Украинада нима гап: Россия устма-уст зарба бермоқда. Паспортини олишни осонлаштирди ва Путин битта иши билан Европани қўрқитиб қўйдими? Ukrainа Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Россия Украина шарқида ўз ҳужумларини кучайтирди. Харьковга кетма-кет зарба берди. Европага газ етказувчи асосий қувурни ҳам тўсди. Буёғи нима бўлади, Европа аллақачон ташвишда. Путин ва Киевнинг янги режаси.
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Янги ҳужумлар
Россия Часов Ярни ўққа тутди. Харьковга ҳам зарба берди.
Буни Россия Мудофаа вазирлиги ҳам расман тасдиқлади.
Украина томонига кўра, Россиянинг ҳужумлари турар-жой биноларини ҳам вайрон қилган.
Бир ракетаси шанба куни Часов Ярдаги кўп қаватли уйга бориб теккан.
19 кишини ўлдирган. Ўнга яқин киши вайроналар остидан тирик қутқариб олинган.

Сурат манбаси, Reuters
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Харьковга ҳам "аниқ зарбалар" беришган.
"Вилоятдаги Украина миллий батальонлари ва хорижий ёлланма аскарларни жойлаштириш нуқталари" нишонга олинган.
Агар, украиналик расмийларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, Россиянинг душанба кунги ракета ҳужуми уч кишини ўлдирган. Камида 28 инсонни яралаган.
Россия ўтган тунда ҳам Харьковга ҳужум қилганига оид хабарлар бор.
Бир ракетаси олти қаватли бинога бориб урилгани, уни қисман вайрон қилгани айтилади.
Харьков прокуратураси уруш қонун-қоидаларини бузиш юзасидан ўз тергов ишларини ҳам бошлаган.
Украина президенти идораси раҳбарининг муовинига кўра, Россия жанубий Одессага ҳам тўртта ракета отган.
Кирилл Тимошенконинг маълум қилишича, ҳозир инсоний ва моддий талафотлар кўлами аниқланмоқда.
Ракеталарнинг бино ва инфратузилма объектига ҳам бориб теккани айтилади.
Уруш шароитида Би-би-си бу даъволарни мустақил манбалар орқали тасдиқлашга имконсизлигича қолаётир.
Путин ва Киевнинг янги режаси
Украина Мудофаа вазирининг маълум қилишича, мамлакатнинг Россия ишғоли остидаги жанубий ҳудудларини қайтариб олиш учун НАТО қуроллари билан жиҳозланган "бир миллионлик армия" ташкил қилиш режасидалар.
Олексей Резников Қора денгиз соҳиллари атрофидаги ҳудудларнинг қайтарилиши мамлакат иқтисодиёти учун ҳаётий аҳамиятга эга эканини айтган.
Бироқ таҳлилчилар наздларида, унинг бу сўзлари аниқ режадан кўра кўпроқ жанговар ҳайқириққа ўхшайди.
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Россия президенти янги буйруққа имзо чеккан.
Путин барча украиналикларнинг Россия паспортини олишларини осонлаштиришга қарор қилган.
Шу пайтгача бунга ўхшаш тартиб фақат Украинанинг расман тан олинмаган икки бўлгинчи шарқий «республика»си, Россия ишғоли остидаги Херсон ва Запорожье яшовчилари учун амал қилиб келаётганди.
Энди Европага нима бўлади?

Сурат манбаси, AFP
"Газпром" бугун, душанба куни Россия Европани газ билан таъминловчи асосий қувурни тўсди.
Қитъага газ етказиб беришни кескин қисқартирди.
Бунақаси шу пайтгача бўлмагани айтилмоқда.
Россия томони "Шимолий оқим"нинг тўсилишини 10 кунлик профилактика ишлари билан изоҳламоқда.
Европа эса, бунинг вақтинчалик иш эканига ишонмаяпти ва аллақачон жиддий ташвишда.
Воқеаларнинг энг ёмон ривожига ҳозирлик кўришга тушган.
"Шимолий оқим" Германияга узанган ва Балтика денгизи тубидан ўтади.
Хабарларга кўра, Германия аллақачон иссиқ сувни меъёрлаш ва чироқларни ўчиришга тушган.
Европа эса, Россиянинг бу ишига жавобан бир бўлиб фавқулодда режа ишлаб чиқмоқчи.
Улар қўшма режаси шу ҳафтанинг ўзида тайёр бўлиши айтилаётир.
Европанинг Энергия масалалари бўйича комиссари ҳали бундан аввал "аҳволнинг жуда жиддий" эканини айтган.
У, "Инқирознинг янада кучайиши, Россия газ таъминотини қисқартиришдан қайтмаслиги эҳтимоли"ни ҳам назардан соқит этмаган.
Европа Комиссияси раҳбари эса, ўтган ҳафта "газ таъминотидаги кейинги узилишлар ва ҳатто Россия томонидан тўлиқ тўхтатилишига тайёр туришлари керак"лигини айтганди.
Умумий фавқулодда режасиз Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат ўзининг 450 миллион фуқароси дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиётини жиддий инқироздан ҳимоя қила олмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















