АҚШ Украинага "Патриот" бермоқчи, Россияни БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқариш ниятида Ukraina Dunyo Yangiliklar

"Патриот" тизими

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Битта "Патриот" тизими 3 миллион долларга баҳоланади

АҚШ матбуоти хабарларига кўра, Президент Байден маъмурияти Украинага қиммат "Патриот" ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини беришга қарор қилган.

Ўз номи ошкор этилишини истамай журналистларга гапирган америкалик расмий мулозимлар сўзларига кўра, Президент Байден яқин кунларда бу ҳақда эълон қилади.

Украина анчадан буён ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимини сўраб келади.

Алоқадор мавзулар:

Украинага дастлаб беришга иккиланган айрим қурол турлари аста-секин берилди, аммо Украина Россия ҳудудини ҳужумга тутади, деган ҳадикда "Ҳаймарс" ёки "Патриот" масаласи ортга суриб келинди.

Октябрь ойидан бери Россия қанотли ракеталар ва дронлар Украинанинг энергетика тизимини ҳужумларга тутиб келади, оқибатда Украина энергетика тизимининг 50 фоизи ишдан чиқди, бутун мамлакат бўйлаб электр таъминотида чеклов соатларини жорий этишга тўғри келмоқда.

Украина раҳбарларига кўра, Россия совуқ бошланган қиш кунларида Украина халқини электрсиз, иссиқлик ва сувсиз қолдиришни мақсад қилган, жанг майдонида енголмагач, шу йўл билан Украинани муросага мажбурламоқчи.

Шунинг учун ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа қуроллари зарур.

"Патриот" дунёдаги энг илғор ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, бироқ хабарларга қараганда, Украинага бериладиган бу тизимларнинг сони чекланган бўлади.

"Патриот" тизими Россия ҳужумларининг қонуний нишонлари бўлади", дея 14 декабрь куни ушбу хабарга муносабат билдирди Кремль.

Мухбирларга кўра, "Патриот" нафақат шаҳарлар ва энергетика иншоотларини нишонга олган ракеталарни уриб тушириш, балки уруш жабҳалари яқинида Россиянинг ҳаводаги устунлигига чек қўйиш учун ҳам керак.

Украинага "Патриот" тизимини бериш қарори Ғарбнинг Эрон Россияга узоқ масофага мўлжалланган ракеталарини бериши атрофидаги хавотирлари билан боғлиқ, дейди Лондондаги RUSI тадқиқот маркази таҳлилчиси Жастин Бронк.

Бутун дунёда "Патриот" тизимига бўлган талаб катта.

У қиммат ва анча ҳарбий тайёргарлик машқларини талаб қилади.

1980 йилларда ишлаб чиқариш бошланган бир "Патриот" тизими 3 миллион АҚШ долларига баҳоланади.

Foreign Policy: АҚШ конгрессменлари Россияни БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқаришга чақирмоқдалар

АҚШда чоп этиладиган Foreign Policy журнали ёзишича, АҚШ Конгресси Хельсинки комиссиясининг икки аъзоси Президент Жо Байдендан Россияни БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқариш чораларини кўриш сўралган резолюция лойиҳасини Конгрессга тақдим этган.

Хельсинки комиссияси шу йил октябрида АҚШ Давлат Котиби Энтони Блинкендан Россиянинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолиги мақоми борасида протест билдиришни сўраган эди.

Хельсинки комиссияси шу нарсага интилмоқдаки, АҚШ Конгресси, Россия Украинага қарши бошлаган уруш "Бирлашган Миллатлар ташкилотининг мақсад ва тамойилларини бузди", деган расман баёнот билан чиқмоғи лозим.

Конгрессга тақдим этилган резолюция матнида ёзилишича, Россия БМТ Низомини ҳаддан зиёд бузди ва бу қонун бузилишлари Россиянинг Хавфсизлик Кенгашида бўлиш ҳуқуқини савол остига қўяди.

Тақдим этилган резолюция тавсия характерига эга.

БМТ низомида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган мамлакатни кенгашдан чиқариб юбориш эҳтимоли назарда тутилмаган.

Бироқ Хельсинки Комиссияси ва жаҳондаги айрим ҳуқуқшунослар ғоясича, бу Россиянинг Хавфсизлик Кенгашидаги СССРнинг вориси деган мақоми қонунийми ёки қонуний эмас, деган савол остига олишдир.

Foreign Policy ёзишича, Россия 30 йилдан буён СССР вориси деб кўриб келинаётгани учун амалда бунга эришиш даргумон.

Лекин Россиянинг Ғарбга нисбатан узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган душманлиги ҳамда Украинага қарши бошлаган уруши Вашингтон ва Киевни Москванинг сиёсий таъсирини камайтириш имкониятларини излашга мажбур этган, деб ёзади Foreign Policy.