Дунё 2023 йилда: Учар таксилардан сунъий йўлдош телефонларигача - янгиликлар

Сурат манбаси, Lawrence Livermore National Laboratory
- Author, Бен Моррис
- Role, Технология ва бизнес - муҳаррир
Калифорниядаги Лоренс Ливермор Миллий лабораториясида, 5 декабрь, соат 1:03да сайёрадаги энг кучли лазер қурилмаси ишга тушди. Бу эксперимент физика ва бошқа соҳаларда катта шов шувга сабаб бўлди.
Бу лазер катталиги мурч донасидек келадиган ёқилғи капсуласига йўналтирилди ва у вужудга келтирган температура ва босим термоядро синтезига туртки берди. Қуёш ана шу турдаги реакция орқали ўзидан энергия чиқаради.
Миллий оташлаш мажмуаси (The National Ignition Facility - NIF) аввал ҳам бу каби тажрибаларни ўтказган, аммо бу сафаргисида ҳосил бўлган энергия реакцияга туртки беришда қўлланган лазер учун сарфланган энергиядан кўпроқ бўлди.
Бу термоядро синтези тадқиқотчилари учун муҳим дақиқадир. Бу каби реакторлар биз фойдаланадиган электрни ишлаб чиқаришига хали бор бўлса ҳам, физика бунга имкон бериши маълум бўлди.
"Биз бутун дунёда инқилоб ясайдиган тоза энергия манбаси томон сезиларли қадам ташладик", дейди лаборатория директори Ким Будил.

Сурат манбаси, Lawrence Livermore National Laboratory
Синтез реактори истиқболи жуда хайратланарли. Унга кўп ёқилғи шарт эмас, иссиқхона газларини чиқармайди ва ўзидан ҳозирги ядро реакторларидан кўра камроқ чиқинди қолдиради.
NIF'нинг муваффақияти ўнлаб хусусий компанияларни ўз синтезловчи реакторларини куни келиб қуришга бўлган қизиқишини оширди. Оксфорд чеккасида жойлашаган "First Light Fusion" компанияси синтез учун янгича ечим топган.
Унда майда алюминий диск орқали сониясига 20 км тезликда ёқилғига зарба берилади.
Зарба берилгач, нишонда улкан босим пайдо бўлади ва синтез реакцияси бошланади.
Жорий йил бошларида мазкур компания шу метод орқали ядрони синтезлашга эришди.

Сурат манбаси, Lawrence Livermore National Laboratory
2023 йилдан жамоа янада каттароқ реактор - "Machine 4"да ишни бошлайди. Улар реактор ишлашига сарфланган энергиядан кўра кўпроқ энергия олишга умид қилишмоқда.
"First Light" компанияси бошқа ўнлаб компаниялар билан синтез реакцияси учун рақобатлашмоқда. Компания асосчиси тўғри йўлдан кетаётганликларига ишонади.
"Мен 2023 йилда мураккаб, муҳим экспериментлар босқичидан тижорий синтез энергияси олишга ўтишимизга ишонман", дейди "First Light Fusion" асосчиси Ник Ҳоукер.
Бу орада АҚШда 2023 йил бошларида синтез реакцияси борасида яна бир катта янгилик бўлиши кутилмоқда.
АҚШ ҳукумати қайси хусусий компания пилот синтез реакторини қуриш учун 50 млн. доллар олишини эълон қилади. Мақсад 2030 йиллар бошларигача нормал ишловчи реактор қуришдир.
Парвоз келажаги?

Сурат манбаси, Vertical Aerospce
Вертолетдек учиб қўнадиган, аммо шовқинсиз, камхарж ва эмиссиясиз учоқни тасаввур қилинг.
Турли компаниялар ривожлантираётган бу транспорт eVTOL (electric vertical take-off and landing vehicle - вертикал учиб қўнувчи электр машина) учоғи дейилади.
Қисқа масофа ва бир нечта йўловчига мўлжалланадиган бу учоқларни ривожлантириш ва бозорга олиб чиқишга дунё бўйлаб кўплаб компаниялар бел боғлаган.
Уларнинг таъкидлашича, eVTOL учоқларига, одатий вертолётларга нисбатан сақлаш ва бошқариш арзон тушадиган электр мотор ўрнатилади.
Бунга қўшимча, улар бу учоқлар шовқинсиз ва эмиссиясиз бўлади демоқда.
Бристолда жойлашган "Vertical Aerospace" ширкати бу янги саноатда ўз ўрнини топишга уринмоқда.
Унинг VX4 учоғи жорий йил аввалида парвоз қилди. Илк парвозда у ерга боғлаб қўйилган эди ўн дақиқа ҳавода муаллақ турди.

