Украина уруши: Савдо марказига Россия ҳужуми уруш жиноятими? Ukraina Rossiya yangilik

Кременчуг шаҳридаги савдо марказидаги ёнғин

Сурат манбаси, ГCЧС Украины

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Дунёнинг ривожланган етти иқтисодиёти раҳбарлари Украинанинг Кременчуг шаҳридаги савдо марказига ҳужумини қораладилар, ушбу ҳужум учун Россия Президенти Владимир Путин ва бошқа барча масъуллар жавобгарликка тортилишлари керак дедилар.

27 июнь куни Кременчуг шаҳридаги савдо-кўнгилочар маркази биносига ракета тушгани оқибатида камида 20 инсон ўлгани, 59 киши яралангани аниқланди, ўнлаб инсонлар бедарак кетган, қурбонлар сони янада ортиши мумкин, деган хавотирлар билдирилаяпти.

Портлаш пайти савдо марказида мингтача одам бўлган бўлиши мумкин.

Украина Президенти Володимир Зеленский Кременчугга ракета ҳужумини Европа тарихидаги энг ғазаблантирувчи террорчилик хуружи деб атади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россия Мудофаа вазирлиги Кременчуг шаҳрига "ўта аниқ қурол" билан ҳужум қилганини маълум қилди.

Кременчуг шаҳридаги савдо марказидаги ёнғинни ўчириш пайти

Сурат манбаси, Дмитрий Лунин

Россия ҳарбийларига кўра, Кременчуг йўл машиналари заводи омборида сақланаётган АҚШ ва Европа мамлакатларидан Украинага етказилган қурол-яроғларни нишонга олганлар.

"Омборда сақланаётган қурол-яроғ портлаши қўшни фаолият юритмаётган савдо марказида ёнғинни келтириб чиқарди", дейилади Россия Мудофаа вазирлиги тарқатган хабарда.

Бирор бир гуноҳи йўқ ноҳарбий одамларга қарши пала-партиш ҳужумлар уруш жинояти ҳисобланади, деди G7 раҳбарлари ракета ҳужуми муносабати билан эълон қилган қўшма баёнотида.

Биз бугун Россия тажовузига юзма-юз келган Украинани қўллаб-қувватловимиз букилмас эканини таъкидладик, Украинага қанча керак бўлса шунча молиявий, инсонпарварлик ва ҳарбий кўмакларимизни давом эттирамиз, Россия ўзининг Украинага қарши шафқатсиз ва бемазмун урушини тўхтатмагунча тинчимаймиз, дедилар Германиянинг Бавариясида тўпланган йирик еттилик раҳбарлари.

Раҳбарлар бугун Мадридга тўпланишади.

У ердаги НАТО саммитида ҳарбий иттифоқнинг тезкор бўлинмалари сонини саккиз баробар кўпайтиришга келишиб олишлари хабар қилинган

28-30 июнь кунлари Мадридда НАТО саммити режаланган.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг айтишича, бундан кейин ҳарбий иттифоқ Россияни асосий таҳдид деб кўради ва тезкор бўлинмаларидаги ҳарбийларнинг сонини 40 мингдан 300 мингтагача кўпайтиришга қарор қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek