Украина уруши: Владимир Путинни тарғиб қилиш учун ўғирланган чеҳралардан фойдаланилмоқда Rossiya, urush, yangiliklar

Сурат манбаси, ER Yamini
- Author, Жулиана Грагнави, Медҳави Арора ва Сирож Али
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
Ҳиндистонлик инфюэнсер Э. Р. Ямини ҳаётида ҳеч қачон твит ёзмаган - у Instagram ва YouTube'да мухлисларини кўпайтиришни афзал кўради.
Аммо март ойи бошида унинг суратидан фойдаланган ҳолда очилган Twitter аккаунтда шундай ёзув бор эди: "#IStandWithPutin. Ҳақиқий дўстлик". Унга бири Ҳиндистон, иккинчиси Россия вакили бўлган икки эркакнинг қучоқлашиб тургани тасвирланган видео илова қилинган эди.
Ямини Россия-Украина урушида ҳеч қайси давлатни қўллаб-қувватламаслигини ва мухлислари ҳақида кўпроқ ўйлашини айтади.
"Агар улар бу твитни кўрсалар, мен ҳақимда нима деб ўйлашади? - деб сўрайди у. - Бу профилда менинг суратимдан фойдаланмасалар эди."
Алоқадор мавзулар:
Сохта аккаунт Twitter'да 2 ва 3 март кунлари #IStandWithPutin ва #IStandWithRussia хештегларидан фойдаланган ва Россия президенти Владимир Путинни тарғиб қилувчи тармоқнинг бир қисмидир. Бу Ҳиндистон, Покистон, Жанубий Африка ва Нигерия каби урушни қўллаб-қувватлаётгандек кўринаётган турли мамлакатларда, айниқса, глобал жанубда тренд мавзуларга айланди.

Сурат манбаси, Twitter
Бу каби постларнинг бир қисми ҳақиқий одамлар томонидан яратилган бўлиб, баъзи мамлакатларда Путин ва Россияни чинакам қўллаб-қувватловчилар борлигини кўрсатади.
Аммо бошқа кўплаб профиллар ҳақиқий эмас. Улар кўп сонли постларни ретвит қилади, фақат бир нечта оригинал пост қўйиши мумкин ва яқинда очилган профиллардир.
"Улар ботлар, сохта профиллар ёки бузилган аккаунтлар томонидан яратилган бўлиши мумкин, улар бу мамлакатларда Путинни қўллаб-қувватлашни сунъий равишда кучайтиради", дейди онлайн бузғунчилик ва дезинформацияни ўрганувчи CASM Technology компанияси асосчиси Карл Миллер.
У 2 ва 3 март кунлари бир нечта тилларда Россияни тарғиб қилувчи 9907 та профилни кузатди. CASM ушбу ҳисобларнинг 1000 дан ортиғи спам хусусиятига эга эканлигини аниқлади.
Би-би-си ишончсиз кўринган юзлаб профилларни ўрганиб чиқди. Бизнинг тадқиқотимиз жаноб Миллернинг фикрини тасдиқлайди - улар ўзларини ҳақиқий қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқдалар, аслида эса сохта.

Сурат манбаси, Twitter
Тескари қидирув орқали биз ушбу профилларда фойдаланилган суратлар таниқли шахслар, инфлюэнсерлар ва оддий фойдаланувчилардан кўчирилганлигини аниқладик. Ҳақиқий эгалари эса суратларидан Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланишганини билмайди.
Биз аккаунтларни ким очганини ёки уларнинг Россия ҳукуматига алоқаси бор-йўқлигини аниқлай олмадик.
Масалан, Прити Шарма исмли аккаунт ўзи ҳақида асли ҳиндистонлик, ҳозир Маями шаҳрида "модел ва тадбиркор" эканлигини айтган. У 26 февралда, Россия босқинидан икки кун ўтиб очилган. "Путин яхши одам", дейилади унинг ретвитларидан бирида.
Аммо аккаунтнинг профиль расмида тасвирланган аёл дунёнинг нариги томонида яшайди. Никол Торн - Instagram'да 1,5 миллион обуначига эга бўлган инфлюэнсер ва фақат вақти-вақти билан ўзининг Twitter'даги асл профилидан фойдаланади.

Сурат манбаси, Twitter
Яна бир аккаунт ўзини ҳиндистонлик қўшиқчи Ражу Гужжар қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. У биринчи твитини 24 февралда, босқиннинг биринчи кунида жойлаштирган. Ва аккаунтнинг барча 178 пости ретвитлардир, бу автоматлаштиришнинг кучли кўрсаткичи.
Би би си Торн хоним ва Гужжар жаноблари билан боғланди ва иккаласи ҳам аккаунтлар уларники эмаслигини тасдиқлади.
Улар ботларга жуда ўхшаш бўлса да, биз текширган барча аккаунтлар ҳам сохта эмас эди.
2022 йил февраль ойида очилганган, твитлари 2 мартдан бошланадиган битта профилни олинг. Унинг издошлари йўқ. Унинг аватарини тескари қидиришда Би би си ёш бир ҳинднинг LinkedIn аккаунтига дуч келди.
Лекин буниси ҳақиқий ва аэронавтика муҳандиси Сентил Кумар томонидан очилган. Биз у нега фақат россияпараст постларни ретвит қилиш учун аккаунт очганини сўрадик.
"Одатда мен Twitter'ни очаман ва нима тренд бўлаётганини кўраман. Мен бу постларни кўриб, шунчаки ретвит қилдим", деди у. Унинг фикрича, Россия илгари Ҳиндистонни қўллаб-қувватлаган, энди эса ҳиндлар Россияни қўллаб-қувватлаши керак. У эски аккаунти паролини унутиб қўйгани учун бунисини очганини айтди.

Сурат манбаси, Twitter
Ғарб эмас
Бу аккаунтларда Ғарб давлатларига нисбатан турли танқидлар мавжуд бўлиб, улар БРИКС деб аталадиган давлатлар (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка) ўртасида бирдамликни мақтаб, Путинни бевосита қўллаб-қувватлайдилар.
"Биз ахборот кампаниялари Ғарбга қарши йўналтирилади деб тахмин қиламиз. Бироқ, аккаунтларнинг ҳеч бири Ғарбга йўналтирилмаган ёки Ғарбдан экани даъво қилинмаган", дейди жаноб Миллер.
Сохта аккаунтларни аниқлаш учун, дея қўшимча қилади у, тадқиқотчилар аккаунтлар яратилган саналар, твитларнинг ноодатий шакли (масалан, кунига 24 соат твит ёзадиган аккаунт) ва мавзулар диапазонини кўриб чиқадилар.
"Буларнинг ҳеч бири қатъий далил бўла олмайди, лекин уларнинг барчаси биргаликда маълум бир шубҳали аккаунтлар гуруҳини кўришга имкон беради", дейди жаноб Миллер.
Ҳақиқий профиль фотосурати йўқлиги ҳам аниқ белги бўлиши мумкин.
Би би си CASM томонидан кузатилган 100 та аккаунтдан 41 тасида профиль расми йўқлигини аниқлади. Яна 30 тасида Путин ёки Facebook бош директори Марк Цукерберг каби одамларнинг иллюстрацияси ёки расмлари бор эди. Фақат тўртдан бирида одамлар тасвирлари бор эди ва уларнинг баъзилари ўғирланган.
Twitter "бошқаларни чалғитиш, чалкаштириш ёки алдаш учун шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотлар" сифатида кўрсатишга уринишни тақиқлайди.
Компания бизга уруш бошланганидан бери платформа манипуляцияси ва спам сиёсатини бузгани учун 100 000 дан ортиқ аккаунтни ўчирганини, жумладан #IStandWithRussia ва #IStandWithPutin хештеглари билан боғлиқ ўнлаб аккаунтларни тақиқлаганини айтди.

Сурат манбаси, Twitter
Twitter CASM тадқиқотида аниқланган юзлаб аккаунтларни текширган ва уларни тўхтатиб қўйганини айтади.
Аммо Twitter Украинадаги уруш атрофидаги кайфиятни сунъий равишда кучайтириш учун кенг кўламли мувофиқлаштирув ҳақида ҳеч қандай далил топмаганини айтди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















