Украина уруши: Путин яна Ғарбга пўписа қилди. Унинг сўзларини қандай тушуниш керак? Видео Rossiya Putin Ukraina

Владимир Путин

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия Президенти Владимир Путин Украинадаги вазиятга аралашган Ғарб мамлакатлари учун оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантирди, Россия "яшин тезлигида" жавоб қайтаради, деб айтди.

"Агар ташқаридан кимдир юз бераётган воқеаларга аралашмоқчи бўлса, агар Россияга стратегик таҳдид пайдо қилса, шуни билиб қўйсинларки, бизнинг аксил ҳужум жавобимиз яшин тезлигида бўлади. Бизда ҳеч ким мақтанолмайдиган барча асбоблар бор. Биз мақтанмаймиз, агар зарур бўлса, биз уларни ишга соламиз", деб айтди Санкт-Петербург депутатлари олдида гапирган Президент Путин.

У яна бир марта Қрим ва Донбасга ҳужум режалари борлигини айтди, "Россия ҳарбийлари Россия устида пайдо бўлган ҳақиқий хавфнинг олдини олдилар", деди.

Путин сўзларига кўра, Россия тўғри ва ўз вақтида ҳаракат қилди, Украинадаги "махсус ҳарбий операция режа бўйича кетаяпти", деди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Путин яна нималар деди?

  • Жаҳондаги Россия Федерацияси рақибларига бундай катта Россия керак эмас;
  • Россия иқтисодиёти санкция зарбаси оқибатида сочилиб кетмади, бундай зарбага дош берди;
  • Хорижда Россиянинг тарафдорлари кўп;
  • Ватанпарварлик - Россия давлатчилигининг асосий пойдеворларидан бири ва Россия жамиятининг энг муҳим қадрияти;
  • "Ватанпарвар мавқеъни эгаллаган" журналистларни қўрқитиб қўйиш ҳаракати муваффақиятсизликка учраши муқаррар.

Путиннинг сўзларини қандай тушуниш керак?

Украина уруши бошланганидан буён Владимир Путин иккинчи марта ядро қуролини ишга солиш эҳтимолини тилга олди.

27 февраль куни у тийиб туриш кучларини "ўта махсус жанговар навбатчиликка ўтказиш" ҳақида буйруқ берди. 27 апрель куни эса Украина ҳодисаларига кимдир аралашса, "яшин тезлигида жавоб берилиши"ни айтди.

Ўз чиқишида Путин ядровий кучларни назарда тутаётганини айтгани йўқ. Фақат Россиянинг ихтиёрида қандайдир "асбоблар" борлиги ва уларни ишлатишга Россия тайёрлигини билдирди. Лекин Путин тилга олган "ответно-встречный удар" - "аксил ҳужум жавоб" ядровий тийиб туриш соҳасида қўлланиладиган термин ҳисобланади.

Мухбирлар Президент Путиннинг ҳам февралдаги ва ҳам апрелдаги баёнотларидан ядровий қуролларни қўллаш концепциясида бирор бир янги ўзгариш юз берганини англатадиган нарса йўқлигига эътиборни қаратадилар.

Россия 2020 июнида "Ядровий тийиб туриш соҳасида давлат сиёсатининг асослари" деб номланган ҳужжатни эълон қилди. У ерда, бошқа кўпгина тартиб-қоидалар билан бирга, шу жумладан, ядровий қуролни қандай ҳолларда қўллаш шартлари ҳақида ҳам сўз боради.

Шартлардан бири - Россияга ҳужум қилаётган баллистик ракетага старт берилгани ҳақида ишончли хабар олишдир. Бошқача айтганда, ядровий зарба бериш ҳақидаги қарорни Москва Россияга қараб отилган қитъалараро ядро ракетаси ҳақидаги хабарни аниқ олганидан кейин қабул қилиши талаб этилади, бунда ракеталарнинг ўзи нишонига етиб бормаган бўлса-да.

Бундай зарба "ответно-встречный" - "аксилжавоб" зарба ҳисобланади.

Шунингдек, "жавобий зарба" деган ҳам тушунча мавжуд. Бундай зарба душманнинг ракетаси ўз нишонига бориб урилганидан кейин берилиши кўзда тутилган. Россия стратегик ҳужжатида бундай зарба тилга олинган ва уни қўллаш шарти шундай ифодаланган: "рақиб ядро қуролини ёки оммавий қирғин қуролларининг бошқа турларини Россия Федерацияси ва(ёки) унинг иттифоқчиларининг ҳудудларига қарши қўллаган ҳолатларда".

Назарий жиҳатдан яна "огоҳлантирувчи" зарба деб аталадиган зарба ҳам мавжуд. Бундай ҳужум рақиб ўз ракетасига ҳали старт бериб улгурмаган вақтда берилиши айтилган, бироқ Россиянинг "Давлат сиёсати асослари"да бу ҳақда гапирилмаган.

Путин 27 апрель куни тилга олган "стратегик характердаги қабул қилиб бўлмас таҳдидлар ҳам Россия концепциясида кўзда тутилган, аммо унинг ифодаси бошқача. Концепцияда шундай ёзилган: "агар Россияга қарши қилинган тажовузда оддий қуроллар ишга солиниб, давлатнинг мавжудлиги учун таҳдид юзага келган вақтда" ядровий кучлар қўлланиши мумкин.

"Стратегик характердаги қабул қилиб бўлмас таҳдид" бутун Россияни йўқ қилишга қараганда кичикроқ ҳам бўлиши мумкинми?

Президент Путиннинг сўзларидан буни англаш қийин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek