотасвирдаги аёл нафақат хотиржам юриб боряпти, фонда кўринган мушук ҳам хотиржам кетяпти. Агар бу кўздан ёш оқизувчи газ қўлланган намойишчилар орасида бўлган Ника бўлса, тартибсизликда югуриб кетаётган мушукни кўришимиз керак эди.
Яна бир ҳолатда менга хабар йўллаган манбалардан бири Эрон хавфсизлик кучлари томонидан қамоққа олиниб, сўнг қўйиб юборилган. У қайтиб чиққандан сўнг, мессенжер орқали менга хабар ёзди. Мен қандай биламан чиндан у ёзяптими ёки унинг аккаунтидан давлат одамлари ёзмоқдами? Сўнг ундан менга овозли хабар юборишини сўрадим.
Бошидан кечирганлари жароҳатидан азоб чекаётган бу одамлар Би-би-си журналистларига исталган вақтда - кундузи ёки тунда алоқага чиқиши мумкин. Журналистлар эса тайёр туришлари керак.
Ўз оилаларидан узилиб қолган журналистлар шу тарзда ўзгаларнинг муаммолари билан ҳам шуғулланадилар.

Би-би-си Форс хизмати
- Би-би-си Жаҳон хизматининг Форс тилида хабар узатувчи қисмидир. Хизмат ҳам, унинг журналистлари ҳам Эрондан чиқариб юборилган, аммо одамлар уни сунъий йўлдош, рақамли платформалар ва радио орқали кўриши мумкин. Хизматнинг қамрови Эрон ва дунё бўйлаб ҳафтасига 18.5 миллион томошабинга етади.
- Эрон расмийлари Би би си Форс хизматига интервью бермайди, аммо хизмат воқеалар ҳақидаги хабарларида ҳукумат мавқеини ҳам етказиб беради.
- Уни Эрон мухолифатининг айримлари "Би би си Оятуллоҳ" деб атайди ва уни 43 йил олдин муллалар ҳокимиятга келишида роль ўйнаганлик ва Эрон режими томонда турганликда айблайди.
- Унинг журналистларига қарашли мулклар 2017 йили мамлакатда музлатилган, уларнинг оила аъзолари суроқ қилинган, айрим ҳолларда ҳибсга ҳам олинган.

Би-би-сининг Форс хизматига бағишланган ҳужжатли фильмида журналист Фарназ Ғозизода отасининг тўсатдан касалликдан вафот этгани ва сўнгги 18 йил давомида отасига кўп вақт ажрата олмагани учун айбдорлик ҳисси бошига тушган мусибатни янада зўрайтиргани ҳақида гапиради.
"Энг қийини келажак ҳақида қайғуриш эмас, балки у тирик бўлган ўтмиш хотирасидир", дейди у.
"Би-би-сига ишга киришга қарор қилганимда, нафақат ўзим, балки кўпчилик учун ҳам қарор қабул қилаётганимни тушунмадим. Ҳозир ўзимга савол беряпман: ўша қарорни қилишга ҳақим бормиди? Арзирли қарормиди бу?"
Ўтган йили у ўлим тўшагида ётган акасини ҳам кўра олмади. Шу билан бирга, у 22 йил олдин, ҳали мамлакатда бўлганида, Эрон газетасига буюртма асосида Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний ҳақида мақола ёзгани ҳақида гап чиққач, режим мухолифларининг ҳақоратларига ҳам чидашига тўғри келди.
"45 ёшли акам ўлим тўшагида эди, мен унинг ва ота-онамнинг ёнида бўла олмадим. Интернетда эса мени режим ҳимоячиси деб айблашяпти", дейди Фарназ.
Би-би-си Форс хизматида ишлайдиган одамга алоқадор бўлишнинг ўзи ҳаётингизни ўзгартириб юбориши мумкин.
Менинг ҳолатимда акам Эрон Нефть вазирлигидаги яхшигина ишини тарк этишга мажбур бўлди. Ҳамкасбим Жияр Гул учун эса бу ёш қизчасини қариндошлари билан таништира олмаслигини англатади.
Ходимлар масаласида ўтган йили БМТнинг Эрон бўйича тўрт мустақил эксперти Би би сининг Форс хизматида ишлайдиганларга режим "таъқиб ва таҳдид" қилаётгани ҳақида "жиддий хавотир" билдирди.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