Сурат манбаси, Vertical Aerospace
Аммо ҳақиқий илгарилаш 2023 йилда бир нечта синов парвозларидан кейин бўлади. Учоқ кўтарилиб олдинга ва анча баландга уча бошлайди.
Мақсад 2025 йилгача VX4'ни йўловчи ташувчи, сертификатланган транспортга айлантиришдир.
"Vertical Aerospace" бу каби учоқларни синовдан ўтказаётган бошқа бир талай компаниялар билан рақобатлашмоқда.
Германиядаги "Volocopter" компанияси келаси йили ўзининг "VoloCity" моделини оммавий тестдан ўтказиш ниятида. Компания ўз учоғи учун 2024 йилгача сертификат олиб, ўз хизматларини Сингапур, Париж ва Римда йўлга қўймоқчи.

Сурат манбаси, Lilium
Германияда жойлашган яна бир компания "Lilium" ҳам келаси йили ўз учоқларини ишлаб чиқармоқчи. Компания 2017 йилдан буён бешта ўз прототип версияларини синовдан ўтказиб келади.
"Vertical Aerospace" ва "Volocopter"дан фарқли ўлароқ "Lilium" роторлардан фойдаланмайди, балки 30 та электр реактив моторчалардан фойдаланади. Улар учоқнинг вертикал ва горозинтал учишига мослаб, бир вақтда йўналишини ўзгартиради.
Бу лойҳилар олдидаги катта тўсиқ авиация регуляторларидан сертификат олишдир, бунга кўп харажат ва йиллар керак бўлиши мумкин.
Антенна қамровидан холи ҳудудларсиз дунё

Сурат манбаси, AST SpaceMobile
Ҳатто бой давлатларда ҳам баъзида одамлар мобил телефони етарли даражада кучли сигнал қабул қила олмайдиган жойлар бор.
Энди бунга камбағал давлатлардаги ва сайёранинг чекка ҳудудларидаги алоқа сигнали етиб бормайдиган миллиардлаб одамларни ҳам қўшинг ва очилмай ётган улкан бозор пайдо бўлади.
Техасда жойлашган "AST SpaceMobile" компанияси мобил алоқа бозоридаги ана шу бўшлиқни тўлдириш тараддудида.
Мобил алоқа саноатининг AT&T ва "Vodafone" каби гигантлари қўллаётган бу лойиҳа мобил телефонни 5G тезликда тўғридан тўғри сунъий йўлдошга боғлашга имкон берувчи технологияни ривожлантирмоқда.
Компания яқинда қуйи орбитага синов сунъий йўлдошини учирди, аммо 2023 йилда яна бешта сунъий йўлдош учирмоқчи. 2024 йилда, 100 та сунъий йўлдош орбитага чиқарилгач, сайёранинг барча қисмларида узлуксиз қамровга эга алоқани таъминлаши мумкин бўлади.
AST хизматни бевосита истаъмолчига сотмайди, балки алоқа хизмати провайдерлари билан ишлайди ва уларга ўз сунъий йўлдошлари орқали қўшимча алоқа қамровини тақдим қилади.
Бу Илон Маск ривожлантираётган юқори тезликдаги сунъий йўлдош интернет хизмати "Starlink" учун рақобат бўлади. Бу хизматга уланиш учун кичкина сунъий йўлдош ликопчаси бўлса кифоя.
AST оддий телефон билан, арзонга улана олиш имконияти жозибалироқ таклиф бўлишига умид қилмоқда.
"Алоқа қамровидаги бўшлиқлар чиндан бор ва муаммо. Шунинг учун бу жуда жозибали ечим ва катта бозордир. Ана шунинг учун мобил алоқа компаниялари бизга кўмак бермоқда", дейди "AST SpaceMobile"дан Скотт Висневски.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
- Ben Morris Twitter















