Мени исталган вақтда ўлдиришларидан қўрқиб яшайман Yangiliklar, Afg'oniston, Tolibon

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Беки Мортон
- Role, BBC
Британиянинг ёрдамга муҳтож афғонларни Британияга олиб келиш бўйича дастури бошланганига ҳам қарийб 11 ой бўлди. Аммо депутатлар ва хайрия ташкилотларининг айтишича, Афғон фуқароларини кўчириш дастури "Afghan Citizens Resettlement Scheme" (ACRS) жуда секин ишламоқда ва хавф остидаги одамлар ҳамон Афғонистонда қўрқиб яшаяпти.
"Ҳар дақиқа, ҳар лаҳза даҳшатли. Ҳаётимиздан хавотирдамиз", дейди Ғазал.
Илгари журналист, маърузачи ва аёллар ҳуқуқлари бўйича фаол бўлгани боис, Ғазалнинг айтишича, унга Толибон таҳдид қилмоқда.
2021 йил ёзида ҳокимиятни босиб олган исломий муросасиз гуруҳдан хавф борлиги боис Би би си унинг асл исмини ошкор қилмайди.
У июнь ойида ACRS орқали Британияга кетишга ариза берган ва тасдиқ рақамини олган, аммо шундан бери хабар йўқ.
У ҳамон Афғонистонда экан дастурнинг биринчи йили учун мос келмайди. Унга мамлакатда қолаётган ва хавф остидаги уч турдаги гуруҳ киритилган.
Ҳозирча Ғазал топиб олмасликлари учун синглиси билан дўстлари ва қариндошлари уйларига кўчиб юриб яшаяпти.
Толибон ҳокимиятга келганидан буён аёлларнинг ҳуқуқлари чекланди, уларнинг уйдан ташқарида ишлаш, ўрта таълим олиш ва эркак ҳамроҳсиз узоққа сафар қилиш имкониятлари чекланди.
Ғазал турмуш қурмагани ва ҳозирда ишлай олмаётгани боис молиявий қийналмоқда, жамғармаси ҳам тугаган.
"Катта ҳурматим, муваффақиятли карьерам бор эди. Молиявий томондан аҳволим яхши эди. Орзумдаги ишим бор эди... Тўсатдан барини қандайдир тайини йўқ одамлар эгаллаб олгани алам қилади", дейди у Би би сига, таржимон орқали.
Агар у ва синглиси Афғонистонда қолса нима бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Ғазал: Менимча ҳаётимизга нуқта қўямиз, кимдир бизни ўлдиради ёки юрак хуружига учраймиз."
"Келажагимиздан умид йўқ", деб қўшимча қилади у.
Лейбористларнинг соядаги муҳожирлик бўйича вазири Стефен Киннокнинг айтишича, ҳукумат демократия тарафдори бўлган гуруҳларга, аёллар ва ЛГБТ ҳуқуқлари бўйича фаолларга имтиёз беришни ваъда қилган.
Аммо ACRS'нинг биринчи йилида дастурга киритилган барча хавф остидаги гуруҳлар олиб чиқилиши керак эди.
Чегаралар оша қўшни давлатга ўтиш ҳужжат олиш қийинлиги боис, айниқса, яшириниб юрганларга хавфли бўлиши мумкин.
Жаноб Киннокнинг айтишича, Афғонистондаги барча хавф остидагилар биринчи йили кўчирилиши, мамлакатни тарк этишига ёрдам берилиши керак эди.
"Ўз мажбуриятларимизни бажара олмаганимиз, бу одамларга ёрдам бера олмаганимиз уятли", дейди у Би би сига.
"Улар биз эъзозлайдиган қадриятлар - демократия, инклюзивлик ва қонун устуворлиги учун курашаётган ва ҳаётларини хавфга қўяётганлар эди. Кўп ҳолларда уларни ташлаб қўйдик."

