Путин Украинадан воз кечмоқчи эмас, Ғарб узоқ давом этувчи урушга тайёргарлик кўрмоқчи Yangiliklar, Dunyo, Rossiya

Сурат манбаси, Reuters
Украина Россияга қарши туриши учун Ғарб давлатларида Киевни узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш режасига зарурат пайдо бўлган.
Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Би-би-си билан суҳбатда айтди.
"Биз узоқ йўлга тайёр бўлишимиз керак, чунки Россия Украина устидан назорат ўрнатиш каби бош мақсадидан воз кечмоқчи эмас", деган Столтенберг.
Унинг айтишича, Укрина армияси зафарлари Киев тез орада ғалаба қозонади деган алдамчи таассурот уйғотмаслиги керак.
"Украина қўшинлари бир неча ой давомида қарши ҳужум қилиб келди. Аммо биз биламизки, Россия сафарбарлик эълон қилди ва ҳарбийлари қаторини тўлдирди, сафарбар қилинганларнинг кўпи ҳозир таълим олмоқда. Буларнинг ҳаммаси улар урушни давом эттиришга тайёргарлик кўраётгани ва янги ҳужумлар қилишга ҳаракат қилишини англатади", - дейди НАТО бош котиби.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Сурат манбаси, Getty Images
Йенс Столтенбергнинг таъкидлашича, юзага келган вазиятда Украина Ғарбнинг ҳарбий ёрдамига катта эҳтиёж сезади.
"Тинчлик сулҳига эришишни, Украина Европанинг суверен, мустақил ва демократик давлати сифатида ғалаба қозонишини истасак, Украинани қўллаб қувватлашимиз керак. Шу жумладан, ҳарбий жиҳатдан ҳам ёрдам беришимиз керак, чунки бу Россияни музокаралар столига ўтиргизиб, Украинани Европанинг суверен, мустақил давлат сифатида тан олиши учун ягона йўлдир", дейди Столтенберг.
"Аксар урушлар тинчлик музокаралари билан тугайди. Бу уруш ҳам шундай тугаса керак. Бироқ шу нарсани биламизки, Украина учун тузилажак тинчлик шартлари жанг майдонидаги кучлар нисбатига боғлиқ".
Олдинроқ Украина президенти Володимир Зеленский Киев олдида ғалаба учун курашишдан бошқа йўл йўқлигини айтганди.
Россия ҳарбийлари октябр ойидан буён Украинанинг муҳим инфратузилмаларига зарба бериб келмоқда.
Декабр охирида расмий Киев Россия босқини бошланганидан буён Россия қўшинлари Украинанинг газ қувурлари, электр станция, кўприк ва шу каби 700 дан ортиқ муҳим инфратузилмаларига зарба берганини айтди.

Сурат манбаси, Kyiv Police
Россия ҳужуми байрам кунлари ҳам тинмади. Украина ҳарбийлари сўнгги бир кеча кундузда Эронда ишлаб чиқарилган Россиянинг 45 та дронини уриб туширганини хабар беришди.
Якшанба куни эрталаб Киев Россиянинг Украина шаҳарларига берган зарбаси натижасида камида бир тинч фуқаро ҳалок бўлганини ва 50 киши жароҳатланганини билдирди.
Шунингдек, шифохонага берилган зарба натижасида 22 яшар қиз ҳам кўз юмган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















