Эркаклар ҳайз кўриш оғриғига қанчалик чидашмоқда? Yangiliklar Dunyo Hindiston

og'riq

Сурат манбаси, Cup of Life

    • Author, Мерил Себастян
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ҳайз кўриш ва у билан боғлиқ ноқулайлик Ҳиндистоннинг кўп жойларида ҳали ҳам табу мавзудир.

Аммо жанубий Керала штатида ўтказилаётган акция буни ўзгартиришга қаратилгандир. Ташаббус ташкилотчилари Эрнакулам туманидаги савдо марказлари ва коллежларга ҳайз кўриш симуляторларини етказиб беришмоқда, бундан кўзланган мақсад эркакларни ҳайзнинг оғриғи қандай бўлишини ҳис қилдириш орқали, ушбу мавзуни эркин муҳокама қилишга эришишдир.

Акция вақтида яқинда олинган видеода эркаклар оғриқдан қичқираётгани, аёллар эса ҳайрон тикилиб турганини кўриш мумкин.

"Бу жуда оғриқли эди. Бунақасини бошқа истамайман», дейди савдо марказида симуляторни синаб кўрган ижтимоий медиа инфлюенсери Шаран Наир.

kulrang liniya

Алоқадор мавзулар:

kulrang liniya

Симулятор "Ҳаёт финжони" деб номланган лойиҳанинг бир қисми бўлиб, у ҳайз учун финжонларни бепул тарқатиш ва ҳайз кўриш ҳақидаги хато тасаввурларга барҳам беришга қаратилган. У Ҳиндистон Тиббиёт Ассоциацияси (ҲТА) билан бирга Конгресс партиясидан маҳаллий депутат Ҳеби Эден томонидан ташкил этилган.

Ўтказиб юборинг Instagram пост
Instagram контентига рухсат бериш

Айни мақолада Instagram томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Instagram ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири Instagram пост

oq joy

Ҳиндистонда аёллар саломатлиги, айниқса, ҳайз кўриш билан боғлиқ муаммолар кам муҳокама қилинади. Кўпгина ҳудудларда аёллар ҳайз кўрганларида ювуқсиз ҳисобланиб, ижтимоий ва диний тадбирларга, ҳатто ошхонага киришга рухсат этилмайди.

Шаҳарларда бу муносабат бироз ўзгарган бўлса‑да, кўпчилик аёллар ҳали ҳам ўзларининг ҳайз кўрганликлари ёки у билан боғлиқ оғриқ ҳақида иш берувчилари ёки ҳатто эркак оила аъзоларига айтишга ийманади. Дунё бўйлаб ва Ҳиндистондаги баъзи компаниялар ҳайз даври таътилларини таклиф қила бошлаган бўлса‑да, бу кўпинча баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Аммо акция ташкилотчилари Ҳиндистоннинг энг илғор штатларидан бири ҳисобланган Кералада ўзгаришларни бошлашига умид қилмоқда.

#feelthepain тадбирини уюштирган адвокат Сандра Саннининг айтишича, симуляция мазмунли суҳбатларни рағбатлантириш ва бу муносабатни ўзгартиришнинг "энг осон йўли"дир.

"Агар сиз коллеж талабаларидан ҳайз кўриши ҳақида нима билишларини сўрасангиз, улар гапиришни хоҳламайдилар. Симулятордан фойдалангач, улар очиқроқ бўлади ", дейди у.

Симулятордан фойдалангач, улар очиқроқ бўлади

Сурат манбаси, Cup of Life

Симуляторда бир вақтнинг ўзида икки кишига уланиши мумкин бўлган иккита сим ва оғриқ даражасини бирдан 10 гача ошириши мумкин бўлган мурват мавжуд.

Жаноб Наирнинг эслашича, буни синаб кўрган қизлар "ҳеч нарсани ҳис қилишмаган", "йигитлар, жумладан, мен ҳам бақириб, шовқин солвордик".

Ташкилотчиларнинг айтишича, симулятор Эрнақулам туманидаги коллежларда очиқ муҳокамаларга сабаб бўлган.

Хусусий коллежда ускунани синаб кўрган бир жуфт эркак талаба оғриққа зўрға чидаганликларини айтишди. "Улар тезда «Ўчиринг!» дейишди", дейди Би-би-сига талабалар ташкилотчиларидан бири Зинат К.С.

Бу жуда кенг тарқалган реакция, дейди доктор Аҳил Мануэл, ҲТАнинг маҳаллий бўлими котиби ва Ҳаёт финжони акцияси координатори.

"Аёллар ҳатто тўққизинчи [даражада] қилт этмайдилар, эркаклар эса тўртинчи даражадан ўтишга қийналади, гарчи симулятор ҳақиқий оғриқнинг атиги 10 фоизини етказса ҳам", дейди у.

Санни хонимнинг айтишича, бу ускуна эркакларга йиллар давомида бунақа оғриқни бошдан кечириш одамни қанчалик заифлаштиришини тушунишга ёрдам беради: "Улар бу ускунани тўхтатиб туришлари мумкин. Лекин биз аёллар ундай қила олмаймиз".

Бу ҳинд эркакларининг ҳайз кўриш пайтидаги оғриқлар ҳақида биринчи марта қичқиришлари эмас. Ўтган йили иккита нотижорий ташкилот ундан Ҳиндистон шимолидаги тематик карнавалда фойдаланган. Ўшандан бери улар семинарларда одамларга, айниқса, эркакларга ҳайз кўриш ҳақида маълумот бериш учун ишлатилади.

"Симулятор шунчаки музни эритиб, одамларга бу мавзуда гаплашишга туртки беради", дейди доктор Мануэл.

Kochi metrosidagi kampaniya

Сурат манбаси, Cup of Life

Бу ғоя ягона эмас. Июль ойида Американинг Somedays компанияси эркакларни симулятордан аёлларни тушуна олиш учун фойдаланишга ундаган. Ўшандан бери ушбу воқеалардан олинган Tiktok видеолари миллионлаб марта кўрилди.

Жаноб Эденнинг айтишича, округ бўйлаб акция ўтказиш ғояси Кумбаланги номли қишлоқдаги аёлларга минглаб текин ҳайз финжонларни тарқатиш ташаббуси билан чиққанидан кейин пайдо бўлган. Жорий йил бошида Керала губернатори Кумбаланги қишлоғини Ҳиндистондаги санитария прокладкаларидан воз кечилган биринчи қишлоқ деб эълон қилди.

Тўрт ой олдин бошланган ва бир қатор тадбирларни ташкил этган "Ҳаёт финжони" акцияси чоршанба куни жаҳон рекордини ўрнатиш учун 100 000 та ҳайз финжонлари топширилиши билан якунланади.

Аммо жаноб Эденнинг айтишича, энг муҳим мақсад очиқ муҳокамани бошлаш ва ҳайз кўриш ҳақида соғлом, прогрессив муносабатни яратишдир.

Доктор Мануэлнинг айтишича, мамлакат бўйлаб кўплаб қонунчилар ва ташкилотлар акцияга қизиқиш билдирган ва уни ўз жамоаларида такрорлаш йўллари ҳақида сўраган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek