Россия Украина ҳужумида кўплаб аскарлари ўлишига мобил телефонлар сабаб бўлганини айтди - Видео Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Россия янги йил оқшомида Украина ракета ҳужумида камида 89 рус аскари ҳалок бўлишига уларнинг мобил телефонларидан фойдалангани сабаб бўлганини айтди.
Тақиқланган телефонлардан фойдаланиш душманга нишонни аниқлаш имконини берди, деди расмийлар. Бу бўйича тергов очилди.
Украинанинг билдиришича, босиб олинган Донецк ҳудудидаги Макиивка шаҳрида ҳарбий коллежга уюштирилган ҳужумда 400 нафар аскар ҳалок бўлган, яна 300 нафари яраланган.
Бу Россия томони урушда ўз аскарлари сафида тан олган энг кўп талафотдир.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Россия янги йил куни маҳаллий вақт билан соат 00:01да касб-ҳунар коллежига қарата АҚШда ишлаб чиқарилган Ҳимарс ракета тизимидан олтита ракета учирилганини ва улардан иккитаси уриб туширилганини айтди.
Мудофаа вазирлиги чоршанба куни берган баёнотида айтилишича, ҳалок бўлганлар орасида полк қўмондони ўринбосари подполковник Бачурин ҳам бор.
Воқеа сабабларини комиссия ўрганмоқда, дейилади хабарда.

Сурат манбаси, Reuters
Аммо ҳужумнинг асосий сабаби Украина қурол-яроғларига яқинликда қўшинлар томонидан ман этилган мобил телефонларнинг мавжудлиги ва "оммавий фойдаланилиши" бўлгани "аллақачон равшан", дейилади баёнотда.
"Бу омил душманга ракета зарбаси учун ҳарбий хизматчиларнинг жойлашишини ва координаталарини аниқлаш имконини берди".
Текширувда айбдор деб топилган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади ва келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда, дейилади Россия мудофаа вазирлиги хабарида.
Россия, шунингдек, ҳужумда ҳалок бўлган рус аскарлари сонини 63 тадан 89 тага кўтарди - аммо аслида қанча аскар ҳалок бўлганини текширишнинг имкони йўқ. Москва камдан-кам ҳолда жанг майдонида қурбонлар бўлганини тан олади.
Ҳужум пайтда касб-ҳунар коллежи муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар билан гавжум бўлган - улар сентябр ойида Президент Владимир Путиннинг қисман сафарбарлиги доирасида чақирилган 300 минг киши орасида бўлган эркаклар эди.
Ҳозирда вайроналарга айланган жой яқинида ўқ-дорилар ҳам сақланган.
Баъзи россиялик шарҳловчилар ва сиёсатчилар ҳарбийларни қобилиятсизликда айблаб, қўшинларга ҳеч қачон бундай заиф турар жой берилмаслиги керак эди, дейишмоқда.
Россиянинг Донецкдаги прокси-хокимиятининг собиқ етакчи амалдори Павел Губаревнинг айтишича, кўп сонли аскарларни бир бинога жойлаштириш қарори "жиноий бепарволик"дир.
"Агар бунинг учун ҳеч ким жазоланмаса, вазият янада ёмонлашади", - дея огоҳлантирди у.
Москва маҳаллий парламенти спикери ўринбосари Андрей Медведевнинг айтишича, аскарларнинг кўпчилигини бир жойга тўплаш ҳақидаги дастлабки қарорни қабул қилган қўмондон эмас, балки ҳарбийларнинг ўзлари айбланишини башорат қилиш мумкин.
Президент Путин сешанба куни Миллий гвардия аскарларининг хизмат пайтида ҳалок бўлган оилаларига 5 миллион рубл (69 минг доллар) тўлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














