Эронда илк аксилҳукумат намойишчи дорга осилди Eron Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, IRIB/@HAFEZEH_TARIKHI
Эрон ҳукумати аксилҳукумат намойишларда қатнашган илк инсон қатл этилгани ҳақида хабар тарқатди.
Давлат матбуоти хабар қилишича, Муҳсин Шекарий 8 декабрь эрталаб дорга осилган.
Эрон матбуоти ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Муҳсин Шекарий 23 ёшда бўлган.
Унга қўйилган айбловга кўра, Муҳсин Шекарий 25 сентябрь куни пойтахт Теҳроннинг Саттор Хон кўчасини тўсиб қўйган ва норозилик намойишларини тарқатиш учун келган Басиж қуролли гуруҳи аъзоларига узун пичоқ билан ҳужум қилган.
Алқадор мавзулар:
Бир ҳарбийни яралагани маҳкамада айтилди.
1 ноябрда Шекарий устидан бўлиб ўтган суд уни урушиш, "ўлдириш, террор уюштириш, жамиятнинг тинчлик ва хавфсизлигини бузиш мақсадида қурол қўллаш" бандларида айбдор деб топган.

Сурат манбаси, MOHSEN SHEKARI
Маҳкама ҳукми устидан шикоят қилингани, бироқ олий суд ҳукмни ўз кучида қолдиргани хабар қилинди.
Инсон ҳақлари фаолларига кўра, Муҳсин Шекарий устидан "бирор бир жараёнсиз томоша суд ўтказилган".
Халқаро ташкилотлар ушбу ҳукмни қоралаб чиқдилар.
Худди шундай ҳукмлар яна 10 инсоннинг устидан чиқарилгани хабар қилинди, лекин уларнинг шахсияти очиқлангани йўқ.
Сентябрь ойи ўртасида 22 яшар Маҳса Аминийнинг ўлими бутун Эрон бўйлаб норозилик намойишларини келтириб чиқарди, намойишлар 31 вилоятнинг ҳаммаси ва 160 шаҳарда кузатилди.
Шу вақтгача камида 475 инсон ўлдирилгани, 18240 дан ортиқ инсон ҳибсга олинганини хабар қилмоқдалар хорижда жойлашган эронлик инсон ҳақлари фаоллари.

Сурат манбаси, Screenshot
Эрон бўйлаб яна бир тун намойишчилар кўчаларга чиқишди.
Оммавий иш ташлашлар ва намойишларга чақириқлар ортидан охирги уч-тўрт кун ичида асаблар янада таранглашган.
Эрон ҳукуматининг диний истеҳкоми саналган шимолдаги Машҳад шаҳрида намойишчилар йўлларни тўсиб, ёнғин келтириб чиқаришди.
Уларни қўллаб-қувватлаган кўплаб дўконлар эшикларни ёпган.
Одатда одамларга гавжум бўладиган кўча ва бозорлар бўш.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Теҳрон университетида аввалдан сараланган талабалар олдида чиқиш қилар экан, Президент Иброҳим Раисий намойишчиларни қоралади.
"Намойиш ва ғалаён - икки айри нарсалар. Намойишлар ортидан ислоҳот ва қайта қуриш бўлади. Ғалаёнлар эса бузғунчилик ва чорасизликка етаклайди. Намойиш қилишнинг ёмон жойи йўқ, намойишлар мукаммалликка, ғалаёнлар эса бошбошдоқликка олиб боради", - деди у.
Сентябрь ўрталарида 22 яшар Маҳса Аминий ҳибсда ўлиши ортидан намойишлар келиб чиқар экан, университетлар диққат марказида бўлди. Минглаб талабалар норозиликларга қўшилди, юзлаб талабалар ҳисбга олинди.
Аҳоли зич бўлган пойтахтда баъзи аёллар давлатнинг қаттиққўл ҳижоб қоидасини менсимасликда давом этишяпти. Олти ой аввал бу кузатилмаган. Аммо полиция яқиндан кузатяпти.
Биз учратган университет талабаси Баҳор Абди рўмолини ечмади, аммо у мажбурий чора бўлишига қарши.
"Ҳар ким ўзи истаганини қилишга ҳақли бўлсин", - дейди у.
Лекин, намойишлар давом этар экан, ким муросага бориши, ё умуман муросага эришилишини кўриш қийин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














