Украина: Россия назоратидаги Европанинг энг йирик атом станциясига текширувчилар етиб борди Yangiliklar Dunyo

Запорижя атом станцияси Россия қўшинлари назорати остида.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Запорижя атом станцияси Россия қўшинлари назорати остида.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг атом экспертлари Украинанинг Россия назорати остидаги Запорижя атом станциясини илк марта текширувдан ўтказдилар. Улар станцияда қолишни режалашмоқда.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) раҳбари Рафаэл Гроссининг айтишича, заводнинг "жисмоний яхлитлиги"га бир неча бор шикаст етказилган.

У ерга етиб келгунча йўлда снарядлар хавфи остида қолган текширувчилар гуруҳига заводда Россия аскарлари ҳамроҳлик қилганлар.

Россия ва Украина бир-бирини текширувчилар миссиясига тўсқинлик қилишда айблашади.

Украина жанубида жойлашган Запорижя Европанинг энг йирик атом станциясидир. У февралда Россия Украинага бостириб кирганида эгаллаб олинганди.

Станцияни фаолиятини таъминлашда давом этаётган украиналик ходимлар Россия аскарлари у ерни ҳарбий база сифатида қўллаётгани, ҳамда уларни милтиқ билан қўрқитиб ушлаб турганларини айтишган.

BBC

"Биз ҳеч қаерга кетмаймиз. ХАЭА шу ерда, заводда ва ҳеч қаерга силжимайди - шу ерда қолади", - деди Гросси Украина назоратидаги ҳудудга қайтиб ўтиши ортидан.

Аммо у неча эксперт ва қанча вақтга қолишини очиқламади.

Россиянинг Интерфакс агентлиги заводда 12 инспектор қолишини, Украинанинг Энергоатом компанияси эса беш инспектор бўлишини айтишди.

Текширувчилар гуруҳи станция аҳволини текшириш ва Россия назоратидаги украин ходимлари билан суҳбатлашишни режалашмоқда.

Жаноб Гросси завод яқинида олиб борилаётган жанглар текширув миссиясини "тўхтатмайди" деди.

"Баъзи ҳолларда очиқчасига оғир қуроллар ишлатилди, миномётлар, замбараклардан, икки-уч марта жуда хавотирга тушдик", - деди у.

ХАЭАнинг собиқ бош инспектори Олли Ҳейноненнинг Би-би-сига айтишича, украина ходимлар билан суҳбатлар бўлган тақдирда ҳам, улар ўзари ва оилаларига бўлган хавф туфайли "ўзлари истаганча очиқ гапира олмайдилар", деди.

Украина Президенти Володимир Зеленскийнинг айтишича, халқаро текширувчилар билан бирга халқаро журналистлар ҳам станцияга кириши келишилган, аммо Россия сўнгра бунга тўсқинлик қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek