Илм-фанда ҳали бунақаси бўлмаган: Ўлик чўчқа аъзолари қандай тирилди? Dunyo Ilm-fan Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жеймс Галлахер
- Role, Саломатлик ва илм-фан масалалари бўйича мухбир
Илм-фанда муҳим янгилик. Янги тадқиқот ҳаёт ва ўлим ўртасидаги дақиқаларда нима содир бўлиши ҳақидаги тахминларни шубҳа остига қўяди. Мутахассислар натижаларни "ҳақиқатан ҳам ажойиб" ва "ақл бовар қилмас даражада муҳим", дейишмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Америкалик тадқиқотчиларнинг айтишича, улар ҳайвонлар ўлганидан бир соат ўтиб, чўчқа тана аъзоларини қисман тиклай олган, бу эса тиббиётни ўзгартириши мумкин бўлган катта ютуқдир.
Ушбу усул трансплантация қилинадиган органлар сонини кўпайтириши ва одамларга қўлланганда, ҳаётни сақлаб қолиш учун шифокорларга кўпроқ вақт бериши мумкин.
Юрак тўхтаганда, организмда яшаш учун зарур бўлган кислород ва озуқа моддалари етишмайди. Органлар ҳажми катталашади, қон томирлари бузилади ва тана аъзоларининг қурилиш блоклари бўлган ҳужайралар ўлишни бошлайди.
Ҳужайра ўлими тез ва тикланмас шаклда бўлади деб ҳисобланган, аммо Йел университети тадқиқотчилари бир соат ичида ўлган ҳайвонларда бу зарарнинг бир қисмини бартараф этишди.
"Биз ўлиши аниқ бўлган кўплаб муҳим органларда ҳужайра функциясини тиклашимиз мумкин", деди профессор Ненад Сестан.
"Бу ҳужайралар аллақачон ўлиб бўлиши керак бўлган вақт ўтгандан кейин ҳам ишлайди."
Миядан танага
Тадқиқот гуруҳи 2019 йилда фақат чўчқа миясида худди шундай муваффақиятга эришди. Энди улар OrganEx деб номланган технологиясини бутун тана билан ишлашга мослаштирдилар.
Унда қуйидагилардан фойдаланилади:
- Унда кислородни бутун танага олиб ўтиш учун синтетик қон. У қуюқлашмайди, шунинг учун у чўчқанинг бузилаётган қон томирлари бўйлаб ҳаракатланиши мумкин.
- Ҳужайра ўлимига (апоптоз деб аталади) олиб келадиган кимёвий жараёнларни тўхтатиш ва иммунитет тизимини тинчлантириш учун 13 та бирикмадан иборат коктейл.
- Юрак уришига ўхшаб суюқликни бутун тана бўйлаб ритмик равишда ҳайдай оладиган қурилма.
"Nature" журналида чоп этилган тажрибаларда 100 га яқин чўчқа иштирок этди ва бу иш ахлоқий жиҳатдан маъқулланди.
Олимлар ҳайвонларни кучли наркоз билан ухлатишди ва кейин уларнинг юракларини тўхтатдилар. Улар бир соат ўлик ҳолда бўлгач, улар OrganEx тизимига уланди ва олти соат давомида тикланиш коктейли берилди. Наркоз таъсири бутун тажриба давомида сақланиб турди.
Олти соатдан сўнг олимлар чўчқаларнинг юрак, жигар ва буйрак каби аъзоларини олиб текширишди ва баъзи функциялар тиклангани, қисман тириклигини кўрсатишди.
Юракда электр фаоллиги тикланди, юрак мушакларининг баъзи ҳужайралари қисқариши мумкин эди. Бироқ, органлар ўлимдан олдинги даражада ишламаган.
Тадқиқотчи доктор Звонимир Врселя шундай дейди: "Вазиятлар биз ўйлагандек ўлик эмас - биз молекуляр даражада ҳужайрани таъмирлашимиз мумкинлигини кўрсатдик. Биз ҳужайраларни ўлмасликка ишонтира оламиз."
Бир пайт чўчқаларнинг боши ва бўйни ўз-ўзидан ҳаракатлана бошлади. Бу уларнинг баъзи мотор функциялари тиклаётнагани белгиси бўлиши мумкин, аммо бу қўшимча ўрганишни талаб қилади.
Нейробиолог доктор Давид Андриевичнинг айтишича, бу "жуда ҳайратланарли дақиқалар". Бироқ, унинг таъкидлашича, бу "чўчқанинг мияси ишлаётганини кўрсатмайди".
2019 йилги тажрибада бўлгани каби, мияда тикланиш белгилари топилди. Аммо онг ёки онгни кўрсатадиган мия тўлқинлари ёки электр фаоллиги йўқ эди.
Тиббиёт тараққиёти?
Технологияни одамларда қўллаш учун мослашдан олдин сезиларли даражада кўпроқ тадқиқотлар талаб этилади.
Бироқ, бошланғич мақсад трансплантация қилинадиган органларни узоқроқ сақлаш, муҳтож беморларга уларнинг етиб боришидир.
"Менимча, технология органларни донордан олиндан кейин уларни сақлаб қолиш қобилиятимиз учун катта имконият беради", деди доктор Стивен Лэтэм, Йел университетининг фанлараро биоэтика маркази директори.
Кейинроқ амалга ошиши мумкин бўлган режаларга ушбу технологияни ўлимдан кейин орган донорларни янада кўпайтириш ва ҳатто даволаш учун қўллашдир.
Тадқиқотни шарҳлар экан, Нью-Йорк университетининг интенсив тиббий ёрдам ва реанимация бўйича тадқиқотлар директори доктор Сэм Парния тадқиқот "ҳақиқатан ҳам ажойиб ва ниҳоятда муҳим" бўлиб, ўлим олди тажрибалар ҳақидаги маълумотларни тушунтиришга ёрдам бериши мумкинлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу технология шифокорларга организмида кислород етишмайдиган, масалан, чўкиб кетиш ёки юрак хуружидан вафот этганларни даволаш учун кўпроқ вақт бериш учун ҳам қўлланилиши мумкин.
Унинг қўшимча қилишича, бу "бундай одамларни ўлимдан кейин соатлар ўтса ҳам ҳаётга қайтариши" мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