Сурат манбаси, Ministry of Defence
Британияга келган афғонларнинг аксарияти Толибон 2021 йил августида ҳокимиятни эгаллаганда олиб чиқилган. Ўшанда 15000 нафарча одам учоқларда ташилган эди.
Уларнинг кўпи Британия фуқаролари, Афғонистонда британияликлар билан бирга ишлаган одамлар ва уларнинг оилалари эди.
Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг Британия келгуси йилларда 20000гача хавф остидаги афғонларни ACRS доирасида олиб чиқишга ваъда берган.
ACRS уч йўналишда кўчириш ишларини амалга оширади:
- ACRS доирасидаги биринчи йўналишда ўтган йили илк эвакуацияда Британияга келтирилганлар қабул қилинади. Эвакуация қилинишга ҳуқуқи бўлган ва кейинчалик Британия келганлар ҳам ана шу йўналишда қабул қилинади.
- Иккинчи йўналишда Британия Афғонистонга қўшни давлатларга қочиб ўтган одамларни БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги берган тавсиялар асосида ушбу дастурга киритади.
- Учинчи йўналишда эса учта гуруҳ биринчи йилда кўриб чиқилади - Британия кенгаши ҳамкорлари, Кобулда Британия элчигини қўриқашда иштирок этган "GardaWorld" ҳамкорлари ва "Chevening" стипендияси асосида Британияда таълим олганлар.
Биринчи йил ўтгач, учинчи йўналиш асосида Афғонистонда қолаётган бошқа хавф остидаги одамлар - аёллар, диний озчиликлар ва таъқиб остида юрганлар қабул қилинади.
Дастур расман январда ишга тушган, аммо иккинчи ва учинчи йўналиш июнда очилди.
БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари октябрь охиригача Британияга 801 нафар қочқин бўйича тавсия берган, аммо 67 нафари кўчирилган.
Ички ишлар вазирлиги рақамларига кўра, сентябрь охиригача иккинчи йўналиш асосида атиги 4 нафар одам кўчирилган.

Сурат манбаси, PA Media
Жаноб Киннокнинг айтишича, одамларни қочқинлар лагерларида Афғонистонга қайтариб юборилиш қўрқуви остида ушлаб турмаслик учун ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнини тезлаштириш керак.
Биринчи йили учинчи йўналиш асосида 1500 ўрин бор, аммо бу йўналишда бирор одам олиб келингани ёки йўқлиги борасида Ички ишлар вазирлиги маълумот бермаган.
Тахминан 6300 афғон биринчи йўналиш бўйича ACRS доирасида Британияда қолмоқда.
Ички ишлар вазирлиги сўзчисининг айтишича, улар орасида "демократия ва сўз эркинлиги учун курашганлар" ва аёллар каби заиф гуруҳлар бор.
Шу ой бошида саккиз нафар пьер ва депутатлардан иборат гуруҳ хавф остидаги афғон аёллар учун махсус йўналиш очишни сўраб, ташқи ишлар вазирига ёзган эди.
Мактубни имзолаганлардан бири собиқ консерватив вазир Кэролин Коукснинг айтишича, "афғон активист аёлларнинг Британияга хавфсиз келиб олиши деярли имконсиз" ва "биз уларни ташлаб қўйдик."
"Refugee Council" хайрия ташкилотидан Тамсин Бакстернинг айтишича, ACRS "энг хавф остида бўлганларни эътибор марказига қўймаяпти".
"Биз ҳаёти қил устида турган одамлар ҳақида гапиряпмиз", дейди у.
Унинг айтишича, ўтган йилги эвакуациядан кейин кўчириш ишлари "деярли тўхтаб қолган".
"Кўплаб одамлар хавфсиз жой топгунча икки, ҳатто уч йил даҳшатли кутишни бошдан кечириши мумкин. Факт шуки, бу одамлар хавф остида ва узоқ кута олмайди."
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.













