Украина: Уруш ичидаги жосуслик уруши - Россия ва Ғарб қарама-қаршилиги нима билан тугайди? Yangiliklar, Urush

Man leaves Russian Foreign Ministry headquarters in Moscow

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Гордон Карера
    • Role, Би-би-сининг хавфсизлик бўйича мухбири

Россия ва Ғарб ўртасидаги узоқ йиллик жосуслик можароси Украинадаги уруш туфайли авж олмоқда. Аммо Россия махфий хизматлари нимада гумон қилинмоқда ва уларнинг Ғарб пойтахтларидан ҳайдаб чиқарилиши Путиннинг хориждаги махфий операцияларига қандай таъсир қилади?

Россия 2014 йилда илк бор Украинага тажовуз қилганда, у ўз разведка хизматларини Ғарбга, АҚШ сайловларига киберҳужумлар орқали аралашишдан тортиб, Европадаги заҳарлаш ва саботажларга йўналтирган эди.

Аммо сўнгги ойларда Ғарб давлатлари жавоб зарбаларини беришга ва Россия разведкасининг махфий операцияларни ўтказиш қобилиятига давомли зарар етказишга интилаётгани сабабли жосуслар уруши кучайди. Бунинг яққол мисоли 500 нафар россиялик расмийнинг Ғарб пойтахтларидан ҳайдалиши бўлди.

Расман бу ҳайдалганлар дипломатлар деб аталади, аммо уларнинг аксарияти махфий разведка агентлари эканлигига ишонилади. Улардан баъзилари анъанавий жосуслик билан шуғулланади - алоқалар ўрнатиш ва сирларни етказиши мумкин бўлган агентларни ёллаш - Ғарб давлатлари ҳам Россия ичида шундай қиладилар.

Алоқадор мавзулар:

Аммо уларнинг баъзилари руслар "фаол чоралар" деб атаган ишларни амалга ошираётганига ишонилади. Булар пропаганда ишларидан тортиб, тажовузкор яширин фаолиятгача бўлади. Польша ҳайдаб юборган 45 нафар россиялик мамлакатдаги "барқарорликни бузиш"га қаратилган ҳаракатларда иштирок этганини айтди.

2014 йилдан бери Ғарб разведка идоралари бундай фаолиятга алоқадор россиялик жосусларни аниқлаш устида ишламоқда. Улардан бири Россия ҳарбий разведкаси ГРУ 29155 бўлинмаси бўлиб, унга саботаж, қўпорувчилик ва суиқасд вазифалари юклатилади.

2014 йил октябрида Чехия ўрмонидаги ўқ-дори омборини вайрон қилган йирик портлаш ортида бўлинма турганини аниқлашга қарийб етти йил керак бўлди. Улар орасида 2018 йилда Буюк Британиянинг Солсберидаги заҳарлашга алоқадор бўлганлар ҳам бор эди.

Худди шу гуруҳ Чехия омборида қурол сақлаган Болгария қурол тожирини заҳарламоқчи бўлган - бир версияга кўра, портлаш ва заҳарлаш иши унинг уруш эндигина бошланган Украинага қурол-яроғ юбориши эҳтимоли билан боғлиқ.

Бу бўлинма аъзолари 2014 йилда россияпараст етакчиларни Украинадан олиб чиқишда ҳам қатнашган. У ҳамон Ғарб разведкаси томонидан диққат билан кузатилмоқда.

Солсберидаги заҳарлашга алоқадор Александр Петров ва Руслан Баширов

Сурат манбаси, Metropolitan Police

Сурат тагсўзи, Солсберидаги заҳарлашга алоқадор Александр Петров ва Руслан Баширов

Аммо алоҳида айғоқчиларни кузатиш қимматга тушадиган иш. Россиядаги Ғарб жосуслари узоқ вақтдан бери кеча-кундуз кузатув остида бўлган бўлса ҳам, уларнинг Ғарб пойтахтларидаги россиялик ҳамкасблари кузатилмайди.

"Улар қанча кўп бўлса, улар айнан нима билан шуғулланаётганини яшириш шунчалик қийин бўлади", деди АҚШ расмийларидан бири Би-би-сига.

Аммо энди бу ўзгариши мумкин. Ғарб расмийларининг айтишича, сўнгги депортациялар шунчаки рамзий норозилик ишораси эмас, балки Россиянинг зарар етказиш қобилиятини камайтиришга қаратилган кенгроқ уринишнинг бир қисмидир. Баъзи айғоқчи овловчилар ҳам оммавий қувғин муддати анча кечикканини айтишади. Руслар уларнинг мавжудлигига тоқат қилганимиз учун бизнинг устимиздан кулиб келишди, дейди расмийлардан бири.

"Биз Россиянинг ҳужум қобилиятини ва қўшнилари ва Ғарбга таҳдид солиш қобилиятини камайтириш учун унга зарар етказишга ҳаракат қилмоқдамиз, - деди расмийлардан бири. - Қатор Европа давлатлари Россиянинг Европадаги разведка салоҳиятини камайтириш чораларини кўрди. Бу қадамларнинг барчаси унинг таҳдидларини камайтиришга қаратилган".

Жосуслар сони баъзи мамлакатларда айниқса катта деб ишонилади. Берлин 40 русни қувиб чиқарди. Бироқ Ғарб разведкаси расмийсининг айтишича, улар Германия илгари ўз операциялари учун "самолёт ташувчи" бўлган 100 га яқин россиялик жосусни қабул қилганига ишонишади.

Нега Буюк Британия ҳеч кимни чиқариб юбормади? Расмийларнинг таъкидлашича, уларнинг барчаси Солсберидан кейин ҳайдалган ва фақат расмий алоқалар учун воситачи бўлиши "таъкидланган" айғоқчилар қолган. МI5 уларни, эҳтимол, ҳар қандай яширин фаолиятини кузатиши мумкин.

АҚШда чиқариб юбориш ҳар бир шахс устидан ўтказилган терговга асосланади. "Кимни чиқариб юбориш ҳақидаги барча қарорлар ФҚБ томонидан улар нима қилаётганига қараб тўпланган разведка маълумотларига асосланиб чиқарилади", деб тушунтиради АҚШ расмийси. Ғарб давлатлари чиқариб юборилган ҳар бир киши бошқа давлатга виза олиш учун ариза топшира олмаслигини таъминлаш учун ҳамкорлик қилмоқда.

Россия дипломатлари

Сурат манбаси, Reuters

Хавфсизлик расмийларининг айтишича, қисқа вақт ичида ҳайдашлар ҳажми Россия разведкасига «заифлаштирувчи» таъсир кўрсатади, чунки улар операциялар қандай давом этаётгани ва кимлар қаерга жойлаштирилиши ҳақида қарор қабул қилишда қийналмоқда.

Бунга жавобан Россия Ғарб дипломатларини чиқариб юборди. Амалда уларнинг кўпи жосус эмас, балки «ҳақиқий» дипломат бўлиши мумкин. Ғарб хавфсизлик хизматларининг шикоятларидан бири шуки, узоқ вақтдан бери Ғарб мамлакатларидаги рус дипломатлари орасида Москвада ишлаётган Ғарб дипломатлари орасидагига нисбатан жосуслар сони катта бўлиб келган. Россия 40 нафар немисни чиқариб юборди, бироқ бу унинг пойтахтидаги барча дипломатларнинг учдан бир қисмига тенг.

Украинага бостириб кириш бошқа имкониятларни очиши мумкин. 1968 йилда Москванинг "Прага баҳори"ни бостириши каби ўтмиш воқеалар Москвадаги махфий давлатнинг баъзи аъзолари ҳафсаласини пир қилди ва уларнинг Ғарб агенти сифатида ёлланишига замин яратди.

«Washington Post» хабарига кўра, Вашингтонда Федерал қидирув бюроси онлайн рекламаларни Россия элчихонасига яқин одамларга қаратган. Улар Владимир Путиннинг Россия ташқи разведка хизмати - СВР раҳбарини омма олдида шарманда қилгани тасвирланган кадрлардан фойдаланиб, уларни ФҚБ билан гаплашишга ундаган.

2014 йилдан бери Украина яна шафқатсиз яширин курашнинг эпицентрига айланди, ҳар бир томон айғоқчиларни ёллаш ва уларни йўқ қилишга ҳамда Украинанинг юқори мартабали амалдорларига суиқасд уюштиришга уринмоқда.

Ғарб разведка идоралари ва махсус кучлари ҳам украиналик ҳамкасбларини очиқ ҳарбий ёрдам билан параллел равишда йиллар давомида ўргатиб келмоқда. Улар рус жосусларини қўлга олишда ёрдам беришди ва махфий операцияларни қандай ўтказишни ўқитишни таклиф қилишди, шу жумладан, Марказий разведка бошқармасининг қуруқлик бўлими шу таклифни берган.

Жосуслик жанглари ҳали яна забтига чиқиши мумкин, айниқса яширин операциялар. Масалан, Москва Украинага ҳарбий ёрдам етказувчи таъминот линияларини нишонга олиши мумкин. Польшадаги карвонлар ёки объектларга ракета ҳужуми жуда хавфли бўлади, чунки бу НАТОнинг 5-моддасида кўрсатилган ўзини-ўзи мудофаа тамойилини ишга солиб, кенг қамровли можарога олиб келиши мумкин.

Бироқ Ғарб разведка ходимларининг айтишича, улар Польшанинг Украинага ҳарбий таъминотда тутган ролини ҳисобга олсак, 2014 йилда Чехия Республикасида кузатилгандек қўпорувчилик операцияси бу ерда ҳам бошланиши мумкинлигидан хавотирда.

Бундай махфий операцияларни дипломатлар эмас, балки мамлакатга кириб-чиқаётган россияликлар амалга оширади. Аммо элчихоналар уларнинг фаолияти учун зарур инфратузилмани таъминлайди, дея тушунтиради Ғарб разведкаси амалдорларидан бири.

Ва умид шундаки, кенг кўламли сургунлар уларнинг ишини мураккаблаштиради, аммо анъанавий жосуслар сони камайиб қолгани билангина боғлиқ эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek