Украина уруши: Рус тилини ўқитишдан бош тортганим учун қийноққа солишди Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

- Author, Жанна Безпятчук ва София Беттиза
- Role, Харкив, Украина
Сентябрь ойида Украина кучлари етти ойдан ортиқ вақт давомида Россия назорати остида бўлган катта ҳудудлардаги аҳоли пунктларини озод қилдилар.
Ўша ҳудудлардаги мактаб ўқитувчилари Би-би-сига россияликлар ўқитувчиларни калтаклаш ва сургун қилишга, Украина ўқув дастурини бекор қилиб, унинг ўрнига Россия таълимини зўрлик билан жорий қилишга тизимли уринганликлари ҳақида гапириб бердилар.
Алоқадор мавзулар:
Аксар ишғоллар даврида ҳар қандай босқинчи куч учун асосий устувор вазифа ёшларнинг онгини шакллантириш ҳисобланади.
Харкивдан шарққа, яқинда озод қилинган Балаклея ва Волчанск шаҳарларига сафар қилган Би-би-си мухбири маҳаллий мактаб ўқитувчилари ва ходимлари билан суҳбатлашди. Уларнинг барчаси мажбурий ассимиляция қилишга уринишлар бўлгани ҳақида гапириб бердилар. Биринчидан, мактаб дарсликлари, Украина байроқлари, машҳур украин ёзувчилари ёки маданият арбоблари ҳақидаги деворий суратларни йўқ қилишган. Аммо кейин ўқитувчиларнинг ўзларига тазйиқ бошланган.
Итоатсизлик
Маҳаллий мактаб директори Лилия Сироус Украина дарсликлари орасида фахр билан турибди. 2200 дан ортиқ китоблар рўйхатини олгандан сўнг, унга ҳаммасини йўқ қилиш буюрилганди. У итоат этмади ва барини яширди.
Рус тарихи, адабиёти ва тили бўйича янги дастур жорий қилингач, Лилиянинг махфий кутубхонаси олти ой давомида дахлсиз қолди.

Аммо у ҳозир чиройли тахлаб, ленталар билан боғлаб қўйилган минглаб дарсликлардан иборат хазинасига қараб, йиғлай бошлайди.
"Қўшним: "Нега ўзингизни бунчалик ташвишга қўйияпсиз? Россия бу ерни абадий эгаллаб олди", деди."
Аммо Лилиянинг айтишича, у ҳеч қачон умидини йўқотмаган.
Ё руслар билан ҳамкорлик қиласан ёки қамаласан
"Ўқув йили бошида биз ўқувчиларимизга Украина Россия ҳудуди, яъни Малороссия эканлигини тушунтиришимиз кераклигини айтишди", дейди Балаклия бешинчи мактаб директори ўринбосари Инна Мандрико.
"Малороссия", яъни "Кичик Россия".
Инна ҳамкорлик қилишдан бош тортган ўқитувчилардан бири эди.
Аммо у ўз лавозимидан четлатилгандан сўнг, ҳар кеча ўз ертўласида шам ёруғида ишни давом эттирди.
Отишма давом этар экан, у онлайн дарс дастурини яратди. Интернетга уланиш имконига эга бўлгач, у ўз ишларини Украина ва Европа бўйлаб тарқалган ўқитувчиларга тарқатди.
Биргаликда Иннанинг иттифоқчилар тармоғи сўнгги олти ой ичида босиб олинган Украина бўйлаб 100 га яқин ўқувчиларга дарс беришга муваффақ бўлди.

Бироқ, шимолда, 100 км узоқликда Ивановка қишлоғидаги бошқа мактабда 40 йилдан ортиқ тажрибага эга профессионал ўқитувчи Лидия Тилна рус мактабини очишдан бош тортгани учун 19 кун ҳибсга олинганини айтади.
"Харкивдан қочишга уринганимда, мени ҳибсга олишди. Машина келди, ундан уч нафар ниқобли, пулемётли одам тушди. Томоғимга қурол тираб, кўз ўнгимда педагогик дипломимни йиртиб ташлашди", дейди Лидия.
60 ёшли ўқитувчи беш кун ёлғиз ўзини камерага қамаб қўйишларидан олдин бошига қоп қўйилганини тасвирлайди.
"Жоним оғрирди, - дейди Лидия. - Мен қаерда эканлигимни ҳеч ким билмайди деб ўйладим."
Унинг айтишича, уни калтаклашган, мажбурлаб тиз чўктиришган ва қатл қилинишига ишонтиришган.
"Улар мени Россия мадҳияси сўзларини ўрганишга мажбур қилишди, лекин мен рад этдим."
Россия расмийлари Би-би-сининг Лидиянинг даъволарига изоҳ бериш сўровига жавоб бермади.
Ота-оналарга босим

Сурат манбаси, Oleg Holovkov
Тазйиқ нафақат ўқитувчиларга, балки ота-оналарга ҳам бўлган.
"Ота-оналар фарзандларини мактабга қайтармасалар, болаларни етимхоналарга жўнатамиз, деб қўрқитишган", дейди Балаклея туманидаги 19-мактаб директори Светлана Швид.
Шимолдан 100 км узоқликда, Волчанск туманида ўқитувчилар Би-би-сига ўқувчилар бор пайтда синфларда навбатчилик қилган рус қўриқчилар ҳақида гапириб беришди.
Би-би-си Россия расмийларидан ота-оналарга нисбатан қилинган таҳдидларга изоҳ беришни сўради, бироқ бу сўров ҳам жавобсиз қолди.
Озод қилинди
Ўз шаҳарлари ва уйлари озод қилинганидан икки ҳафта ўтгач, болалар ниҳоят яна ташқарига чиқиб, дўстлари билан суҳбатлаша олишди.

Баскетбол майдончасида 14 ёшли Дария Балаклея шаҳридаги дўстлари билан ўйнамоқда. У онасидан руслар келганда уни мактабга юбормасликни илтимос қилади.
"Россия аскарлари уйимизни ўққа тутиб, ҳовлига граната улоқтирганидан кейин мен ертўламизда бир неча ой ўтирдим."
Ўзининг яна эркинликка чиққанидан шод 13 ёшли Милена буни тасдиқлайди.
"Энди бизнинг мақсадимиз омон қолишдир, - дейди у. - Мен бошқа ҳеч нарсани орзу қилмайман."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















