Россия: Путинни Путин қилган етти нарса нима? Rossiya Dunyo Yangiliklar

Vladimir Putin

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Марк Галеотти
    • Role, Академик ва адиб

Жума куни 70 ёшга тўлган Владимир Путин қандай қилиб Украинага ҳалокатли босқин бошлаган ва оқибатда яккаланиб қолган автократга айланди?

Унинг ҳаётидаги етти бурилиш нуқтаси унинг дунёқарашини шакллантиришга ёрдам берди ва айнан шу нарсалар орқали унинг Ғарбдан тобора ортиб бораётган бегоналашувини тушунтириш мумкин.

Дзюдо дарслари, 1964 йил.

872 кунлик Иккинчи Жаҳон урушидаги қамалдан ҳали ҳам азият чекаётган Ленинградда туғилган ёш Владимир мактабда қўпол ва уришқоқ бола эди - унинг энг яқин дўсти "у ҳамма билан уришишга тайёр бўлганини" эслайди, чунки "унда қўрқув йўқ эди".

Шундай бўлса-да, кўча тўдалари томонидан босиб олинган шаҳарда ориқ, аммо бу қўпол болага устунлик керак эди ва 12 ёшида у биринчи навбатда рус жанг санъати самбо, кейин эса дзюдо билан шуғулланди. У қатъиятли ва интизомли бўлиб, 18 ёшида дзюдо бўйича қора белбоғ, ўсмирлар ўртасидаги республика мусобақаларида эса учинчи ўринни эгаллади.

Алоқадор мавзулар:

Албатта, бу ўша пайтдан бошлаб унинг мачо шахсиятининг бир қисми бўлди, айни пайтда бу унинг хавфли дунёда ўзига ишонч бўлиши керак, деган дастлабки ишончини тасдиқлади, унинг ўз сўзлари билан айтганда, жанг муқаррар бўлганда "рақибингизни оёққа тура олмайдиган қиладиган даражада биринчи зарбани бериш керак"лигини тушунди.

КГБдан иш сўраш, 1968 йил.

Умуман олганда, одамлар Ленинграддаги КГБ сиёсий полициясининг штаб-квартираси бўлган 4 Литейний проспектига боришдан қочарди. Сталин даврида Гулаг лагерларидаги унинг сўроқ камераларидан шунчалик кўп одамлар ўтганки, улар аччиқ ҳазил билан у ҳақда ертўласидан ҳам Сибир кўриниб турадиган "Катта уй" деб аташарди.

Бироқ Путин 16 ёшида қизил гилам тўшалган қабулхонага кириб, стол ортида анча ҳайрон бўлган офицердан қандай қилиб ташкилотга қўшилишни сўради. Унга ҳарбий хизматни ўташ ёки илмий даража олиш кераклигини айтишди, у ҳатто қайси даража яхшироқ эканини сўради.

Унга ҳуқуқшуносликни айтишди ва ўша пайтдан бошлаб Путин ҳуқуқшунослик дипломини олишга қарор қилди, шундан сўнг у тегишли равишда ишга қабул қилинди. Ақлли безори бўлган Путин учун КГБ шаҳардаги энг катта жиноий тўда бўлиб, ҳатто партия билан алоқаси бўлмаганларнинг ҳам хавфсизлигини таъминлаган ва қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, у муҳим шахсга айланиш имкониятини ҳам англатарди - Путиннинг ўзи ўсмирлик чоғида томоша қилган жосуслик фильмлари ҳақида айтганидек, "бир айғоқчи минглаб одамлар тақдирини ҳал қилиши мумкин".

Vladimir Putin

Сурат манбаси, Getty Images

У оломон қуршовида, 1989 йил.

Бутун умидларига қарамай, Путиннинг КГБдаги карьераси ҳеч қачон юксалмади. У қаттиқ меҳнаткаш эди, лекин ҳеч кўтарилолмади. Шунга қарамай, у немис тилини ўрганишни бошлади ва натижада 1985 йилда Дрездендаги КГБ алоқа бўлимига тайинланди.

У ерда у қулай муҳожир ҳаётини бошлади, аммо 1989 йил ноябрида Шарқий Германия режими ҳайратланарли тезликда парчалана бошлади.

5 декабрь куни оломон Дрездендаги КГБ биносини қуршаб олди. Путин энг яқин Қизил Армия гарнизонига қўнғироқ қилиб, ҳимоя қилишни сўради ва улар чорасиз жавоб беришди: "Биз Москвадан буйруқсиз ҳеч нарса қила олмаймиз. Аммо Москва жим».

Путин марказий ҳокимиятнинг тўсатдан қулашидан қўрқувни ҳис қилди ва, унинг фикрича, Совет раҳбари Михаил Горбачёвнинг хатоси, яъни қаршиликка дуч келганда тез ва қатъий муносабатда бўлмаслик ҳеч қачон такрорламаслиги керак.

Озиқ-овқат учун нефть дастурида воситачилик, 1992 йил

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Путин КГБдан истеъфога чиқди, лекин тез орада Санкт-Петербургнинг ислоҳотчи янги мэри ёрдамчиси лавозимини эгаллади.

Иқтисодиёт тушиб борарди, Путинга озиқ-овқат учун 100 миллион доллар қийматидаги нефть ва металлни сотиш орқали шаҳар аҳолисига омон қолишга ёрдам бериш бўйича келишув тузиш топширилди.

Аслида, ҳеч ким овқатни кўрмаган, аммо тергов ҳам тезда бостирилган, Путин, унинг дўстлари ва шаҳар қароқчилари пулни чўнтагига уришган.

"Ёввойи 90-йилларда" Путин сиёсий таъсир монетизация қилинадиган маҳсулот эканлигини ва бандитлар фойдали иттифоқчиларга айланиши мумкинлигини тезда англади. Атрофдагилар ўз мансабларидан пул ишлаб юрганларида, нега у ҳам шундай қилмаслиги керак?

Грузияга бостириб кириш, 2008 йил

Путин 2000 йилда Россия президенти бўлгач, Ғарб билан ўз шартлари асосида, жумладан, собиқ Совет Иттифоқидаги таъсир доирасини сақлаб қолган ҳолда ижобий муносабатлар ўрнатишга умид қилган эди. Ғарб фаол равишда Россияни яккалаб қўйиш ва камситиш учун ҳаракат қилаётганига ишониб, кўп ўтмай ҳафсаласи пир бўлди, кейин эса ғазабланди.

Грузия президенти Михаил Саакашвили ўз мамлакатини НАТОга аъзо қилишга уринганида, Путин қизил чироқни кўрди ва Грузиянинг Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган бўлгинчи Жанубий Осетия минтақаси устидан назоратни қайта тиклашга уриниши мамлакатни жазолаш амалиёти учун баҳона бўлди.

ayol

Сурат манбаси, Getty Images

Беш кун ичида рус қўшинлари Грузия армиясини мағлуб этиб, Саакашвилига шармандали шартлар асосида тинчликни қабул қилдирдилар.

Ғарб ғазабланди, бироқ орадан бир йил ўтиб, АҚШ президенти Барак Обама Россия билан муносабатларни "қайта тиклаш"ни таклиф қилди ва Москва ҳаттоки 2018 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.

Путин заиф ва ўзгармас Ғарбнинг паландпарвоз гаплари кучли ирода қаршисида орқага чекинишини биларди.

Москвадаги намойишлар, 2011-13

2011 йилги парламент сайловлари қалбакилаштирилганлиги ҳақидаги кенг тарқалган ва ишончли даъво сабабли кўтарилган норозиликлар Путин 2012 йилда қайта сайланиш учун номзодини қўйишини эълон қилганидан кейин янада кучайди.

Улар "Ботқоқлик норозиликлари" номи билан машҳур бўлиб, Путин давридаги оммавий мухолифатнинг энг йирик ифодаси эди.

namoyish

Сурат манбаси, Getty Images

Унинг фикрича, бу митинглар ортида Вашингтон турган. У бунда АҚШ Давлат котиби Хиллари Клинтонни шахсан айблади.

Путин учун бу қўлқоплар ечилгани ва Ғарб тўғридан-тўғри унинг олдига келаётгани ва аслида у ҳозир уруш ҳолатидалигидан далолат эди.

Ковид изоляцияси, 2020-21

Ковид-19 бутун дунё бўйлаб тарқалар экан, Путин ҳатто бошқа автократлар учун ҳам ғайриоддий вазиятга тушиб қолди, у билан учрашмоқчи бўлган ҳар бир киши икки ҳафта давомида қўриқ остида изоляция қилиниши ва кейин микробларни ўлдирадиган ультрабинафша ва туман билан тўлдирилган йўлакдан ўтиши керак эди.

Бу вақт ичида Путин билан юзма-юз учрашишга қодир иттифоқчилар ва маслаҳатчилар сони кескин камайди, бир ҳовуч итоаткорлар ва ҳамтовоқлар қолди.

Муқобил фикрлар ва ўз мамлакати ҳақида кам тасаввурга эга бўлган Путин барча тахминлари ва барча хато қарашлари тўғри чиққанини ва Украинага бостириб кириш учун уруғлар экилганини ана шунда тушунган кўринади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek